Сентябрь ойидан бошлаб янги қоидалар кучга киради
2026 йил сентябрь ойидан Австрияда қатор янги қонунчилик нормалари амал қила бошлайди. Улар, асосан, таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат, тиббий экспертиза, ҳайдовчилик ҳуқуқи, фуқаролик авиацияси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларини қамраб олади. Бу ҳақда Австрия парламентининг 2026 йил 28 августдаги 796-сон ахборотида маълум қилинди.
Янги тартиб-таомилларнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири 14 ёшга тўлмаган қиз ўқувчилар учун мактабда бош рўмоли тақишни тақиқлаш билан боғлиқ.
2026/2027 ўқув йили бошланиши билан 14 ёшга тўлмаган қиз ўқувчиларга мактабда исломий анъаналарга мувофиқ бошни ёпувчи бош рўмоли тақиш тақиқланади. Тақиқ давлат мактаблари билан бир қаторда хусусий мактабларга ҳам татбиқ этилади.
Бироқ мазкур чеклов мактаб биносидан ташқарида ўтказиладиган дарслар, уйда таълим олиш, шунингдек, мактаб ва таълим жараёни билан боғлиқ тадбирларнинг мактабдан ташқарида ўтказиладиган турларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қоида бузилган биринчи ҳолатда мактаб раҳбарияти ўқувчи ва унинг ота-онаси ёки қонуний вакили билан тушунтириш суҳбати ўтказиши лозим. Қоида такроран бузилса, тегишли таълим органи хабардор қилинади ва яна бир суҳбат ўтказилади. Қоида яна бузилган тақдирда болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш хизматига хабар берилади.
Энг сўнгги чора сифатида 150 евродан 800 еврогача жарима қўлланилиши мумкин. Жарима ундирилмаган тақдирда икки ҳафтагача муддатга муқобил қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Мазкур қонунчилик ўзгариши 2025 йил декабрь ойида Австрия парламентининг юқори палатасида ҳам маъқулланган. Ҳукумат вакиллари буни қизларнинг ёшга мос ривожланиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлаган. Айни пайтда, айрим сиёсий кучлар мазкур тақиқни ўқитувчи аёлларга ҳам татбиқ этиш зарурлигини билдирган. Бошқа сиёсий кучлар эса ушбу нормани мусулмон болаларни камситиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига зид деб баҳолаган.
Дарсдан вақтинча четлатилган ўқувчиларга мажбурий ҳамроҳлик ва келгуси таълим йўналишини белгилаш бўйича суҳбатлар жорий этилади
Янги тартибга кўра, дарсдан вақтинча четлатилган ўқувчиларга мажбурий тарзда ҳамроҳлик қилиб бориш тизими жорий этилади.
Шунингдек, мажбурий мактаб таълимини тугатган, аммо таълимни муддатидан олдин тарк этаётган ёки мактабдан чиқарилган ёшлар билан келгуси ҳаёт ва таълим йўналишини белгилашга қаратилган мажбурий суҳбатлар ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад ёш билан биргаликда унинг кейинги таълим ёки касбий тайёргарлик йўналишини белгилашдан иборат.
Вояга етмаган ўқувчилар билан ўтказиладиган бундай суҳбатларда камида бир нафар ота-она ёки қонуний вакилнинг иштирок этиши талаб этилади.
Шу билан бирга, таълим мажбуриятини асоссиз равишда бажармаслик учун жарима миқдори ҳам оширилади. Илгариги 110–440 евро миқдоридаги жарима ўрнига 2026 йил 1 сентябрдан 150–800 евро миқдорида жарима белгиланади.
Мактаб раҳбарларига маъмурий вазифаларни тақсимлаш имконини берувчи ўрта бўғин бошқаруви жорий этилади
Сентябрь ойидан бошлаб мажбурий таълим мактабларида мактаб раҳбарларининг иш юкини камайтириш мақсадида ўрта бўғин бошқаруви тизими жорий этилади.
