Интеллектуал салоҳиятли, қатъий позицияга эга ёшлар — мамлакат таянчи






Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатасининг раҳбарияти, фракция раҳбарлари, депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” вакиллари, талаба ёшлар иштирок этди.
Шунингдек, барча ҳудудларда ташкил этилган студиялар орқали фаол ва ташаббускор ёшлар ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳудудлардан сайланган аъзолари ҳам қатнашди.
Маълумки, ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, ҳаётий ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, келажак учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, ватанпарвар, комил шахслар сифатида тарбиялаш давлатимиз раҳбари эътиборидаги долзарб масалалардан бўлиб, бу бўйича ўтган даврда тизимли саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилди.
Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот билан танишиб, 2024 йилда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида илк бор кенг кўламли форматда ташкил этилган учрашувда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шарт-шароитлар, бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ўз сўзида кейинги йилларда ёшларга бўлган эътибор, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шароит ва имкониятлар, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Янги таҳрирдаги Конституцияда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари мустаҳкамлаб қўйилгани Ўзбекистонда ёшларга бўлган эътиборни янги босқичга кўтариш имконини бериши қайд этилди.
Шунингдек, Спикер ёшларни парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларига жалб этиш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Учрашувда сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, фракциялар томонидан илгари сурилаётган янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифлар ҳақида кенг маълумотлар беришди.
Қайд этилганидек, ўтган қисқа даврда ёшларга оид 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Ёшлар етакчилари тавсияси билан шу йилнинг ўтган даврида 338 минг нафар йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабаларнинг шартнома маблағлари тўланди, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилди. Ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, жорий йилда 236 минг нафар ишсиз йигит-қиз ва 189 минг нафар мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланди.
Учрашувда янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз лойиҳасини муҳокама этиш ва умумхалқ референдуми орқали қабул қилишда ҳам ёшларимизнинг алоҳида фаоллик кўрсатгани эътироф этилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида моддалар билан муҳрлаб қўйилди. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Учрашувда таъкидланганидек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда улар томонидан қонун лойиҳаларига таклифлар бериш, қонунларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётгани, бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар ва таклифлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, ёшлар ва парламент ҳамкорлигини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, ёш авлод вакиллари иштирокида қуйи палатада кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш ҳамда ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида ёшлар замонавий парламент кутубхонаси, катта мажлислар зали ҳамда Қонунчилик палатасининг музейи билан яқиндан танишдилар.
Сўз — учрашув иштирокчиларига
Фарзона ИСКАНДАРОВА, Тошкент давлат юридик университети талабаси:
— Қонунчилик палатасида ташкил этилган учрашув биз учун жуда фойдали бўлди. Чунки биз қуйи палата фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, палата мажлисларининг онлайн узатилаётгани биз бўлажак юристлар учун фойдали бўлмоқда. Сабаби, қабул қилинаётган қонунлар мазмуни, муҳокамалар жараёни, тортишувлар, баҳс-мунозаралар бизда катта қизиқиш уйғотяпти. Бундан ташқари, депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлардан ҳам хабардор бўлиб турибмиз. Умуман олганда, бугунги ушрашув бизда катта таассурот қолдирди.
Дилшод МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
— Мен Ёшлар парламенти аъзоси сифатида сиёсий партияларнинг фракциялари фаолиятини доимий кузатиб бораман. Менимча, фракциялар сайловолди дастуридан келиб чиқиб баҳс-мунозаралар, дебатлар ўтказиб туриши керак. Шунингдек, фракциялар томонидан ялпи мажлисларда қандай масалалар кўтарилгани юзасидан брифинглар, шарҳлар бериб бориш йўлга қўйилса, жуда фойдали ва самарали бўлар эди.
Мухлиса КАРИМОВА, Андижон давлат педогогика институти талабаси:
— Қонунчилик палатасида ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш борасида янги тизим ҳақида маълумотларни олдик. Жумладан, Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти, Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг фаолияти билан танишдик.
Энг асосийси, Қонунчилик палатасининг сайловини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги ахборот менга маъқул бўлди.
Исламбек ИСМАЙЛОВ, IT Park Қорақалпоғистон Республикаси филиали менежери:
— Президентимиз шу йил 15 декабрда ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди. Ҳисоботда тақдим этилган маълумотларни кўздан кечирсак, ёшларга қанча эътибор берилаётгани ва у қанчалик самара бераётганига ишонч ҳосил қиламиз. Президентимиз томонидан келгуси йилда ёшлар сиёсатидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди. Бу болалар истеъдодини ривожлантириш, уларнинг қизишлари ортишида муҳим аҳамият касб этади.
Мен Ўзбекистоннинг қонунчилик жараёни ҳақида кўп маълумот олдим. Жумладан, қонунларни биринчи, иккинчи, учинчи ўқишда қабул қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш, бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан Ёшлар форумлари ва конференцияларни кўпроқ ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Мухлиса МЎМИНОВА, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси:
— Қонунчилик палатаси ёшлар учун очиқ ва бағрикенг масканга айланиб бормоқда. Кузатадиган бўлсак охирги йилларда қонун ижодкорлиги соҳасида ёшларнинг ўрни тобора ортмоқда. Буни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини фаол билдираётган йигит-қизлар мисолида айтиш мумкин. Шу боис ўтказилган учрашувда бир қатор таклифларимизни илгари сурдик. Масалан, талабаларнинг стипендиялари билан боғлиқ масалани вилоятларда ва пойтахтимиздаги яшаш шароитдан келиб чиқиб, белгилаш лозимлиги бўйича ўз фикримни билдирдим. Энг муҳими, учрашув фикр-мулоҳазалар билдириш учун мулоқот майдонига айлангани менда катта тассурот қолдирди.
Гўзалой ФОЗИЛОВА, “Women” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари, 56 - нодавлат мактабгача таълим ташкилоти директори:
— Ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар кўзланган натижани бермоқда. Мисол учун, “Ёшлар дафтари” га киритилган тенгдошларимнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўрганилиб, аксариятига ўз бизнесларини очишларига илк ёрдам кўрсатилаётгани эътиборга молик. Ўзим ҳам тадбиркорман. Биз учун яратилаётган имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламан. Таклифим шуки, таълим муассасаларида ўқувчиларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича дарсларни ташкил этиш зарур. Бу орқали кўп ёшларда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш кўникмаси шаклланади, билими ортади.



















