Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси ўтказилиши эълон қилинди

Танзания Бирлашган Республикаси Миллий ассамблеяси (Бунге) ва Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) томонидан 2026 йилнинг 5–9 октябрь кунлари Аруша шаҳридаги Халқаро анжуманлар марказида Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси ўтказилиши эълон қилинди.
Дунё бўйлаб юзлаб қонун ижодкорларини бирлаштирувчи ушбу юқори даражадаги парламент дипломатияси тадбири “Инклюзивлик, ишонч ва барча учун имкониятлар орқали самарали бошқарувни такомиллаштириш ҳамда жамиятлар имкониятларини кенгайтириш” мавзусига бағишланади.
Таъкидланишича, тадбирнинг асосий мақсади глобал парламент ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.
Ассамблея доирасида Науру давлатининг ташкилотга аъзо бўлиб кириши ва шу орқали ПАИга аъзо парламентлар сони 184 тага етиши кутилмоқда. Шунингдек, тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини илгари суриш бўйича парламент стратегияларига оид резолюция қабул қилиниши, шунингдек, ҳарбий сунъий интеллект, иқлим ўзгариши, океан ва тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш, БМТ Низомини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, сунъий интеллектнинг меҳнат бозори ва болалар ҳуқуқларига таъсири каби муҳим мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Ассамблея якунида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги алоҳида хизматлари учун 2026 йилги Кремер-Пасси мукофоти топширилади.
Бундан ташқари, анжуманда ташкилотнинг амалдаги раҳбари Тулия Аксоннинг уч йиллик ваколат муддати тугаши муносабати билан Парламентлараро иттифоқнинг янги президенти сайланади. Ушбу лавозимга Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова, Австралия Вакиллар палатаси спикери Милтон Дик ҳамда Чили сенатори Рохо Эдвардс Сильва номзодлари кўрсатилган.






















