Сунъий интеллект тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан 400 тадан зиёд таклиф келиб тушди

Сунъий интеллект соҳасидаги 25 та моддадан иборат бўлган қонун лойиҳаси юзасидан Италия парламентининг юқори палатаси яъни Сенатга 400 тадан зиёд таклифлар келиб тушган.
Лойиҳа сунъий интеллект устидан давлат назоратини ўрнатишдаги миллий мақсадларни, соҳа бўйича мактаб ва университетларда таълим бериш асосларини ҳамда ушбу йўналишлардаги стартап ва инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш учун бир миллиард евролик жамғармани ташкил этилишини белгиламоқда.
Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси қизғин муросаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, парламентдаги мухолифат сунъий интеллект тизимлари устидан назоратни “Рақамли Италия” платформасига масъул давлат органи ва текширувлар ўтказиш ҳамда жазо чораларини қўллаш имкониятига эга бўлган миллий киберхавфсизлик агентлигига берилишини назарда тутувчи нормага кескин қарши чиқмоқда.
Демократик партия сенаторлари университетлар ва тадқиқот марказлари иштирокида сунъий интеллект соҳасидаги технологияларни ўтказиш учун 2025–2027 йилларда йилига 200 миллион еврога тенг миқдорда жамғарма яратишни белгиловчи модда киритишни таклиф этмоқда.
Ўз навбатида, бошқа бир гуруҳ сенаторлар “Табиий интеллект” деб номланувчи жамғармани ташкил этиб, унга йилига 400 миллион евро ажратишни таклиф қилишмоқда. Мазкур жамғармани ташкил этишдан мақсад сунъий интеллект ўрнини босиши мумкин бўлган касбларда банд бўлган ходимларни бошқа касбларга қайта тайёрлашдир.
Лойиҳа бўйича киритилаётган яна бир таклиф – ҳарбий соҳада сунъий интеллектдан ҳужум мақсадларида фойдаланишни ва “одам”нинг рухсатисиз нишонни аниқлайдиган ва уни шикастлайдиган қотил роботлар деб аталадиган автоматик қуроллардан фойдаланишни тўғридан-тўғри тақиқловчи нормага қўшимча бўлиб, унга кўра, ҳарбийлар сунъий интеллектдан фақат “соф мудофаа мақсадларида ва ўта муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилишда” ҳамда ҳар олти ойда парламентга ҳисобот бериб борадиган этика бўйича эксперт қўмитаси назорати остида фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, мухолифат рақамли ҳуқуқлар бўйича марказ ташкил этишни таклиф этмоқда. Марказ сунъий интеллектнинг суд ва тиббиёт соҳаларида ишлатилишини ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиши лозим бўлади.
Айрим парламент аъзолари иш жойларида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларини касаба уюшмалари вакиллари билан биргаликда кўриб чиқишни таклиф этишмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан интеллектуал мулк объектини яратишда сунъий интеллектнинг аралашув даражасини кўрсатиш талаби белгиланмоқда.




















