Туркий ҳамжиҳатлик – тинчлик ва тараққиётнинг янги саҳифаси

Бу йил Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити туркий дунё тарихида муҳим сиёсий воқеа сифатида тарихга кирди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи нафақат делегация раҳбарлари, балки бутун туркий халқлар қалбида чуқур таъсир уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи қардошлик, адолат ва тинчлик ғояларининг ёрқин ифодаси бўлди.
Президентимиз нутқида бешта устувор йўналиш бўйича аниқ ташаббуслар илгари сурилди: саноат кооперацияси, “яшил энергетика”, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт-транзит, молия ва инновациялар.
Масалан, “яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш ғояси барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилса, органик маҳсулотлар бўйича ягона туркий бренд яратиш ташаббуси туркий дунё учун янги иқтисодий имкониятлар эшигини очади.
Шунингдек, энг муҳим йўналишлардан бири иқтисодий интеграция масаласи бўлди. Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда Туркий давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 3,3 миллиард доллардан ҳозирги кунда 10 миллиард долларгача ошди. Бу сўнгги етти йилдаги улкан ютуқдир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил якунида 253 миллион долларга, лойиҳалар портфели эса 4 миллиард долларга етди. 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 1 миллиард долларгача ошириш режалаштирилган.
Бу рақамлар Давлатимиз раҳбари ташаббусларининг нафақат сиёсий, балки амалий-иқтисодий аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда.
Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва креатив соҳаларда “Йўл харитаси”ни қабул қилиш таклифи ҳам илгари сурилди. Бу ташаббуслар ёшлар учун янги билим, замонавий касблар ва илғор технологияларга йўл очади.
Шу билан бирга, экстремизм ва радикализмга қарши кураш бўйича Туркий давлатлар маконида биргаликдаги Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифи ёшлар онгини муҳофаза қилишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида қўллаб-қувватланди.
Президентимиз томонидан Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш, шунингдек, 2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифи ҳам туркий давлатлар илмий ва маънавий бирлигини мустаҳкамлайди.
Айни пайтда, туркий дунё университетлари ўртасида 200 дан зиёд қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда, талабалар алмашинуви дастурларида эса 5 мингга яқин ёшлар иштирок этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Габала саммити “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” шиори остида ўтди. Бу бежиз эмас, чунки ҳеч бир иқтисодий ёки сиёсий ютуқ тинчликсиз бўлмайди. Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Туркий дунё барқарорлик, ишонч ва ўзаро англашув ҳудуди бўлиши шарт”.
Илгари сурилган ташаббуслар нафақат иқтисодий манфаат, балки умуминсоний қадриятлар – адолат, тинчлик ва ҳамжиҳатлик асосига қурилгани билан аҳамиятли.




