Мазкур тизим янги маъмурий иерархия яратишни англатмайди. Аксинча, айрим ўқитувчиларга таълим бериш билан бир қаторда мактаб тадбирларини ташкил этиш, ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш, зарур маълумотларни тайёрлаш каби маъмурий вазифаларни бажариш юкланади. Бунинг эвазига уларнинг дарс бериш юкламаси қисқартирилади.
Бундай вазифаларни қайси ўқитувчилар бажариши мактаб раҳбари томонидан танлов асосида белгиланади. Мактабнинг ҳажмига қараб, тўрт нафаргача ўқитувчи ушбу вазифаларга жалб қилиниши мумкин.
Тизим 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб камида 15 та синфга эга мажбурий таълим мактабларида, 2027/2028 ўқув йилидан эса бошқа мажбурий таълим мактабларида ҳам жорий этилади.
Умуман, ушбу мақсадлар учун ҳар йили қарийб 20 миллион евро маблағ ажратилади. Шунингдек, умумий ўрта ва касбий таълим мактабларида маъмурий вазифаларни бажариш учун қўшимча ресурслар берилади.
Мактабга бориш харажатларини қоплаш учун бериладиган нафақалар икки баравар оширилади
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактабга бориш учун транспорт харажатларини қоплашга мўлжалланган нафақалар оширилади.
Мактабгача бўлган масофа 10 километргача бўлса, нафақа ойига 12 евродан 30 еврогача, масофа 10 километрдан ортиқ бўлса, 18 евродан 45 еврогача этиб белгиланади. Шу тариқа мазкур нафақаларнинг амалдаги миқдори икки баравар оширилади.
Бир вақтнинг ўзида ўқувчилар ва касб-ҳунар ўрганувчилар учун бепул қатнов харажатларининг белгиланган шахсий улуши 19,60 евродан 29,60 еврогача оширилади.
Ишсизлик нафақасини олаётган шахсларнинг яширин меҳнат фаолиятига нисбатан чоралар кучайтирилади
2026 йил 1 сентябрдан ишсизлик нафақаси ёки фавқулодда ижтимоий ёрдам олаётган шахс меҳнат фаолиятини ўз вақтида Меҳнат бозори хизматига маълум қилмаган ҳолда амалга ошираётгани аниқланса, унга нисбатан қатъийроқ чоралар қўлланилади.
Бундай ҳолатда меҳнат фаолияти шахснинг ишсиз мақомига мос келмаслиги рад этиб бўлмайдиган ҳолат сифатида қабул қилинади. Натижада олинган нафақа камида олти ҳафта учун қайта ундирилади. Қоида такроран бузилса, қайтариладиган нафақа саккиз ҳафта учун ҳисобланади.
Агар иш берувчи ҳам ходимнинг меҳнат фаолиятини ижтимоий суғурта тизимига ўз вақтида билдирмаган бўлса, унга саккиз ҳафта учун ишсизлик суғуртаси бўйича махсус бадал ундирилади.
Тиббий экспертиза жараёнида ишончли шахсни олиб кириш ҳуқуқи кафолатланади
2026 йил 1 сентябрдан Пенсия суғуртаси муассасаси томонидан ўтказиладиган барча тиббий экспертизаларда шахснинг ўзи ишонч билдирган кишини ҳамроҳ сифатида олиб кириш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Амалда бундай имконият асосан парвариш нафақаси тайинлаш билан боғлиқ тиббий баҳолаш жараёнларида мавжуд эди. Янги тартиб эса уни ногиронлик ёки касбий меҳнат қобилиятини йўқотганлик пенсияси, шунингдек, касбий қайта тикланиш масалалари бўйича тиббий текширувларга ҳам татбиқ этади.
