Ички аудит тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди
Жорий йилнинг 1 октябрь куни Жогорку Кенеш “Ички аудит тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасининг вазифаси ички аудит тизимини ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатиш тартибини белгилаш ҳамда ички аудитни ўтказиш билан боғлиқ ўзаро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборат.
Ички аудит – ташкилот ичидаги мустақил ва холис функция бўлиб, у раҳбарга ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, хатарларни бошқариш, ички назорат тизими самарадорлигини баҳолаш, кафолатлаш ва маслаҳатлар беришга қаратилган.
Лойиҳада:
ички аудитнинг мақсад ва принциплари;
ички аудит соҳасидаги раҳбарларнинг ваколатлари;
ички аудит бўйича ҳисобдорлик;
ички аудит хизмати ва унинг раҳбарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг Ҳисоб палатаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро муносабатлари;
ваколатли органнинг ваколатлари белгиланган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ички аудит тизимининг самарали фаолият кўрсатиши мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ички аудит ва ички назорат кенгаши ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Кенгашнинг функциялари, ваколатлари ва фаолиятини таъминлашнинг бошқа масалалари ҳукумат қарори билан белгиланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, электрон аудит тушунчаси киритилмоқда, автоматлаштирилган аудит усулларини қўллаган ҳолда ички аудитни ўтказишда ички аудиторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Жумладан, электрон аудит – онлайн режимида автоматлаштирилган дастурий таъминот ва технологияларни қўллаш орқали ўтказиладиган аудит тури.
Ушбу қонун лойиҳаси парламент томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ички аудитни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида ҳам ички аудит масалаларини тартибга солувчи нормалар мавжуд эмас.
Ички аудит бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлашнинг асосий воситаларидан бири эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳадаги асосий масалаларни қонун даражасида тартибга солиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.


















