ИШОНЧ ДИПЛОМАТИЯСИ Ўзбекистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашда ташаббускор давлатдан кун тартибини шакллантирувчи ишт
«Халқ сўзи» газетаси · 2026 йил 22 октябрь · 4-саҳифа, «Кўзгу»
АКС САДО
ИШОНЧ ДИПЛОМАТИЯСИ
Ўзбекистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашда ташаббускор давлатдан кун тартибини шакллантирувчи иштирокчига айланмоқда
|
15 октябрь куни Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) давлат ва ҳукумат раҳбарларининг еттинчи саммити бўлиб ўтди. Халқаро муносабатларда мулоқот тақчиллиги ва ноаниқлик кучайиб бораётган бир пайтда қитъа ҳудуди ва аҳолисининг қарийб 90 фоизини қамраб олган ушбу майдоннинг аҳамияти тобора ортмоқда. Саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Кенгашнинг инсоний ўлчови бўйича координатор мақомига таянган ҳолда Осиёда “ишонч инфратузилмаси”ни шакллантириш ғоясини илгари сурди. Хўш, Ўзбекистон бу тузилмада қандай ўрин эгаллади, илгари сурилган ғоялар қай даражада ҳаётга татбиқ этиляпти ва ҳамкорлик мамлакатимизга нима бермоқда? |
|
Муносабатларнинг барқарор тизими
Саммит кун тартибидан Осиёда ишонч, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Кенгашнинг институционал ривожланиши, транспорт боғлиқлиги, рақамлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсиш масалалари ўрин олди. Саммитда Лаос Кенгашга аъзо этиб қабул қилинди, Озарбайжоннинг раислиги эса 2028 йилгача давом эттирилиши маъқулланди.
Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида Озарбайжоннинг Кенгашдаги самарали раислигини юқори баҳолаб, бу даврда ОҲИЧК доирасидаги мулоқот янада мазмунли тус олиб, амалий натижаларга бой бўлганини таъкидлади. Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли можаролар, Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазодаги гуманитар аҳволдан хавотир билдирган Президентимиз низоларни халқаро ҳуқуқ асосида, сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш зарурлигини алоҳида қайд этди. “Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади”, деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз фикрича, Кенгашнинг бош вазифаси Осиёда зиммага олинган мажбуриятларни бажаришга асосланган муносабатларнинг барқарор тизимини, яъни яхлит “ишонч инфратузилмаси”ни яратишдир. Шу мақсадда ўзаро боғлиқ қатор ташаббуслар илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Кенгашнинг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштиришни, бош котиб лавозимига Озарбайжон вакили номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди. Нутқ якунида Ўзбекистон келгуси йили Қўшилмаслик ҳаракатининг йигирманчи саммитига мезбонлик қилиши ва 2030 йилга қадар ушбу ташкилотга раислик мақомида бўлиши айтилди.
Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепцияси Кенгаш фаолиятининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар қамраб олинган ҳужжатни ишлаб чиқишни кўзда тутади. Концепциянинг асосий йўналишлари сифатида қўшма транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, савдо алоқалари ва рақамли боғлиқликни ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш белгиланган.
ОҲИЧК 34 йил давомида ишонч чораларини, асосан, ихтиёрий ва декларатив шаклда амалга ошириб келди. Кенгаш ҳужжатлари юридик мажбурий эмас, уларнинг ижроси эса аъзоларнинг фаоллигига боғлиқ. Концепция “ишонч” тушунчасини сиёсий шиордан зиммага олинган мажбуриятлар ижросига таянадиган барқарор муносабатлар тизимига айлантиришни назарда тутади. Устав бўйича музокаралар изчил олиб борилаётган ва Озарбайжон раислиги 2028 йилгача давом этадиган шароитда бундай ҳужжат ташкилотнинг стратегик асосига айланиши мумкин. Ўзбекистон учун эса у Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлиги, Термиз мулоқоти каби ташаббусларни ягона концептуал тизимга бирлаштириш имкониятини беради.