Шунга ўхшаш тартиб Ижтимоий ишлар вазирлиги хизмати топшириғи асосида ўтказиладиган тиббий текширувларга ҳам татбиқ этилади. Бу, жумладан, ногиронлик даражасини белгилаш, ногиронлар учун махсус гувоҳнома ва транспорт воситасини тўхтатиш рухсатномасини олиш, ҳарбий хизмат билан боғлиқ зарар, эмлаш оқибатида етказилган зарар ҳамда жиноят жабрланувчиларига компенсация тайинлаш масалаларига тааллуқли.
Ҳайдовчилик имтиҳонида фирибгарликка нисбатан жазо муддати узайтирилади
2026 йил 1 сентябрдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда тақиқланган техник воситалардан фойдаланган шахснинг қайта имтиҳон топшириши учун белгиланган муддат 9 ойдан 18 ойга узайтирилади. Имтиҳонда фирибгарликни ташкил этган ва амалга оширган шахсларга нисбатан маъмурий жарималар ҳам жорий этилади.
Агар назарий ёки амалий имтиҳонни одатий тартибда қайта топшириш талаб этилса, қайта имтиҳон топшириш учун кутиш муддати 14 кундан 12 кунга қисқартирилади.
Бундан ташқари, халқаро ҳайдовчилик ҳуқуқини тан олишни соддалаштириш, 60 ёшдан ошган шахслар учун айрим оғир транспорт воситалари тоифалари бўйича ҳайдовчилик ҳуқуқининг амал қилиш муддатлари ва йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта беришга оид қоидалар ҳам ўзгартирилади.
Фуқаролик авиациясида ходимларнинг ишончлилигини текшириш тартиби аниқлаштирилади
Сентябрь ойидан фуқаролик авиацияси соҳасида хавфсизлик учун муҳим вазифаларни бажарадиган ходимларнинг ишончлилигини текшириш тартибига оид янги қоидалар кучга киради.
Хусусан, қонун нуқтаи назаридан “ишончсизлик” ҳолати нимани англатиши аниқроқ белгилаб берилади. Шу билан бирга, текширув натижаси салбий бўлган тақдирда шахснинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари таъминланади.
Янги нормалар аэропортлар таърифи, авиацияга алоқадор бўлмаган биноларни қуриш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш, уларни суғурталаш ҳамда авиация соҳасини рақамлаштириш масалаларини ҳам қамраб олади.
Озиқ-овқат таркибида айрим руҳий таъсир қилувчи моддалардан фойдаланиш тақиқланади
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар давлат назоратини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хусусан, одатий истеъмолга хос бўлмаган айрим руҳий таъсир қилувчи моддаларни озиқ-овқат маҳсулотларида қўллаш тақиқланади.
Шунингдек, гўшт учун сўйиладиган ҳайвонларни ветеринария ва гўшт экспертизасидан ўтказиш соҳасида мутахассислар етишмаслигининг олдини олиш мақсадида расмий ветеринария мутахассислари доираси кенгайтирилади.
Интернет орқали савдога оид айрим талаблар ҳам қайта кўриб чиқилади. Бу чоралар давлат назоратини амалга оширишни соддалаштириш ва бозорда рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Истеъмолчиларга маҳсулотнинг хизмат муддати ва таъмирлаш имконияти ҳақида кенгроқ маълумот бериш мажбурияти жорий этилади
2026 йил 27 сентябрдан истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қонунчиликнинг навбатдаги қисми кучга киради.
Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари истеъмолчиларга товарларнинг хизмат муддати ва уларни таъмирлаш имконияти ҳақида янада аниқ маълумот бериши шарт.
Шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хусусида истеъмолчини чалғитувчи баёнотларга қарши талаблар кучайтирилади. Товарларни заруратсиз равишда эрта алмаштиришга олиб келувчи айрим савдо амалиётларига нисбатан ҳам чекловлар кучайтирилади.
