Парламент тадқиқотлари институти ва ТИКА вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди




Жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Парламент тадқиқотлари институти раҳбарияти ҳамда ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Али Риза Тезжан бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Тадбир давомида томонлар 2018 йилда ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, Парламент тадқиқотлари институти ва Туркия Буюк Миллат Мажлиси Тадқиқотлар хизмати бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистонда жорий этилаётган аралаш сайлов тизими бўйича Туркия тажрибасини чуқур ўрганиш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида парламентаризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, бу борада хорижий тажрибани ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ТИКАнинг ўзаро ҳамкорликдаги шу пайтгача кўрсатган амалий кўмаги учун миннатдорчилик билдирилди.
ТИКА вакиллари ўз навбатида институт билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини таъкидлаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва келажакда ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик режаларини аниқ белгилаб, бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олди.




