Ҳамкорликнинг изчиллиги ва натижадорлигини таъминлаш, белгиланган устувор йўналишлар бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Кенгашнинг кейинги икки йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Дастурнинг муддати Озарбайжон раислигининг 2028 йилгача давом этадиган даврига мос келади. У Боку саммитида илгари сурилган ғояларни аниқ муддатлар ва ижрочилар билан боғлаш, яъни ташаббусларни декларациядан ижрога ўтказиш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Илгари сурилган ташаббуслар ягона мантиқ билан боғланган. Унга кўра, ишонч сиёсий-институционал (концепция ва Ҳаракатлар дастури), технологик (сунъий интеллект), экологик (иқлим барқарорлиги) ва инсоний (инсон салоҳияти) ўлчовларда бир вақтда шаклланиши лозим. Шу маънода Ўзбекистон Кенгашга ишончнинг яхлит архитектураси моделини ва уни амалга ошириш “Йўл харитаси”ни таклиф этмоқда.
Янги даврда парламентнинг ўрни муҳим
ОҲИЧК, аввало, давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда ташқи ишлар идоралари даражасидаги мулоқот майдонидир. Унинг тузилмасида парламентлараро ҳамкорликнинг алоҳида институционал механизми ҳозирча назарда тутилмаган. Бироқ Кенгаш фаолиятининг янги босқичида парламентларнинг роли сезиларли даражада ортмоқда. Бунинг сабаби шундаки, ҳуқуқий мажбурий Устав, Котибият ва ходимларининг халқаро мақоми, имтиёз ва иммунитетларга оид ҳужжатлар аъзо давлатларнинг ички давлат тартиб-таомилларига, аксарият ҳолларда эса парламент ратификациясига мувофиқ кучга киради.
Ўзбекистонда халқаро шартномалар ратификацияси билан боғлиқ қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланади ва Президент имзолаганидан кейин амалиётга жорий этилади. Демак, келгусида ОҲИЧК Устави тасдиқлангач, уни ратификация қилиш, шунингдек, мамлакатимизга юкланадиган мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш вазифаси бевосита Олий Мажлис зиммасига тушади. Шу боис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси учун Устав бўйича музокаралар жараёнини олдиндан ўрганиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Боку саммитида илгари сурилган ташаббусларнинг ижроси ҳам парламент иштирокини кун тартибига чиқаради. Давлатимиз раҳбари Кенгашнинг ташкилий асосларини мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштиришни қўллаб-қувватлагани келгусида тегишли ҳужжатларни ратификация қилиш масаласини амалий тус олдиради. Экспертлар майдонида сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқиладиган умумий тавсияларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш, иқлим барқарорлиги бўйича шериклик доирасида сувдан фойдаланиш ва “яшил” энергетикага оид ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, “ишонч инфратузилмаси” концепциясидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини назорат қилиш қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасига бевосита дахлдордир.
Олий Мажлис бугунги кунда ҳам Кенгаш кун тартибига билвосита, аммо сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда.
Биринчидан, парламент дипломатияси орқали ОҲИЧКга аъзо давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, жорий йил октябрда Парламентлараро Иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева ва Озарбайжон Миллий Межлиси Спикери Сахиба Гафарова Ўзбекистон — Озарбайжон иккинчи парламентлараро форумини ўтказиш ҳамда 2027-2028 йилларга мўлжалланган қўшма амалий тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олди. Шунингдек, Озарбайжон томони Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатига раислиги даврида Ҳаракатнинг Парламент тармоғи доирасида мувофиқлашишга тайёрлигини билдирди. Раислиги 2028 йилгача давом этадиган давлат билан парламентлараро ҳамкорликнинг чуқурлашуви саммит қарорларини икки томонлама даражада амалга оширишга ҳам хизмат қилади.
