Янгиланган Конституцияда бола ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилди

Сир эмаски, ҳар қандай мамлакат тараққиёти бола ҳуқуқларининг таъминланганлиги даражасига чамбарчас боғлиқ. Бугунги таҳликали ва замонавий дунёда бола ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Айни пайтда, мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимояси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб улгурди. Хусусан, Янгиланган Конституциянинг 78-моддасида давлатнинг бола олдидаги мажбуриятлари белгиланди. Унга кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти сифатида назарда тутилди.
Мазкур конституциявий нормани ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида ўтган қисқа фурсатда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, 2023 йил 1 июнь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш унинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Иккинчидан, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институтижорий этилди. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш асосий вазифасиэтиб белгиланди.
Учинчидан, 2024 йилнинг 2 мартида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги тарихий қонун қабул қилинди. Юртимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарихида янги саҳифа очган ушбу қонунда Болалар омбудсманининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги каби масалалар тартибга солинди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мамлакатда болалар ҳуқуқлари ҳимояси борасида амалга оширган ишлар ҳақидаги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиладиган бўлди. Бу ҳам болаларга бўлган эътибор, уларга кўмаклашиш алоҳида ўрин тутишининг исботидир.
Юқоридагиларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг бир қисми халос.
Янгиланган Конституцияда белгиланган Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат эканлиги тамойили амалиётда ўз ифодасини топмоқда.
Парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими
Амирулло ТУХЛИБОЕВ



















