Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди



Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий парламентимиз фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 28 март куни Парламент тадқиқотлари институтида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним билан ўзаро ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган мақсад Институт ва Тараққиёт Дастури ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва илмий концепциялар, стратегиялар ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
Тадбир аввалида Акико хоним сўнгги йилларда парламент қуйи палатаси, шу жумладан унинг қўмиталари, комиссиялари ва сиёсий партия фракциялари фаолияти тубдан ўзгарганлиги, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва ташаббуслар ишлаб чиқиш жараёнида илмий ҳамжамият, олимлар иштирокига жиддий эътибор берилаётгани хусусида сўз юритди.
Учрашувда таъкидланганидек, ҳар қандай соҳанинг тараққиёти, ривожланиши энг аввало, илм-фан ютуқларига, илмий тадқиқотлар самарасига бевосита боғлиқдир.
Ўз навбатида, Институт директори А.Тошпулатов БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги фаолиятига юқори баҳо бериб, Институтнинг депутатларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб қувватлашда ҳамкорликнинг аҳамияти катта эканлигига тўхталиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар бир нечта муҳим масалаларда, жумладан, ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш доирасида келишувга келишди.





















