“Ноткоин” учун қамаш шартми?

Крипто-активлар соҳаси инсоният учун нисбатан янги соҳа бўлиб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам ушбу йўналишда яхлит шаклланган амалиёт ҳанузгача йўлга қўйилмаган.
Бундай ҳолатда Ўзбекистонда ушбу соҳа дастлабки босқичда “қаттиқ” тартибга солинган бўлса-да, давлат осонгина “тўлиқ тақиқ” жорий этмасдан, мазкур фаолиятни амалга оширишни регламентлаштирилганлиги қувонарлидир.
Талабга кўра, крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлиги фаолиятини фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар амалга ошириши мумкин, шунингдек, ушбу фаолият амалга оширилиши учун лицензияларни олиш талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатига киритилган.
Нега ушбу соҳа лицензияланиши керак деган саволга ҳам амалдаги қонунчиликда жавоб мавжуд. Гап шундаки, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга кўра, агар фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.
Крипто-активлар айланмаси соҳаси потенциал зиён етказиши мумкин деган тўхтамнинг ҳам асоси мавжуд.
Биринчидан, соҳа янгилиги туфайли “пул тикувчи” одамлар фирибгарликка учрашлари мумкин.
Иккинчидан, айрим ҳолатларда баъзи крипто-активлар ҳеч қайси давлатда тартибга солинмаган ҳолда айланиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, уларни ноқонуний даромадларни легаллаштириш ёки терроризм ва бошқа тақиқланган фаолиятни молиялаштиришнинг осон воситасига айлантиради.
Бундан ташқари, мамлакат юрисдикциясига бўйсунмаган ҳолда фаолият юритувчи крипто-биржалар ва бошқа субъектлар фуқароларга етказилган зарар учун жавоб бермайдилар, мамлакатга солиқ тўламайдилар.
Шундай қилиб, крипто соҳани қаттиқ тартибга солишнинг асосий мақсадлари – фирибгарликларни олдини олиш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлашдир.
Жамият ривожланиши, мамлакатлар ўртасида ушбу йўналишда ҳамкорлик ўрнатилиши, жаҳонда ягона амалиёт тўлиқ йўлга қўйилиши натижасида Ўзбекистонда ҳам ушбу муносабатларни тартибга солувчи нормалар албатта қайта кўриб чиқилиб, талаблар соддалаштирилади.
Мазкур йўналишни такомиллаштириш вазифасини соҳа мутахассислари зиммасига юклаган ҳолда ҳозирда соҳадаги талабларни бузганлик учун жавобгарлик масаласига тўхталсак.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1554-моддасига кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан
30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Яъни бугунги кунда крипто-активлар билан белгиланган талабларни бузган ҳолда шуғулланган шахсларни қамаш – қонунийдир.
Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқбузарлик учун муқобил жазо чораларининг мавжуд эмаслиги баён этилган инсонпарварлик принципига бироз зид бўлиши мумкин.
Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 35-сон қарорига мувофиқ, қамоққа олиш тариқасидаги маъмурий жазо қўлланилишига алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш, майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоққа олиш жазоси белгиланган бўлиб, жарима чораси фақатгина маъмурий қамоқ чораси қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланади.
Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, 3 ёшгача боласи бўлган аёлларга, 14 тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, 18 ёшга тўлмаган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин эмас.
Яъни ушбу ҳолатда ижтимоий заиф қатламларга кирувчи шахслар учун жарима белгиланган ва жарима миқдори 6,4 млн сўмдан бошланади.
Бошқаларга эса ушбу қилмиш учун фақатгина қамоқ жазоси қўлланади.
Жазо тайинлашнинг бу каби тартиби, яъни фақатгина маъмурий қамоқ тайинлаш чораси бу ҳолатдан ташқари 2 та ҳуқуқбузарлик учун белгиланган холос:
– моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш;
– валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш.
Лекин Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 60 га яқин қилмиш учун маъмурий қамоқ жазоси белгиланган бўлиб, юқоридагилардан бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича қамоқ жазоси жарима жазосидан сўнг муқобил жазо сифатида келтирилган.
Тўғри, айримлар жарима тўлашдан кўра 15 сутка “ўтириб чиқиш”ни енгилроқ жазо сифатида қабул қилишлари мумкин. Бироқ бундай ҳолатларда қонуний қарор қабул қилувчи судьяга фақатгина қамоқ жазоси билан чекланмасдан, бир нечта турдаги жазолардан тегишлисини тайинлаш имкониятини яратиб бериши лозим.
Парламент тадқиқотлари институти
бўлим бошлиғи
Собир НУРБЕРДИЕВ




















