Эстонияда жамоат кутубхоналари фаолиятини ташкил этиш тизими ислоҳ қилинмоқда

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Эстония парламенти – Рийгикогу ҳукумат ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Жамоат кутубхоналари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Мазкур қонун жамоат кутубхоналари тармоғини бошқариш ва улар фаолиятини ташкил этиш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, ҳар бир муниципалитет ҳудудидаги барча жамоат кутубхоналари ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Шунингдек, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ахборот алмашинувини таъминлаш мақсадида умуммиллий кутубхона маълумотлар базаси жорий этилади. Амалдаги учта алоҳида ахборот тизими ўрнига ягона маълумотлар базасини шакллантириш назарда тутилган. Унга жамоат кутубхоналари билан бир қаторда илмий-тадқиқот, ихтисослаштирилган ва мактаб кутубхоналари ҳам ихтиёрий равишда уланиши мумкин.
Кутубхоналарни бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг янги тартиби
Ислоҳот доирасида Эстония Миллий кутубхонасига жамоат кутубхоналари соҳасидаги умуммиллий вазифаларни амалга ошириш ваколатлари берилади. Илгари мазкур вазифалар 15 та ҳудудий кутубхона томонидан мувофиқлаштирилган бўлса, янги тартибга кўра, барча муниципал жамоат кутубхоналари Миллий кутубхонанинг тенг ҳуқуқли ҳамкорларига айланади.
Бунда кутубхоналар тармоғини ташкил этиш маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатида сақлаб қолинади. Бироқ тармоқни шакллантиришда аҳоли сони, зичлиги ва таркиби, шунингдек, ҳудудий эҳтиёжлар асосий мезонлар сифатида белгиланади.
Миллий кутубхона зиммасига миллий хизматларни яратиш, бошқариш ва ривожлантириш, ҳисоботларни йиғиш ва таҳлил қилиш, соҳавий маслаҳатлар бериш, ходимлар малакасини оширишни мувофиқлаштириш ҳамда нашрларни марказлашган тартибда харид қилиш вазифалари юклатилади. Шу билан бирга, ҳар бир жамоат кутубхонаси ўз фонди учун нашрларни мустақил танлаш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Кутубхона ходимларига қўйиладиган малака талаблари
Қонун билан кутубхоначиларнинг касбий малакасига доир талаблар ҳам белгиланди. Унга кўра, кутубхоначи, қоида тариқасида, олий касбий маълумотга эга бўлиши лозим. Бундай маълумот мавжуд бўлмаган тақдирда, бошқа олий маълумот ва кутубхоначи касбига эга бўлиш талаб этилади.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органларига ходимнинг аввалги иш тажрибаси ва меҳнат фаолияти давомида орттирган компетенцияларини ҳам инобатга олиш имконияти берилади. Бу етарли тажрибага эга, бироқ белгиланган касбий малака талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган, зарур таълим ёки касбий тайёргарликни эгаллашга тайёр мутахассисларни ишга қабул қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, парламент томонидан кутубхона фойдаланувчилари маълумотларини текшириш тартибини соддалаштириш ва кутубхона маълумотлар базаларидан фойдаланиш қоидаларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилди. Ислоҳотни амалга оширишга тайёргарлик кўриш мақсадида қонун нормаларининг кучга кириш муддатлари ҳам кечиктирилди.
Қонуннинг қабул қилиниши
Қонун лойиҳаси юзасидан парламентда турли сиёсий партиялар вакиллари фикр билдирдилар. Овоз бериш натижаларига кўра, 52 нафар депутат қонунни ёқлаб, 19 нафари қарши овоз берди, 1 нафар депутат эса бетараф қолди.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Эстония тажрибаси Ўзбекистонда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, улар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Хусусан, жамоат кутубхоналарини ягона электрон маълумотлар базасига бирлаштириш, нашрларни харид қилиш жараёнларини марказлаштириш билан бирга кутубхоналарнинг ўз фондларини мустақил шакллантириш ҳуқуқини сақлаб қолиш, шунингдек, ходимларнинг касбий малакасини баҳолашда иш тажрибаси ва амалдаги компетенцияларини инобатга олиш каби ёндашувларни миллий қонунчиликни такомиллаштиришда ўрганиш мумкин.
Бундай механизмларни жорий этиш ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятида бошқарув самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун кутубхона хизматларининг ҳудудий жиҳатдан қулайлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.


