“ Илгари сурилган ташаббуслар ягона мантиқ билан боғланган. Унга кўра, ишонч сиёсий-институционал (концепция ва Ҳаракатлар дастури), технологик (сунъий интеллект), экологик (иқлим барқарорлиги) ва инсоний (инсон салоҳияти) ўлчовларда бир вақтда шаклланиши лозим. Шу маънода Ўзбекистон Кенгашга ишончнинг яхлит архитектураси моделини ва уни амалга ошириш “Йўл харитаси”ни таклиф этмоқда. ”
Иккинчидан, Олий Мажлис делегацияси ОҲИЧКда 2012 йилдан кузатувчи мақомига эга бўлган Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) тадбирларида ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, 2024 йил июнида Бокуда бўлиб ўтган ТуркПАнинг XIII ялпи мажлисида Сенат Раиси парламент тадқиқот институтлари, марказлари ва тегишли қўмиталар ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма тадқиқотлар асосида ҳукуматларга илмий асосланган тавсиялар тақдим этишни таклиф қилган эди. ОҲИЧК Котибиятининг 2025 йилги ҳисоботида эса Кенгаш Ёшлар кенгашини ТуркПАнинг Ёш парламентарийлар гуруҳи билан, Аёллар кенгашини эса Аёл парламентарийлар гуруҳи билан боғлаш илгари сурилган. Бу Кенгашнинг ўзи ҳам парламент каналларига эҳтиёж сезаётганидан далолат беради.
Учинчидан, Олий Мажлис кўп томонлама парламент форумларини ташкил қилиш бўйича катта тажриба тўплади. 2025 йил 5 — 9 апрель кунлари Тошкентда Марказий Осиёда илк бор Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўтказилди. Иттифоқнинг 2025 йил бўйича ҳисоботида Сенатнинг ассамблея қарорларини миллий тараққиёт устуворликлари билан уйғунлаштириш бўйича “Йўл харитаси” эътироф этилиб, қарорларни миллий даражада тизимли амалга ошириш ёндашуви бошқа парламентлар учун намуна сифатида баҳоланди. Айнан шу тажрибани ОҲИЧК саммитлари қарорлари, хусусан, Боку ташаббуслари ижросига татбиқ қилиш мумкин.
ОҲИЧК трансформацияси Олий Мажлис учун янги вазифалар билан бирга янги имкониятларни ҳам юзага келтирмоқда.
Имкониятлардан самарали фойдаланиш йўлида
ОҲИЧК фаолиятининг янги даврида Ўзбекистон учун кенг имкониятлар очилмоқда. Фикримизча, улардан тўлиқ фойдаланиш учун бир нечта йўналишда ишни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, координаторлик мақомини кенгайтириш. Ҳозирда Ўзбекистон 18 та устувор йўналишдан фақат биттасини мувофиқлаштиради. Боку саммитида илгари сурилган сунъий интеллект бўйича Осиё ташаббуси ва Экспертлар майдони ҳамда иқлим барқарорлиги бўйича шериклик мамлакатимизга технологик ва экологик йўналишларда мувофиқлаштирувчи ролни эгаллаш учун табиий асос бўлади. Транспорт йўлаклари ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги ҳамкоординаторлик эса Трансафғон йўлаги, Термиз хаби ва озиқ-овқат хавфсизлиги ташаббусларини Кенгаш тизимида институционал жиҳатдан мустаҳкамлаган бўлар эди.
Иккинчидан, Термиз мулоқотини ОҲИЧК билан доимий ҳамкорлик платформасига айлантириш ва унинг тавсияларини Кенгашнинг Юқори мансабдор шахслар қўмитасида мунтазам тақдим этиб бориш.
Учинчидан, инсоний ўлчов координатори сифатида маданий мерос йўналишини ишга тушириш. ОҲИЧК Котибиятининг 2024 йилги шарҳига кўра, ушбу ўлчовда 2021 — 2024 йилларда 7 та тадбир ўтказилган, ҳаракатлар режасидаги “маданий мерос” бандлари эса ҳали амалга оширилмаган. Келгуси йили Ўзбекистонда ўтказиладиган Инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича форум доирасида Самарқанд, Бухоро ёки Хивада маданий меросга бағишланган махсус сессия ташкил қилиш бу бўшлиқни тўлдириб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ҳам намоён этган бўлар эди.
