Ортга қайтиш Чоп этиш

Вьетнам Миллий мажлиси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда қабул қилди

Вьетнам Миллий мажлиси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда қабул қилди

2026 йил 20 ноябрда Вьетнам Миллий мажлиси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Қонун 2027 йил 1 мартдан кучга киради. Унда “ҳуқуқ нормаси” тушунчасига таъриф берилди ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучига кўра ўрни белгиланди. Дастлаб бекор қилиш таклиф этилган беш турдаги ҳужжат, жумладан, Миллий мажлис, унинг Доимий қўмитаси ва Ҳукумат қарорлари сақлаб қолинди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашдан олдин унда назарда тутилаётган ечимларни баҳолаш тартиби ўзгарди. Саккизта вазирлик ва идора 15 кун ичида ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ёзма хулоса беради. Масалан, Молия вазирлиги таклифни амалга ошириш учун маблағ манбаларини, Ташқи ишлар вазирлиги унинг халқаро шартномаларга мувофиқлигини, Адлия вазирлиги эса Конституция ва қонунларга мослигини баҳолайди. Ҳар бир идора ўз хулосасининг сифати учун жавоб беради. Ҳукумат тайёр қонун лойиҳасини Миллий мажлисга киритишдан олдин Адлия вазирлиги уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Миллий мажлис йиғила олмайдиган ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда унинг Доимий қўмитаси ёки Ҳукумат қонун ёхуд парламент қарорининг айрим қоидаларини вақтинча ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Ҳукумат бундай қарорни Доимий қўмитанинг розилиги билан қабул қилади. Қарорда қайси қоидалар ўзгариши ва улар кимларга татбиқ этилиши аниқ кўрсатилади. Шошилинч тартибда ҳам ҳуқуқий экспертиза ва парламент қўмитасида кўриб чиқиш босқичлари сақланади. Қарор кўпи билан бир йил амал қилади. Тегишли ўзгартиришлар Миллий мажлиснинг энг яқин сессиясига киритилади. Парламент уларни маъқулламаса, вақтинчалик қарор ўз кучини йўқотади.

Ўзбекистон учун долзарблиги

Ўзбекистоннинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 30-моддасига кўра, манфаатдор идоралар қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, етти иш куни ичида келишади. 31-моддага мувофиқ, бу муддат бузилса, идора раҳбари шахсан жавоб беради. Вьетнам тажрибаси асосида Ўзбекистонда ҳам қонун лойиҳаси концепциясини тайёрлаш босқичида қайси идора қайси масала бўйича асослантирилган ёзма хулоса бериши ва унинг сифати учун жавобгарлигини аниқ белгилаш мумкин.

Шунингдек, фуқаролар ёки тадбиркорларга янги мажбурият юклаш заруратини биринчи ўқишда баҳолаш мақсадга мувофиқ. Вьетнамда Адлия вазирлиги таклиф этилаётган маъмурий тартиб-таомилнинг зарурлигини баҳолайди. Ўзбекистонда ПФ–111-сон Фармон ҳам муқобил ечимларни баҳолашни назарда тутади. Масалан, янги рухсатнома жорий этиш таклиф қилинса, масъул қўмита ўз хулосасида у қайси хавфнинг олдини олишини, хабардор қилиш тартиби нега етарли эмаслигини ва рухсатнома олиш тадбиркорга қанча вақт ва маблағга тушишини кўрсатиши лозим.