Перу давлатида қарорлари бекор қилинган судья лавозимдан олинади

Мамлакат парламентига судья ва прокурорларни жавобгарлигини кучайтириш ва уларнинг фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатиш бўйича иккита қонун лойиҳаси киритилди.
Биринчи,8657/2024-CR-сон қонун лойиҳаси билан “Суд карьераси тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Лойиҳага кўра, судьялик лавозимига номзодлар уч босқичдан иборат танловдан ўтказилади:
1) ёзма имтиҳон (умумий балларнинг 60 фоизи)
2) биографик маълумот (умумий балларнинг 25 фоизи);
3) суҳбат (умумий балларнинг 15 фоизи).
Шунингдек, лойиҳа билан Миллий адлия кенгашига ҳар уч йилда барча даражадаги судьялар фаолиятини комплекс таҳлил баҳолаш ваколати берилмоқда.
Лавозимга киришгандан сўнг 10 та қарори юқори инстанцияларда бекор бўлган судьялар лавозимларидан озод этилади.
Шунингдек, прокуратура ходимларини лавозимдан четлаштириш асослари белгиланмоқда. Прокурор 60 кундан 2 йилгача ўз лавозимидан вақтинчалик четлаштирилиши мумкин. Четлаштириш учун асослар: фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларига зид 5 та қарор чиқариш ёки кейинчалик оқлов ҳукми чиқарилган ишлар бўйича жами 5 айблов хулосасини киритиш.
Прокурорни ишдан бўшатиш учун асослар:
· жиноят содир этганлик;
· фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларига зид 10 та қарор чиқариш;
· кейинчалик оқлов ҳукми чиқарилган ишлар бўйича жами 10 айблов хулосасини киритиш.
Ишдан бўшатилган прокурор келгусида прокурор ёки судья лавозимларида ишлашига йўл қўйилмайди.
Иккинчи – 8678/2024-CR-сон қонун лойиҳаси билан “Республика Конгресси регламенти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси Конгресс (парламент)да судьялар ва прокурорлар фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи комиссияни ташкил этишга қаратилган.
Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида бугунги кунда Перу аҳолисида прокурор ва судьяларга нисбатан ишончсизлик кайфиятлари ошиб бораётганлиги ҳамда ушбу мансбдор шахсларга нисбатан коррупцияга оид кўплаб жиноят ишлари қўзғатилганлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳа ташаббускорларига кўра, омбудсманининг соҳадаги коррупцияга оид ҳисоботи ушбу қонун лойиҳаларини қабул қилиш зарурлигини тасдиқламоқда.
Ҳисоботга кўра, 2015-2018 йилларда прокуратура органларида ўртача 6 минг нафар ходим ишлаган бўлиб, ушбу даврда прокурорларга нисбатан жами 222 та коррупцияга оид жиноят иши қўзғатилган бўлиб, энг кўп ҳолатлар (61 та) мамлакат пойтахти Лима прокуратураси ходимларига тўғри келади. Шунингдек, ушбу давр мобайнида прокуратура ходимлари устидан 35,8 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.
Ўз навбатида, 2015-2018 йилларда 221 та судья жавобгарликка тортилган.
Айримлар ушбу ҳолатда мазкур қонун лойиҳаларини қабул қилиш зарурлигини таъкидлашса, бошқа бир гуруҳ мазкур қонун лойиҳалари суд ва прокуратура тизимини мустақиллигига таҳдид сифатида баҳоламоқда.
8657/2024-CR-сон қонун лойиҳаси матни: https://wb2server.congreso.gob.pe/spley-portal-service/archivo/MjA5MTEz/pdf
8678/2024-CR-сон қонун лойиҳаси матни: https://wb2server.congreso.gob.pe/spley-portal-service/archivo/MjA5NzQ2/pdf




















