Сўнгги нафасгача қадр: паллиатив ёрдам – инсонпарварликнинг энг юксак мезони

Паллиатив ёрдам нима ўзи?
Тиббиёт фақат даволаш эмас – у инсоннинг дардини ҳис қилиш, уни енгиллатиш ва ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаш санъати.
Британиялик шифокор ва замонавий хоспис ҳаракатининг асосчиси Сисили Сондерс шундай деган эди:
“Сиз – сиз бўлганлигингиз учун қадрлисиз ва ҳаётингизнинг охиригача қадрли бўлиб қоласиз” (“You matter because you are you, and you matter to the end of your life”).
Бу фикр паллиатив ёрдамнинг моҳиятини жуда нозик ва таъсирчан тарзда очиб беради.
Паллиатив ёрдам – бу хавфли ва даволаб бўлмайдиган касалликка чалинган инсонга шунчаки яшаб туриш эмас, балки оғриқсиз, муносиб ва қадрли яшаш имконини беришга қаратилган ёрдам тури.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу тушунчани қуйидагича таърифлайди:
“Паллиатив ёрдам – ҳаёт учун хавфли касалликка дуч келган беморлар ва уларнинг оилалари ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ёндашув”.
Хоспис эса шу инсонпарвар ғоянинг амалий маконидир. У ерда даволашдан кўра кўпроқ парвариш, руҳий таскин ва инсонга бўлган эҳтиром устувор ҳисобланади.
Қисқача ва ихчам қилиб айтганда:
· паллиатив ёрдам – бу ёндашув ва ғоя;
· хоспис – унинг ҳаётдаги ифодаси.
Бугун дунёда миллионлаб инсонлар айнан шу ёрдамга муҳтож. Аммо уларнинг кўпчилиги ҳалигача оғриқ билан юзма-юз қолмоқда. Бу эса бир саволни ўртага ташлайди: инсон фақат яшаши керакми ёки муносиб яшаши?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳон бўйича тахминан 56,8 миллион киши (шундан 25,7 миллион киши ҳаётларининг сўнгги даврида) паллиатив ёрдамга муҳтож бўлади. Аммо бу эҳтиёжни фақат тахминан 14 % атрофидаги одамларгина қондирмоқда, яъни кўпчиликда паллиатив ёрдамга кириш имконияти чекланган. Чунки уларнинг кўпчилиги, яъни 78 %и паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди. Бу эса паллиатив ёрдамни йўлга қўйишдаги глобал тенгсизликни кўрсатади.
Яна битта масала: хоспислар фақат тиббий хизмат кўрсатадими?
Барчамизга аёнки, беморга фақат даво эмас, балки руҳий таскин, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инсоний муносабат ҳам бирдек зарурдир. Шу боис, хосписларда шифокор ва ҳамширалар билан бир қаторда психологлар, ижтимоий ходимлар ҳамда кўнгиллилардан иборат кўп тармоқли жамоа шаклланиши муҳим аҳамиятга эга. Айнан шундай ёндашув орқали инсоннинг оғриғи нафақат жисмонан, балки маънан ҳам енгиллашади.
Дунё қандай йўл тутмоқда: ҳуқуқ ва тизим уйғунлиги
Паллиатив ёрдам соҳасидаги халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бу йўналиш тасодифий эмас, балки аниқ қоидалар ва тизимли ёндашув асосида ривожланмоқда.
Масалан, Германия ва Жанубий Кореяда паллиатив ёрдам соҳаси алоҳида қонун билан мустаҳкамланган. АҚШ, Канада, Буюк Британия, Дания, Франция, Италия, Чехия, Хитой, Австралияда умумий соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунлар, Россия ва Қозоғистонда эса қонуности ҳужжатлар ва миллий стандартлар орқали тартибга солинган.
Германия тажрибаси шуни кўрсатадики, паллиатив ёрдам алоҳида йўналиш эмас, балки тиббий хизматнинг ажралмас қисми сифатида қонун билан мустаҳкамланган. Бу ерда беморга ёрдам фақат шифохонада эмас, балки унинг уйида ҳам кўрсатилиши устувор ҳисобланади. Хоспислар эса давлат томонидан юқори даражада молиялаштирилиб, харажатларнинг 95 фоизгача қисми қопланади. Шу билан бирга, хизматлар учун ягона миллий стандартлар жорий этилган бўлиб, ҳар бир бемор паллиатив ёрдам бўйича шахсий маслаҳат олиш ҳуқуқига эга.
Айниқса, Германиядаги ўзига хос ёндашув – инсон ҳаётининг сўнгги босқичини олдиндан режалаштириш амалиётидир. Бу жараёнда бемор, унинг яқинлари ва мутахассислар иштирокида келгусидаги тиббий қарорлар муҳокама қилинади. Паллиатив ёрдам эса албатта кўп тармоқли жамоа орқали кўрсатилади ва унинг сифати мунтазам мониторинг қилинади. Шу тариқа, тизимда тиббий, ижтимоий ва инсонпарвар ёндашувлар уйғунлашган ҳолда амал қилади.
Жанубий Корея тажрибаси паллиатив ёрдамни фақат тиббий хизмат сифатида эмас, балки инсоннинг қадри ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи билан чамбарчас боғлайди. Қонунга кўра, бемор ҳаётининг сўнгги босқичида қандай даволанишни ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳатто ҳаётни сунъий равишда узайтирувчи муолажалардан воз кечиш имконияти ҳам қонунан кафолатланган. Бунинг учун махсус “ҳаётни сақлаб турувчи даволаш режаси” ва олдиндан тузиладиган ёзма баёнот (advance directive) жорий этилган бўлиб, бемор ўз хоҳишини расмий равишда билдириши мумкин.
