Қўмита фаолияти ва долзарб тадқиқот йўналишлари муҳокама қилинди







2026 йил 15 октябрь куни Парламент тадқиқотлари институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси иштирокида учрашув ўтказилди. Унда қўмита фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш эҳтиёжлари, шунингдек, ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган тадқиқотларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Қўмита раиси учрашувда қўмитанинг асосий фаолият йўналишлари, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида қонун ижодкорлиги доирасида муҳокама қилинган лойиҳалар ва кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ҳуқуқий-сиёсий аҳамияти ҳамда қўмита фаолиятидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда халқаро парламентлараро алоқаларни ривожлантириш борасидаги ишлар ва устувор вазифаларга тўхталди.
Учрашувда қўмита фаолиятини, жумладан, назорат-таҳлил тадбирларини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Қўмитанинг амалий эҳтиёжларини ўрганиш, устувор тадқиқот йўналишларини белгилаш ва ҳамкорликни тизимли ташкил этиш мақсадида Парламент тадқиқотлари институтидан қўмитага алоҳида илмий ходим бириктирилди. Шунингдек, Институтнинг илмий-таҳлилий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадқиқот натижаларини қўмитанинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти билан боғлаш ҳамда амалий аҳамиятга эга таҳлилий материалларни тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, парламент дипломатиясини ривожлантириш, хорижий парламентлар ва халқаро парламентлараро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга доир қиёсий тадқиқотларга бўлган эҳтиёж муҳокама қилинди. Учрашув якунида мазкур йўналишлардаги тадқиқотлар қўмита фаолиятининг илмий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, бу борада институт билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.


















