Ортга қайтиш Чоп этиш

"Вақт етмайди, вақт!" — Ватан равнақи, халқ хизмати ва ёш авлод келажаги йўлидаги масъулият ифодаси

МУНОСАБАТ

Нуриддин СОТИВОЛДИЕВ

Нуриддин СОТИВОЛДИЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактуб" номли самимий мурожаатида давлат раҳбарининг ҳаётий тажрибаси, Ватан ва халқ олдидаги масъулият, фарзандлар келажагига дахлдорлик ҳамда ёш авлод учун муҳим бўлган ҳаётий қадриятлар чуқур мазмун билан ифода этилган. Айниқса, Президентнинг "Мендан “Бобожон, ҳозир сизга нима кўпроқ етмайди?” деб сўрасанг, ҳеч иккиланмай “Вақт етмайди, вақт!” деб жавоб бераман", деган сўзлари мактубнинг асосий ғоясини ўзида мужассам этган.

Мактубда давлатимиз раҳбари набираси нега хорижий сафарларга тез-тез чиқиши ҳақидаги оддий, болаларга хос саволига жавоб берар экан, зиммасидаги масъулият нафақат оиласи ва яқинлари, шунингдек, миллионлаб юртдошлари, айниқса, ёш авлоднинг келажаги билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакат тараққиётига эришиш, юртдошлар учун янги имкониятлар яратиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давлат хизмати замиридаги юксак масъулиятни яққол намоён этади.

Мурожаатнинг муҳим жиҳатларидан бири — болалар ва ёшларнинг таълим-тарбияси, илм-маърифатга интилиши ҳамда уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганидир. Президентимиз ўз болалигидаги машаққатларни ёдга олиб, бугунги авлод бундай қийинчиликларни бошдан кечирмаслиги, замонавий мактаб ва боғчаларда таълим олиб, ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган имкониятларни қайд этади. Шу билан бирга, буюк аждодларимиз — Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий меросига мурожаат қилиб, ёшларни аждодларга муносиб ворис бўлишга чорлайди.

Мактубда замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш, хорижий тилларни ўрганиш, вақтни қадрлаш, интизомли бўлиш, қийинчиликлар олдида сабр ва матонат кўрсатиш каби фазилатлар ҳам ёш авлод камолотининг муҳим шартлари сифатида талқин этилган. Айниқса, вақтни ортга қайтариб бўлмайдиган бебаҳо бойлик сифатида қадрлашга оид фикрлар ҳар бир инсонни ўз имкониятларидан унумли фойдаланишга ундайди.

Фикримизча, мазкур мактубнинг аҳамияти шундаки, унда давлат ва жамият тараққиёти, оилавий тарбия, миллий қадриятлар ва ёшлар камолоти ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ёритилган. Ундаги ҳаётий сабоқлар нафақат ёшлар, балки ота-оналар, устоз-мураббийлар ва кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Хусусан, мактуб мазмунини таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик соатлари ва ёшлар билан учрашувлар доирасида муҳокама қилиш уларда вақтга масъулиятли муносабат, билимга интилиш ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зотан, ёш авлоднинг қандай инсон бўлиб вояга етиши нафақат бугун яратилаётган имкониятларга, балки уларнинг илм олиши, вақтни қадрлаши, ўз олдига юксак мақсадлар қўйиши ва Ватан равнақига дахлдорлик ҳисси билан яшашига ҳам боғлиқ.

❝ Мактубнинг асосий ғояси ҳам ҳар бир авлод вакили ўз ҳаёти, билими ва меҳнати билан юрти келажагига муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини англатади. ❞

Нуриддин СОТИВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими