Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни гаровга қўйиш имконияти бекор қилинмоқда

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенеши “Қирғиз Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳаси билан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни гаровга қўйиш имкониятини бекор қилиш назарда тутилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, лицензиат ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини “Гаров тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, гаров шартномаси асосида учинчи шахсга гаровга қўйишга ҳақли.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида қайд этилишича, лицензияларни гаровга қўйишни расмийлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тартиби мавжуд эмаслиги натижасида лицензиялар уларни олиш учун ўтказилган танлов тартиб-таомилларида иштирок этмаган ва давлат олдида бевосита жавобгар бўлмаган учинчи шахслар ихтиёрига ўтиб қолиши мумкин. Бу эса стратегик ресурсларни бошқариш устидан назоратни йўқотиш хавфини оширади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилмоқда:
- техноген ҳосилаларнинг ҳуқуқий мақоми ва уларнинг реестрини белгилаш;
- қум-шағал аралашмаси ва қумоқ тупроқларни қазиб олишнинг лицензиялаш тартибига ўтиш;
- ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун электрон аукционларни жорий этиш;
- конларни лойиҳалаштириш ва ўзлаштириш муддатларини мослашувчан тарзда белгилаш.
Қонун лойиҳаси муаллифларининг таъкидлашича, ҳужжат ер қаъридан фойдаланишни лицензиялаш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқий аниқликни мустаҳкамлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини парламентда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш режалаштирилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистон Республикасининг “Ер қаъри тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун рухсатномага эга бўлган шахс, агар гаровга олувчи рухсатномада назарда тутилган шартларни бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олса, мазкур рухсатномада назарда тутилган ўз ҳуқуқларини гаровга беришга ҳақли.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 111-моддасида ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг асосий турларига доир рухсатномада назарда тутилган ҳуқуқлардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тартиби белгиланган.
Шу билан бирга, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ва фойдали қазилмаларни ковлаб олишга доир рухсатномаларни гаровга қўйиш амалиётини ўрганиш, мавжуд ҳуқуқий ва амалий муаммолар аниқланган тақдирда эса бундай имкониятни чеклаш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.




















