
Буюк Британия парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма қўмитаси болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кенг кўламда ислоҳ қилишга чақирди. Таклифлар давлат қарамоғидаги болалар ва бундай қарамоқдан чиққан ёшларга кўрсатиладиган ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган.
Қўмита маълумотига кўра, Англияда қарийб 400 минг бола ижтимоий ҳимоя тизимида бўлиб, уларнинг қарийб 84 минг нафари маҳаллий ҳокимият органлари қарамоғида. Ҳисоботда тизимдан фойдаланиш тартибини соддалаштириш, шикоятларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда давлат қарамоғида бўлишнинг бола келажагига узоқ муддатли таъсирига эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилган.
Шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Англия қонунчилигига тўлиқ имплементация қилиш таклиф этилган. Қўмита фикрича, бу давлат қарамоғидаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларни қўллаб-қувватлашга масъул давлат органларининг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳисоботда давлат қарамоғидан чиққан ёшларга кўрсатиладиган ёрдам улар вояга етганидан кейин кескин камайиши таъкидланган. Шу сабабли Ҳукуматга уй-жой, соғлиқни сақлаш, таълим ва бандлик соҳаларидаги ёрдамни қатъий ёш чегаралари билан чекламасдан давом эттириш имкониятларини ўрганиш тавсия қилинган.
Қўмита болаларни оилавий муҳитда сақлаб қолишда қариндошлар парваришининг аҳамиятини ҳам қайд этган. Қариндошларга нафақа тўлаш бўйича синов дастури ижобий қадам сифатида баҳоланган, бироқ узоқ муддатли тизим жорий этилгунга қадар бундай оилаларга молиявий ёрдам ва ота-оналик таътили бериш каби вақтинчалик чораларни кўриб чиқиш таклиф қилинган.
Ногиронлиги бўлган болаларга ёрдам кўрсатиш тартибининг ҳудудлар бўйича фарқ қилиши ҳам танқид қилинган. Қўмита бундай болалар, уларнинг оилалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилайдиган ягона қонуний қўлланма ва миллий мезонларни ишлаб чиқишга чақирган.
Бундан ташқари, болаларни жойлаштириш учун муносиб муассасалар етишмаслиги уларнинг қиммат ва талабга жавоб бермайдиган жойларга, кўпинча оиласи ва ижтимоий муҳитидан узоқда жойлаштирилишига олиб келаётгани кўрсатилган. Шу муносабат билан назоратдан ўтмаган жойлаштириш муассасаларидан фойдаланишни тўхтатиш, маҳаллий ҳокимиятларнинг имкониятларини кенгайтириш, текширувларни кучайтириш ва муассасаларни рўйхатга олишдаги кечикишларни бартараф этиш тавсия этилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг умумий ҳуқуқий асослари “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунларда белгиланган. Шунингдек, 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ–185-сон Фармон билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини ривожлантириш ҳамда уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори асосида бундай болаларнинг ижтимоий ва оилавий шароитини баҳолаш, уларни манфаатларига мос шаклда жойлаштириш ҳамда индивидуал ривожланиш ва жамиятга интеграция режаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Қарорда болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, таълим олиши ва ишга жойлашишига кўмаклашиш, шунингдек, уй-жой билан таъминлашга ёрдам бериш чоралари ҳам белгиланган.
Шу жиҳатдан, Буюк Британияда таклиф этилган давлат қарамоғидан чиққан ёшларни қўллаб-қувватлашни қатъий ёш чегарасидан кейин ҳам давом эттириш, қариндошлар парваришини рағбатлантириш, ногиронлиги бўлган болалар учун ягона мезонларни белгилаш ҳамда жойлаштириш муассасалари устидан назоратни кучайтириш ёндашувлари Ўзбекистон учун долзарбдир.
Ушбу тажриба амалдаги ҳамроҳлик дастурларининг давомийлиги ва қамровини баҳолаш ҳамда болалар учун кўрсатиладиган хизматларни ҳудудлар бўйича бир хил стандартларга келтиришда ўрганилиши мумкин.