Атир ифоридаги иқтисод: Ўзбекистон парфюмерия саноати қай йўлдан бормоқда?

Сўнгги йилларда парфюмерия ва косметика саноати нафақат гўзаллик индустриясининг, балки иқтисодиётнинг юқори қўшимча қиймат яратувчи стратегик йўналишларидан бирига айланмоқда. Ушбу соҳа кимё, қишлоқ хўжалиги, дизайн, маркетинг ва экспорт сиёсати билан узвий боғлиқ бўлиб, жаҳонда жиддий рақобат майдони сифатида шаклланмоқда.
Статиста платформасининг прогнозларига кўра, 2026 йилда жаҳон парфюмерия бозори 64,47 млрд АҚШ доллари миқдорида даромад келтириши тахмин қилинмоқда. Ўсиш суръати йилига 3,18 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Айрим мамлакатлар ушбу бозор имкониятларидан фойдаланиб, парфюмерия ва косметика саноатини миллий иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантиришга муваффақ бўлди.
Франция парфюмерия соҳасида асрлар давомида етакчи ҳисобланади. Бу ердадавлат ва хусусий сектор ўртасида доимий мулоқот механизми йўлга қўйилган. Шу билан бирга, “кластер” тизими асосида ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим интеграциялашган.
Айниқса, Грасс шаҳри атир саноатининг глобал марказига айланган. Француз тажрибаси бренд, тарих ва маданий капитални иқтисодий қийматга айлантириш мумкинлигини кўрсатади.
Сўнгги йилларда Франция, Испания, Италия, АҚШ, Германия, Буюк Британия, БАА, Сингапур, Нидерландия каби давлатлар парфюмерия экспорти бўйича етакчилик қилмоқда.
Жанубий Корея косметика саноатини миллий бренд сифатида шакллантирди. Чунончи, давлат томониданмахсус қонун қабул қилинган, тадқиқот институтлари ташкил этилган, экспорт маркетинги давлат даражасида қўллаб-қувватланган ҳамда “K-beauty” бренди глобал стратегияга айлантирилган.
Натижада 2024 йилда мамлакат косметика экспорти 10 млрд АҚШ долларидан ошган. Муҳим жиҳати — илмий-тадқиқот, дизайн ва маркетинг ягона экотизим сифатида ишлайди. Кореянинг парфюмерия маҳсулотлари ҳам кўпинча терини парваришлаш билан боғлиқ.
Ифор композицияси ортидаги илм: парфюмерияда тадқиқотнинг аҳамияти
Парфюмерия саноати фақат хушбўй ҳидлар яратиш билан чекланмайди. У кимё, биотехнология ва инновацияларга таянган мураккаб соҳалардан бири ҳисобланади. Янги ароматик композициялар, барқарор формулалар ва хавфсиз ингредиентлар айнан илмий тадқиқотлар орқали яратилади.
Шу боис, ривожланган давлатларда парфюмерия саноати махсус тадқиқот институтлари ва лабораториялар билан яқин ҳамкорликда ривожланади. Бу марказларда янги ароматик моддалар синалади, ингредиентлар хавфсизлиги текширилади ва замонавий парфюмерия технологиялари ишлаб чиқилади.
Масалан, Испаниядаги STANPA, Жанубий Кореядаги Korea cosmetic industry institute, Япониядаги Shiseido, АҚШдаги The research institue for fragrance materials, Бразилиядаги SENAI, Ҳиндистондаги Fragrance & Flavour Development Centre — шулар жумласидандир.
Айнан шу илмий асос парфюмерия брендларига янги маҳсулотлар яратиш, сифатни таъминлаш ва халқаро бозорда рақобатбардош бўлиш имконини беради. Шу маънода, тадқиқот ва инновация парфюмерия саноатининг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Брендлар ортидаги куч: нега соҳавий ассоциациялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга?
Парфюмерия ва косметика саноати — юқори рақобат ва инновацияларга таянган тармоқ. Бу соҳада муваффақият фақат ишлаб чиқариш ҳажми билан эмас, балки кучли институционал муҳит ва тармоқ иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорлик билан ҳам белгиланади. Ана шу нуқтада соҳавий ассоциациялар стратегик аҳамият касб этади.
