Респиратор синцитиал вирусга (РСВ) қарши мажбурий эмлаш тартиби жорий этилиши мумкин

Жорий йилнинг 6 август куни Миллий Ассамблеянинг 11 нафар депутати томонидан респиратор синцитиал вирусга (РСВ) қарши мажбурий эмлаш амалиётини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган.
Таъкидланишича, Корея Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, тез тарқаладиган юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий эмлаш тартиби жорий этилган бўлиб, унда мажбурий эмланиши лозим бўлган касалликлар рўйхати белгиланган.
2015–2019 йилларда ўтказилган тадқиқотларга кўра, ушбу рўйхатдаги касалликлардан бири бўлган грипп билан боғлиқ нафас йўллари вирусли касалланиш ҳолатлари 11,7 %дан 21,5 %гача ўсган. Шу давр мобайнида респиратор синцитиал вирус (РСВ) сабаб бўладиган ўткир респиратор касалликлар билан касалланиш даражаси ҳам 11,7 % дан 20,1 %гача кўтарилган.
Бироқ гриппга ўхшаш хавф даражасига эга бўлишига қарамай, РСВга қарши ҳозиргача мажбурий эмлаш амалиёти жорий этилмаган.
Депутатлар таъкидлаганидек, мазкур ташаббуснинг асосий мақсади юқумли касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.
Қонун лойиҳаси “Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси 1-қисми 18-бандига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.



