Онлайн хариддан воз кечиш имконини берувчи электрон хизмат эса 2026 йил 1 октябрдан кучга кириши белгиланган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Австриянинг 2026 йил сентябрь ойидан кучга кирадиган мазкур қонунчилик янгиликлари таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат бозори, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва давлат хизматларини ташкил этиш соҳаларида аниқ ҳуқуқий мажбуриятлар, босқичма-босқич чоралар ва жавобгарлик механизмларини бир тизимга бирлаштириш нуқтаи назаридан эътиборга молик.
Аввало, мактаб таълими соҳасидаги ёндашувлар Ўзбекистон учун мактаб интизоми, ўқувчиларнинг таълим олиш ҳуқуқи ва таълим жараёнидаги масъулиятини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш нуқтаи назаридан ўрганилиши мумкин. Айниқса, дарсдан четлатилган ёки таълимни эрта тарк этиш хавфи мавжуд бўлган ёшлар билан мажбурий профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларнинг кейинги таълим ёки касбий йўналишини индивидуал тарзда белгилашга кўмаклашиш амалиёти қизиқиш уйғотади.
Иккинчидан, мактаб раҳбарларининг маъмурий юкини камайтириш учун ўқитувчиларнинг айрим маъмурий вазифаларини қайта тақсимлаш тажрибаси Ўзбекистонда мактаб бошқарувини такомиллаштириш нуқтаи назаридан аҳамиятли. Бунда асосий масала мактаб раҳбарини маъмурий вазифалардан қисман озод қилиб, уни таълим сифати, ўқитувчилар фаолияти ва ўқувчилар натижадорлигига кўпроқ йўналтиришдан иборат.
Учинчидан, Австрияда мактабга қатнов харажатларини қоплаш учун бериладиган нафақалар миқдорининг масофага қараб табақалаштирилиши таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятида ҳудудий тенгликни таъминлаш нуқтаи назаридан ўрганилиши мумкин. Айниқса, чекка ва қишлоқ ҳудудларида яшовчи ўқувчиларнинг таълим муассасаларига қатнов харажатларини қоплаш механизмларини такомиллаштиришда бундай ёндашувдан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Тўртинчидан, ишсизлик нафақасини олувчи шахснинг яширин меҳнат фаолиятига нисбатан қатъий чоралар белгиланиши ижтимоий нафақалар ва меҳнат бозори ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятли. Бунда нафақадан фойдаланишнинг ҳаққонийлиги, меҳнат фаолиятини расмийлаштириш ва ижтимоий суғурта тизимига тўлиқ жалб этиш ўртасида мувозанатни таъминлаш муҳим.
Бешинчидан, тиббий экспертизада фуқаронинг ўзи ишонч билдирган шахсни ҳамроҳ сифатида олиб кириш ҳуқуқининг қонун билан кафолатланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий экспертиза жараёнининг шаффофлиги ва фуқаронинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш нуқтаи назаридан ўрганилиши мумкин.
Шунингдек, ҳайдовчилик имтиҳонларида тақиқланган техник воситалардан фойдаланиш учун қайта имтиҳон топшириш муддатини кескин узайтириш амалиёти имтиҳон жараёнида ҳалоллик ва холисликни таъминлаш механизмларини кучайтириш нуқтаи назаридан эътиборга лойиқ.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эса товарнинг хизмат муддати, таъмирланиш имконияти ва атроф-муҳитга таъсири ҳақида истеъмолчига аниқ маълумот бериш мажбуриятини кучайтириш масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқарувчининг маҳсулот учун жавобгарлигини ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон учун долзарб тажриба ҳисобланади.
Умуман олганда, Австрия тажрибасининг Ўзбекистон учун асосий аҳамияти қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ ижро механизмлари, профилактик чоралар, молиявий рағбатлар ва мутаносиб жавобгарлик билан бир тизимда уйғунлаштириш ёндашувида намоён бўлади.
https://www.parlament.gv.at/aktuelles/pk/jahr_2026/pk0796





















