Барқарорлик ва янгиланиш сари: Душанбе саммитида Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари

10 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити нафақат анъанавий учрашув, балки янги ғоялар ва истиқболлар майдонига айланди.
Мазкур саммитда мамлакатимиз раҳбари МДҲ ўзининг барқарорлиги, самарадорлиги ва зарурий тузилма эканини намойиш қилишда давом этаётганлигини, МДҲ доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, табиий шерикларимиз бўлган мамлакатлар билан амалий ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва кўп томонлама шериклик натижадорлигини оширишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбарининг таклифлари нафақат минтақадаги сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, балки трансчегаравий иқтисодий тизимларни модернизация қилиш, илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ва хавфсизликни таъминлашни ҳам ўз ичига олди.
Жумладан:
дипломларни ўзаро тан олиш бўйича янги давлатлараро келишувни тайёрлаш, шунингдек, Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форумини ўтказиб, Ёшлар инновация лабораториясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;
рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасида кўп томонлама амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди;
барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратиш ҳамда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича МДҲ мамлакатлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Тожикистондаги саммитда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат сиёсий майдонда, балки иқтисодий, фан-техника ва маданий соҳаларда ҳам янги босқични бошлаб берди. Ушбу ғоя ва таклифлар минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни янги институционал асосда ривожлантириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва илмий-инновацион салоҳиятни оширишга қаратилганлиги билан ажралиб турди.
Парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими
Ниёзова Лазиза




















