Ортга қайтиш Чоп этиш

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясини янгилаш асослари ва сабаблари

Ҳозирги пайтда янгитдан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон -2030” стратегияси лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган. Ушбу Стратегия билан танишар эканмиз ўз ўзидан битта ҳақли савол туғилади: 2023 йил сентябрда қабул қилинган ва шу вақтгача катта ғайрат ва шижоат билан амалга оширилаётган Стратегияни янгилашга нималар асос бўлмоқда?


Янгиланган Стратегияни қабул қилишнинг энг асосий сабаби умумжаҳон  ривожланиши жараёнлари билан боғлиқ. Уларнингичида айрим тенденциялар, глобал ўзгаришлар ва янги чақириқларнинг таъсир доиралари борган сари сезиларли ва хатарли бўлиб бормоқдаки, улар, албатта, улуғ мақсадларни кўзлаган, айниқса янги жамият ва давлат барпо этиш ҳамда ривожлантиришга интилаётган сиёсий иродани ташвишлантирмасдан қўймайди. Умумжаҳон жараёнлари кучайган сари, албатта, уларга мослашадиган даражада ўз ривожланишимизни қайта кўриб чиқишимиз, қўшимча имкониятларни излаб топишимиз ва олға интилишимизни янада кучайтиришимиз зарурияти вужудга келади.

Умумжаҳон тенденцияларига жавобан янги марраларни белгилаш ҳамда ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини қайта кўриб чиқиш орқали устувор мақсадларга эришамиз. Бундай мақсадларга эришиш учун халқаро бозорлардаги тебранишлар, саноат ва технологияларнинг кескин ривожланиши, энергия бозорларидаги трансформациялар, глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши каби жараёнларга янгича мазмун-моҳият билан ёндашиб, жавоб бериш талаб этилади.

Юқорида айтиб ўтилган жараёнларга янгича ёндашиб ҳаракат қилиш глобал рақобатни юзага келтираётган соҳаларда Ўзбекистоннинг ҳам муҳим ўрин эгаллаши учун Стратегияда акс эттирилган мақсад ва вазифалар яққол асос бўлади. Уларга таяниб айтиш мумкинки, айни вақтда Ўзбекистонда билим ва инновацияларга таянадиган бугунги глобал рақобат нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга сазовор бўлган “рақамли иқтисодиёт”, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар бошқаруви каби соҳаларни ривожлантириш асосий масалага айланмоқда. Амалдаги Стратегияни янгилашнинг туб маъносида авваламбор шу каби сабаблар бор.

“Ўзбекистон - 2030” стратегияни янгилашнинг яна бир сабаби – аҳоли сонининг шиддат билан ўсишидир. Ҳозирда 27 млн.га яқин бўлган аҳоли башоратларга кўра 2030 йилга бориб 41 млн.дан ошиб кетади. Бу мамлакат ривожланиши учун ҳисобга олиниши шарт бўлган фактордир. Аҳоли ўсиши шунга жавобан мамлакат ривожланишини янада жадаллаштиришни талаб этади. Ўсиб бораётган аҳолининг бандлиги ва даромадлари, уй-жой, хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш каби давлатнинг зиммасида бўлган бир қанча мажбуриятлари бор-ки, уларнинг келажак салмоғини ҳозирдан ҳис этиб, муқаддам белгилаган режаларимизни доимо уларга мувофиқлаштириб боришни тақозо этади. Бу ҳолатлар стратегик ривожланиш масалаларига янгича ёндашишни талаб этади. Амалда “Ўзбекистон -2030” стратегиясини янгилашнинг яна бир сабаби мана шундан иборат. 

Амалдаги “Ўзбекистон -2030” стратегиясини янгилашнинг яна бир сабаби Янги Ўзбекистонни ривожлантиришда мутлақо янги стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилганидир. Бу тизим “мақсад – ҳаракат – натижа” занжирига асосланганлиги алоҳида аҳамиятга моликдир. Бу тизим шуни англатадики, Стратегияда акс эттирилган марралар мақсадлар шаклида акс эттирилиб, уларни бажариш учун мажбурий бўлган ҳаракатлар белгиланади, ва, албатта, натижадорлик (самарадорлик) кўрсатгичлари билан сарҳисоб қилинади. Бу Стратегиядаги мақсадларни бажаришнинг асосий шартидир. Хулоса қилиб айтганда келажак ривожланишимиз “мақсад – ҳаракат – натижа” занжири тамойилига асосланади.  


Йўлдош Жўраев,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими, ю.ф.д.