Янги таҳрирдаги Конституция – инсон, жамият ва давлат ривожининг гарови

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти томонидан “Янги таҳрирдаги Конституция – инсон, жамият ва давлат ривожининг гарови” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирни Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов кириш сўзи билан очиб, Конституция демократик суверен давлатимизнинг мустақиллик тимсоли, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам кафолати эканлигини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарурлиги, бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш давр талаби эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, “давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принсиплари асосида амалга оширади” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган самарали ва барқарор тизим шаклланди.
Тадбирда Конституциявий суд судяси А.Раҳмонов “Конституция ва қонун устунлиги – ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси”, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Б.Наримонов “Рақамли технологиялар ривожланиш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалалари”, Тошкент давлат юридик университети профессори А.Йўлдошев “Конституция – давлат суверенитети кафолати”, Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Ш.Ғаффорова “Конституция – инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимояси кафолати” мавзуларида маърузалар қилишди.
Уларда Конституцияга киритилган асосий ўзгаришларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди. Хусусан, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайиб, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилганлиги, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланганлиги масаласи иш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституция судлар тизими фаолиятига ҳам янгича мазмун олиб кирганлиги, яъни эндиликда Конституциявий суд судяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланганлиги, Конституциявий судга фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли эканлигига оид махсус норма ўрнатилганлиги фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга замин яратиши эътироф этилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштирганлиги, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, уни ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жамиятни янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


















