Маҳкумларнинг хорижга қочиб кетишининг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда

Жорий йилнинг 30 июль куни парламент жиноят қонунчилигига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, процессуал мажбурлов чораларини тайинлаш ва ҳукмни ижро этиш босқичи ўртасида юзага келиши мумкин бўлган узилишларни бартараф этишга қаратилган.
Ўзгартиришлардан бири судга ҳукм чиқарилган пайтдан бошлаб бедарак йўқолган маҳкумни ўз ташаббуси билан қидирув эълон қилиш мажбуриятини юклайди. Муаллифларнинг фикрича, ушбу чора маҳкумнинг қидирув эълон қилингунга қадар бўлган вақт оралиғидан яшириниш ёки мамлакат ҳудудини тарк этиш учун фойдаланиш хавфини камайтиради.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан уй қамоғидан қочганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Амалдаги Жиноят кодексида фақат қамоқда сақлаш жойларидан қочганлик учун жазо белгиланган.
Шунингдек, ташкилотларга нисбатан қўлланиладиган кафолатли гаров эҳтиёт чораси миқдори оширилмоқда. Хусусан, ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган кафолатли гаров миқдори 50 000 дан 150 000 лейгача бўлади. Ҳозирги вақтда гаров миқдори жисмоний шахслар томонидан тақдим этиладиган гаров миқдорига тенг бўлиб, 15 000 дан 50 000 лейгача бўлган миқдорни ташкил этади.
Ўзгартиришлар расмий ахборотномада эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши кўзда тутилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида қамоқ ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочганлик учун жавобгарлик назарда тутилган, аммо уй қамоғидан қочганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Бироқ, Жиноят-процессуал кодексига кўра, уй қамоғида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган тақдирда, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.
Шундай қилиб, амалдаги қонунчилик уй қамоғи тақиқларини бузган шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини қамоққа олиш билан алмаштириш механизмини назарда тутади, бу ҳам таъсир кўрсатишнинг самарали воситасидир. Шу сабабли, амалдаги механизмни жиноий жавобгарликни жорий этиш билан алмаштириш долзарб эмас.




















