МУНОСАБАТ

Саида МАХМАТҚУЛОВА
Доктарант
Давлатимиз раҳбарининг Иорданияга ташрифи чоғида суюкли набираси Шавкатбекка йўллаган мактубини ёш тадқиқотчи сифатида бир неча бор қайта ўқидим. Унда меҳрибон бобонинг ўгитлари билан бирга илм-фанга юксак эҳтиром, билимни миллат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи деб билиш фалсафаси мужассам. Айниқса, “Илм-фан янгиликларини синчковлик билан кузатиб, уларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қил!” деган даъват илм йўлига қадам қўйган ҳар бир изланувчи учун дастуриламалдир.
Мактубда тилга олинган буюк аждодларимиз биз учун фақат фахр манбаи эмас, балки илмий методнинг тирик мактабидир. Абу Райҳон Беруний тог‘ баландлигини кузатиш ва тригонометрик ҳисоб-китоб орқали ер радиусини аниқлаган, унинг натижаси замонавий қийматдан бор-йўғи бир фоизча фарқ қилади. Мирзо Улуғбек Самарқанд расадхонасида йиллар давомида олиб борилган кузатувлар асосида 1018 юлдуздан иборат каталог тузган, бу жадвал аниқлик бўйича XVI асргача тенгсиз бўлиб қолган. Бу мисоллар илмнинг олтин қоидасини эслатади: ҳақиқат кузатув, тажриба ва аниқ ҳисоб-китоб билан исботланади. “Аслинг-наслинг” деган ҳикматга муносиб бўлиш учун биз, ёш тадқиқотчилар, айнан шу илмий ҳалоллик ва синчковликни мерос қилиб олишимиз керак.
Президентимиз болалиги пахта далаларида ўтганини эслаб, давлат раҳбари бўлгач, биринчи галда болаларни далалардан мактаб партасига қайтарганини ёзади. Бу қарор ортида бобо меҳри билан бирга чуқур илмий ҳақиқат ҳам бор. Нобель мукофоти совриндори Гари Беккер “инсон капитали” назарияси орқали билимга сарфланган маблаг‘ харажат эмас, даромад келтирадиган сармоя эканини асослаб берган. Яна бир Нобель лауреати Жеймс Хекман эса бу сармоя болаликнинг илк йилларида энг катта самара беришини кўрсатган. Олимнинг бошқа бир хулосаси ҳам мактуб билан ҳамоҳанг: инсон салоҳияти фақат ақл-заковат билан эмас, сабот, мулоқот кўникмаси ва ўзини тута билиш билан ҳам ўлчанади. Мактубда етук инсон бўлиб улғайиш “аввало, ўзингизга, ирода ва сабот-матонатингизга боғлиқ” экани таъкидлангани ҳам бежиз эмас.
Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, аммо уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги насиҳат ҳам илмий тадқиқотларда ўз тасдиғини топмоқда. Массачусетс технология институти (МИТ) олимларининг 2025-йилда эълон қилинган тадқиқотига кўра, иншо ёзишда доимий равишда сунъий интеллектга таянган иштирокчилар тўрт ой давомида мия фаоллиги, тил ва хулқ-атвор кўрсаткичлари бўйича изчил ортда қолган. Олимлар бу ҳолатни “когнитив қарз” деб атаган. Аввал мустақил ёзиб, сўнгра сунъий интеллектдан ёрдамчи сифатида фойдаланганлар эса фаолроқ фикрлагани қайд этилган. Демак, технология тафаккурнинг ўрнини босмаслиги, балки уни бойитиши керак.
Илмда деярли ҳар бир кашфиёт ортида ўнлаб муваффақиятсиз уринишлар яширинган. Гипотеза тасдиқланмайди, тажриба кутилган натижани бермайди, мақола таҳририятдан қайтади. Тадқиқотчи учун бу енгилиш эмас, балки изланишнинг навбатдаги босқичи. Чунки нотўғри йўлни аниқлаш ҳам тўғри йўлга бир қадам яқинлашиш демакдир. Мактубдаги “Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир” деган сўзлар шу маънода илм аҳлининг шиорига айланиши керак. “Ҳеч қачон енгилдим дема!” деган даъват эса лабораторияда ҳам, кутубхонада ҳам бирдек янграши лозим.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йил якунида мамлакатимизда мен каби 8 326 нафар таянч докторант илмий изланиш олиб борган, PhD даражасига эга тадқиқотчилар сони эса 15,5 минг нафарга етган. Президентимиз юртимиздаги миллионлаб ўғил-қизлар қалбида даҳоларнинг ўлмас руҳи яшаётганига имони комил эканини ёзади. Бу ишончни оқлаш-биз, ёш олимларнинг бурчимиз.
❝ Зеро, илм-ватан келажагига қўйилган энг ишончли сармоя, унинг самараси эса бугунги изланишларимиз ва эртанги кашфиётларимиз билан ўлчанади. ❞
Саида МАХМАТҚУЛОВА,
Доктарант