Қўмита фаолиятини илмий-таҳлилий таъминлаш масалалари кўриб чиқилди





Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ҳамда қўмита аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда қўмитанинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, Институт билан ҳамкорликни амалий эҳтиёжлар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда коррупцияга қарши курашиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Бу жараён қонун лойиҳаларининг илмий асосланганлигини, ҳуқуқни қўллаш амалиётига мувофиқлигини ва халқаро стандартларга уйғунлигини таъминлашни талаб этади.
Институт директори Акром Тошпулатов парламент фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, ахборот-таҳлилий материаллар ва илмий-ҳуқуқий хулосалар тайёрлаш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда илмий таҳлил натижаларини парламент амалиётига татбиқ этишнинг аҳамиятини таъкидлади.
Қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов эса қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда чуқур илмий таҳлил ва холис экспертиза натижаларига таяниш депутатларнинг қонунчилик фаолияти самарадорлигини ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг пухталиги ва асосланганлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Учрашувда Институт ва қўмита ҳамкорлигини икки асосий йўналишда кучайтириш таклиф этилди. Биринчи йўналиш қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва унинг натижалари асосида таҳлилий хулосалар тайёрлашни қамраб олади. Иккинчи йўналиш эса кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича илмий далилларга таянган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Учрашув якунида ҳамкорликни мунтазам ва тизимли асосда ташкил этиш, устувор тадқиқот йўналишларини қўмитанинг амалий вазифалари билан мувофиқлаштириш ҳамда илгари сурилган таклифларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди



