Шу билан бирга, тизим институционал жиҳатдан ҳам мукаммал ташкил этилган. Хусусан, паллиатив ёрдамни ривожлантириш учун 5 йилликмиллий дастурлар қабул қилинади ва махсус давлат органи орқалибарча маълумотлар ва қарорлар марказлаштирилган ҳолда юритилади.
Энг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир тиббий муассасада биоэтика қўмитаси ташкил этилиши шарт бўлиб, у ҳаётнинг сўнгги босқичидаги қарорларни ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқади. Шу тариқа, Корея моделида тиббий ёрдам, ҳуқуқ ва биоэтика бир нуқтада уйғунлашган ҳолда амал қилади.
Ҳақиқий эҳтиёж қаерда?
Кўп ҳолларда паллиатив ёрдам деганда, одамларда фақат онкологияга оид тасаввур пайдо бўлмоқда. Гўёки бу ёрдам тури фақат саратон билан боғлиқдек. Аслида эса ҳаёт анча мураккаб, дардлар эса бир йўналиш билан чекланмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда учта фаол хоспис муассасаси фаолият юритмоқда. Булар: 1) “Таскин” болалар хосписи (Тошкент шаҳри) – 20 ўринли, онкологик касалликка чалинган болалар учун; 2) Самарқанд хосписи – 50 ўринли, катталар учун мўлжалланган; 3) Хоразм вилоятида (Урганч) 20 ўринли хоспис.
Бундан ташқари, Онкология ва радиология илмий марказининг 14 та ҳудудий филиалида жами 200 та та паллиатив ўрин мавжуд. Бироқ уларнинг аксарияти онкологик касалликка чалинган беморлар учун хизмат кўрсатмоқда.
Паллиатив ёрдам – бу фақат битта касалликка эмас, балки инсоннинг оғир ҳолатига қаратилган ёндашув. Ҳолбуки, юрак-қон томир касалликлари, неврологик хасталиклар, сурункали нафас йўллари муаммолари, жигар ва буйрак етишмовчилиги каби ҳолатларда ҳам инсон оғриқ, руҳий тушкунлик ва ижтимоий қийинчиликлар билан юзма-юз келади. Яъни, оғриқнинг “тили” ягонадир.
Паллиатив ёрдам бўйича ЖССТ – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган “Palliative Care Needs Assessment, 2025” ҳисоботига мувофиқ, йиллик эҳтиёж 140 мингдан ортиқ беморни ташкил этиб, шундан 24 мингдан ортиғи (17 %) саратон касаллигига чалинган беморлардир. Демак, қолган 80 фоиздан ортиқ беморлар бошқа оғир сурункали касалликлар билан оғриётган инсонлардир.
Бироқ амалдаги хизматлар асосан айнан шу 17 фоиз атрофидаги тоифа билан чекланиб қолмоқда. Натижада юрак, неврология ёки бошқа оғир касалликлар билан оғриётган минглаб беморлар паллиатив ёрдамдан четда қолмоқда.
Шундай экан, масала жуда равшан: паллиатив ёрдамни касалликка қараб эмас, инсон ҳолатига қараб ташкил этиш керак. Чунки дардлар турлича бўлса-да, аммо оғриқ барчага бир хил бўлади.
Қолаверса, хоспислар асосан болалар учун хизмат кўрсатмоқда. Айни дамда Ўзбекистон аҳолисининг 32 фоизини кичик ёшдаги болалар (14 ёшгача) ташкил қилади. Аҳолининг қолган 68 фоизини эса (шундан 26 фоизи 14-30 ёшлилар) ундан катта ёшдагилар ташкил қилади.
Бу эса, катта ёшдагиларда оғир касалликлар кўпроқ учрашига қарамай, улар учун хизматдан фойдаланиш имкониятларининг чекланишига олиб келмоқда.
Тизим шаклланиш йўлида: ислоҳотлар ва келгуси йўналишлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда паллиатив ёрдамни ривожлантиришга қаратилган изчил қадамлар ташланмоқда.
Масалан, “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга кўра, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида хоспислар ташкил этиш учун 50 млрд. сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шундай бўлса-да, ушбу йўналишни янада мустаҳкамлаш мақсадида айрим масалаларга босқичма-босқич эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жумладан, паллиатив ёрдам ва хоспислар фаолиятини комплекс тарзда тартибга солувчи алоҳида қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқиш, соҳадаги муносабатларни янада аниқ ва изчил белгилашга хизмат қилади.
Шунингдек, паллиатив ёрдамни фақат айрим касалликлар билан чекламасдан, барча турдаги оғир ва сурункали касалликларга татбиқ этиш орқали хизматлар қамровини кенгайтириш ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, кўп тармоқли жамоавий ёндашувни ривожлантириш ва оғриқни самарали бошқаришга қаратилган механизмларни босқичма-босқич соддалаштириш орқали хизмат сифати янада оширилиши мумкин.
Бу каби эҳтиёткор ва изчил ёндашувлар натижасида паллиатив ёрдам тизими инсон қадрини таъминлашга хизмат қилувчи барқарор ва замонавий модельга айланади.
Жавоҳир Сафаев,
Парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими




