Тўртинчидан, Кенгашда парламент ўлчовини шакллантириш. Олий Мажлис ОҲИЧК мамлакатлари парламентларининг халқаро ишлар бўйича қўмиталари мулоқотини Самарқандда ўтказиш ташаббуси билан чиқиши, Парламентлараро Иттифоқ тажрибасидаги каби Боку саммити қарорлари ва ташаббуслари ижроси бўйича парламент “Йўл харитаси”ни қабул қилиши, Ёшлар парламенти аъзоларини эса ОҲИЧК Ёшлар кенгаши фаолиятига жалб этиши мумкин. Ташкилотнинг бўлажак Уставини музокаралар босқичидаёқ парламент экспертизасидан ўтказиш келгусида уни ратификация қилиш жараёнини тезлаштиради.
Бешинчидан, Боку ташаббуслари бўйича идоралараро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва Кенгашнинг икки йиллик Ҳаракатлар дастури лойиҳасига Ўзбекистон таклифларини киритиш, ҳар бир ташаббусни Кенгашнинг муайян устувор йўналиши ва масъул миллий идорага бириктириб, ижросини мунтазам мониторинг қилиб бориш.
Мулоқот ва ҳурматга таянган ҳамкорлик
Осиё бугун жаҳон иқтисодиётининг ўсиш маркази, айни пайтда энг мураккаб зиддиятлар кесишадиган минтақа ҳамдир. Бундай шароитда ўзаро ишонч савдо йўлаклари, инвестициялар ва барқарорликнинг асосий шартига айланмоқда. ОҲИЧКнинг 34 йиллик тажрибаси шуни кўрсатадики, мулоқот ва ихтиёрий ишонч чоралари узоқ муддатли натижа беради.
Ўзбекистон бу майдонда ўз ўрнини топди. Асосчи аъзодан фаол ташаббускорга, ташаббускордан эса кун тартибини шакллантирувчи координаторга айланди. Афғонистон бўйича ташаббуснинг БМТ Хавфсизлик Кенгашигача етиб бориши, Самарқанддаги озиқ-овқат хавфсизлиги конференцияси, Ёшлар кенгашининг Самарқанд йиғилиши, Термиз мулоқотининг ОҲИЧК билан ҳамкорликда ўтказилиши бунинг амалий исботидир. Боку саммитида илгари сурилган “ишонч инфратузилмаси” ғояси эса бу тажрибани янги, концептуал босқичга олиб чиқади. Савдо статистикаси ҳам Кенгаш мамлакатлари Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди. Энди навбатдаги вазифа эришилган ишончни барқарор институтларга айлантиришдир. ОҲИЧК трансформацияси жараёнида қабул қилинадиган Устав, янги тузилмалар ва механизмлар келгуси ўн йилликлар давомида Осиёдаги ҳамкорлик қоидаларини белгилайди. Бу қоидалар шаклланаётган пайтда музокаралар жараёнида фаол бўлиш, иқтисодий, технологик ва экологик йўналишларда масъулиятни ўз зиммасига олиш ҳамда парламент дипломатияси имкониятларини ишга солиш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Остона саммитида замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкинлигини таъкидлаган эди. Боку саммитида бу ёндашув “ишонч инфратузилмаси” концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича аниқ ташаббуслар шаклида янада амалий мазмун касб этди. Келгуси йили Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатининг йигирманчи саммитига мезбонлик қилиши эса мамлакатимизнинг кўп томонлама дипломатиядаги масъулияти янада ортиб бораётганини кўрсатади. Ишонч дипломатияси Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ажралмас қисмига айланганини Осиё ҳамжамияти тобора кенгроқ эътироф этмоқда.
Акром ТОШПЎЛАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори.






















