Коррупция ҳақида хабар берувчиларга энг кам иш ҳақининг 25 бараваригача мукофот тўланади
2026 йил 6 октябрь куни Озарбайжон Миллий Мажлисининг Мудофаа, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш масалалари қўмитаси ҳамда Ҳуқуқий сиёсат ва давлат қурилиши масалалари қўмитасининг қўшма мажлисида “Коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берувчи шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ҳужжатга мувофиқ, коррупциявий жиноятлар ҳақида хабар берган ва тақдим этган маълумотлари тасдиқланган шахсларга энг кам иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш таклиф этилмоқда. Мазкур мукофот даромад солиғидан озод қилиниши ҳам назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида мукофотни тўлаш тартиби ва муддатлари ҳам белгиланган. Жумладан, хабар берувчи тақдим этган маълумотлар тасдиқланганидан кейин унга 10 иш куни ичида тегишли мукофот тўланади. Тўлов ташкилот раҳбарининг қарори асосида амалга оширилади. Бюджет ташкилотларида эса бунинг учун операцион харажатлар ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Мукофот миқдорини белгилашда коррупциявий жиноятнинг хусусияти, жиноятлар сони, тақдим этилган маълумотнинг жиноятни фош этишдаги аҳамияти, етказилган зарар миқдори ҳамда қайтарилган активлар ҳисобга олинади.
Шунингдек, жиноят иши бўйича айблов ҳукми ёки бошқа якуний қарор қабул қилинган тақдирда, хабар берувчига махсус мусодара қилинган мол-мулк ёки пул маблағлари, давлат бюджетига ундирилган тўловлар ва давлатга етказилган зарарни қоплашдан тушган маблағларнинг тегишли харажатлар чегирилганидан кейинги 5 фоизи миқдорида мукофот бериш таклиф этилмоқда.
Мукофот тўлаш тўғрисидаги қарор дастлабки тергов босқичида терговчи томонидан назорат қилувчи прокурор розилиги билан, суд босқичида эса ишни кўриб чиқаётган суд томонидан қабул қилинади.
Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади коррупция ҳақида хабар беришни рағбатлантириш, жиноятларни аниқлаш ва фош этишда фуқароларнинг иштирокини кучайтириш ҳамда бундай маълумотларни тақдим этувчи шахсларнинг манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишдан иборат.
Озарбайжон тажрибасининг асосий хусусияти коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш механизмларини ягона қонунда бирлаштиришдан иборат. Бунда тасдиқланган маълумот учун пул мукофоти бериш, уни солиқдан озод қилиш ҳамда мукофот миқдорини мусодара қилинган мол-мулк ва ундирилган зарар билан боғлаш назарда тутилган.
Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ–419-сон “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади. Амалдаги тартибда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва оғирлигига қараб пул мукофотлари белгиланган.
Бироқ рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш механизмларини ягона қонун доирасида тизимли тартибга солиш, мукофотнинг солиқ мақомини аниқлаштириш ҳамда уни амалда ундирилган зарар билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқиш долзарб ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Озарбайжон тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ва ҳимоя кафолатларини кучайтириш, рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш мақсадида амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш имкониятини ўрганиш мақсадга мувофиқ.






















