
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Қозоғистон Қурултойи Бюроси “Онлайн-платформалар ва масс-медиа масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Қурултойнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритди. Мазкур лойиҳа Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилиб, сентябрь ойида парламентга киритилган бўлиб, 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, “Онлайн-платформалар ва онлайн-реклама тўғрисида”ги қонунни янги модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтказиш тақиқланади. Бунда тезкор хабар алмашиш хизматлари (мессенжерлар) мазкур тақиқдан мустасно этилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида онлайн-платформалар ваколатхоналарини мажбурий ҳисобга қўйиш, онлайн таълим курслари муаллифлари (онлайн-коучлар) фаолиятига алоҳида талаблар белгилаш ҳамда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонунчилик ташаббусининг асослантирилишида Австралиянинг 2024 йил охирида 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга доир тажрибаси ҳамда Европа парламентининг тегишли тавсиялари келтирилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун энг кам ёш чегараси қонунчилик даражасида белгиланмаган. Хусусан, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида ахборот маҳсулотларининг ёш тоифалари (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) белгиланган. Мазкур Қонуннинг 19-моддасида эса ахборот маҳсулотларини тегишли дастурий-аппарат воситаларисиз тарқатишга доир чекловлар назарда тутилган. Бироқ ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун ёш чегараси, шунингдек, веб-сайт эгалари ва провайдерларнинг мазкур йўналишдаги алоҳида мажбуриятлари белгиланмаган.
Шунингдек, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, вояга етмаганларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун уларнинг ота-оналари, васийлари ёки ҳомийларининг розилиги талаб этилади. Бироқ рақамли хизматлардан фойдаланишда алоҳида ёш чегараси ҳамда онлайн-платформалар томонидан фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш механизми назарда тутилмаган.
Ўзбекистонда ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини ҳуқуқий тартибга солиш масаласи кун тартибига қўйилган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Қозоғистон тажрибасини, айниқса, фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш механизмини белгилаш заруратини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ. Бунда босқичма-босқич ёндашув асосида ижтимоий тармоқ (онлайн-платформа) тушунчасини мустаҳкамлаш, 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг уларда рўйхатдан ўтишини чеклаш имкониятларини кўриб чиқиш мумкин.