Ассоциациялар тармоқни бирлаштирувчи ва унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи муҳим платформа ҳисобланади. Уларягона стандарт ва сифат талабларини шакллантиради ва давлат органлари билан мулоқотни тизимлаштиради. Қолаверса, экспортни рағбатлантириш, маркетингни қўллаб-қувватлаш, халқаро бозорларга чиқиш ва инновацияларни жорий этишга кўмаклашади.
Дунёда парфюмерия ва косметика саноати ривожланган давлатларда кучли соҳавий ассоциациялар фаолият юритади.
Жумладан:
Франция — La FEBEA;
Испания — Fragrances and Food Aromas Association;
Германия — German Association of Fragrance Manufacturers;
Жанубий Корея — Korea Cosmetic Association;
Япония — Japan Cosmetic Industry Association;
Европа Иттифоқи — Cosmetics Europe;
Болгария — Essential Oils, Perfumery and Cosmetics Association;
Туркия — Food Flavors and Fragrance Oils Manufacturers Association;
Ҳиндистон — Fragrance & Flavour Association of India;
Россия — Российская парфюмерно-косметическая ассоциация; Национальный совет по парфюмерии, косметике и бытовой химии;
Жанубий Африка — Flavour & Fragrance Industry Association.
Мамлакатимизда бугунги манзара қандай?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда парфюмерия ва косметика саноатини ривожлантириш йўналишида муайян қадамлар ташланмоқда.
Жумладан:
2019–2025 йилларда соҳада 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 11,8 млн доллар инвестиция жалб этилди;
ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 142,7 млрд сўмлик 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилди;
Франциянинг Yves Rocher компанияси билан лицензия асосида косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди;
“Tashkent Pharma Park” халқаро косметика кластерлари тармоғига қўшилди.
Бу каби ташаббуслар соҳада янги имкониятлар шаклланаётганлигини кўрсатади. Шу билан бирга, жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда миллий парфюмерия саноатини янада ривожлантириш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Масалан, 2024 йилда мамлакатимиз парфюмерия маҳсулотлари экспорти бўйича жаҳон рейтингида 113-ўринни эгаллаган. Бу рақам тармоқда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини ва миллий брендларни шакллантириш ҳамда экспортни кенгайтириш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар зарурлигини кўрсатади.
Шу боис, парфюмерия саноатини ривожлантиришда соҳада институционал ҳамкорликни кучайтириш, соҳавий нодавлат уюшмалар ташкил этиш, илмий-тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ароматик ўсимликлар етиштириш орқали маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш ҳамда миллий брендларни халқаро бозорларга илгари суришга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ифор далалардан бошланади
Атир саноатида қишлоқ хўжалигининг ўрни беқиёсдир. Атир маҳсулотларининг асосий хомашёси ҳисобланган эфир мойлари кўп ҳолларда айнан ўсимликлардан олинади. Шу боис, бундай экинларни етиштириш парфюмерия саноатининг хомашё базасини шакллантириш билан бирга қишлоқ хўжалигида юқори қўшимча қиймат яратиш имконини ҳам беради.
Жаҳон бозорида эфир мойларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, глобал эфир мойлари бозори 2025 йилда тахминан 28 млрд долларга баҳоланган бўлиб, келгуси ўн йилликда 60 млрд долларгача ўсиши кутилмоқда. Бу эса ароматик ўсимликлар етиштириш парфюмерия ва косметика саноати учун стратегик хомашё манбаи эканлигини кўрсатади.
Шу нуқтайи назардан, лаванда, раушан, жасмин, райҳон, шалфей каби эфир мойи берувчи ўсимликларни етиштириш катта иқтисодий аҳамиятга эга. Бундай экинлар нисбатан кичик майдонда юқори қийматли маҳсулот олиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятли бўлиб, парфюмерия саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими
Жавоҳир Сафаев





















