Конрад Аденауер номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 14 март куни Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов Конрад Аденауер номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Алгермиссен билан учрашди.
Мулоқотчоғида институт директори А.Тошпулатов жамғарманинг янги тайинланган минтақавий ваколатхонаси раҳбарига юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида сўз юритиб, уни институт фаолияти билан таништирди. Институт ва жамғарма ўртасидаги ҳамкорлик 2018 йилдан бошлаб олиб борилганлигини, ҳамкорлик доирасида бир нечта илмий ва амалий тадбирлар ўтказилганлигига алоҳида тўхталди.

Бироқ сўнгги йилларда ҳамкорлик заифлашгани ҳамда дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга еҳтиёж сезилаётганлигига урғу бериб, икки томонлама ҳамкорликни таъминлашга қаратилган Меморандум ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолашни таклиф этди. Бу келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, хусусан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва биргаликда тадбирлар ўтказишга асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, Андре Алгермиссенсўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишларга юқори баҳо бериб, Жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан, хусусан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган лойиҳалари тўғрисида маълумот берди.
У ўз нутқида Парламент тадқиқотлари институтининг ўтган қисқа даврда парламент депутатларининг ҳақиқий ёрдамчисига айланганига тўхталиб ўтди. Институт томонидан Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва қонун лойиҳаларига илмий хулоса беришдаги ҳамда ахборот-таҳлилий материаллар, илмий таклиф ва тавсияларининг аҳамиятига, айниқса давлат дастури, консепсиялар ишлаб чиқилишидаги кўмагига, Қонунчилик палатаси ва депутатларнинг қонун ижодкорлиги борасидаги кўмаклашиш фаолиятига юқори баҳо берди. Институтнинг парламентаризмни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, институт ҳузурида “Парламент ҳуқуқи” ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этилганлиги унда алоҳида қизиқиш уйғотганини билдирди.
Дўстона руҳда ўтган мулоқот якунида томонлар қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, бу борадаги халқаро тажриба алмашиш соҳасида амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олинди.




















