Ортга қайтиш Чоп этиш

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида фуқаролар иштирокини кенгайтириш – демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи

МУНОСАБАТ

Зотан

Зотан
халқ манфаатлари қарорлар қабул қилиш жараёнининг марказида турган, фуқаролар овози эшитилган ва давлат органлари фаолияти жамоатчилик учун очиқ бўлган жамиятдагина демократик ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини намоён этади

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ортга қайтмас ислоҳотларнинг марказида инсон қадрини улуғлаш, давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ҳамда фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш каби устувор мақсадлар турибди. Айниқса, сўнгги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг 2026 йил 16 ноябрдаги "Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ–247-сон Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Мазкур Фармонда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш, депутатлар фаолияти кафолатларини кучайтириш, давлат органлари раҳбарларининг ҳисобдорлигини ошириш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Айниқса, Фармоннинг 10-бандида белгиланган янгилик фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Унга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида кузатувчи сифатида иштирок этиш амалиёти жорий этилади. Бу эса аҳолига ўз ҳудуди ҳаётига дахлдор масалаларнинг муҳокама қилиниши ва қарорлар қабул қилиниши жараёнларини бевосита кузатиш учун янги имкониятлар яратади.

Ушбу янгиликнинг аҳамияти шундаки, фуқаролар маҳаллий вакиллик органлари фаолияти билан бевосита танишиш, ўз ҳудуди тақдирига дахлдор масалалар қандай муҳокама қилинаётганини кузатиш ҳамда депутатлар фаолияти ҳақида холис тасаввур ҳосил қилиш имкониятига эга бўлади.

Зеро, маҳаллий Кенгашларда қабул қилинадиган қарорлар аҳолининг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Ҳудудий бюджет маблағларининг тақсимланиши, ичимлик суви ва йўл инфратузилмаси, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти, аҳоли бандлиги ҳамда экологик муаммолар каби масалалар айнан шу даражада муҳокама қилинади.

Шу маънода, фуқароларнинг Кенгаш сессияларида иштирок этиши, аввало, қарор қабул қилиш жараёнининг очиқлигини таъминлаш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини ошириш ва давлат органларига бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.

Хорижий давлатлар тажрибаси ҳам маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида жамоатчилик иштирокини таъминлаш демократик бошқарувнинг муҳим шартларидан бири эканлигини кўрсатади. Жумладан, Буюк Британияда маҳаллий кенгашлар мажлислари, қонунда белгиланган истиснолардан ташқари, жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади. Польшада фуқароларнинг маҳаллий кенгашлар сессиялари ва комиссиялари йиғилишларида қатнашиш, шунингдек, мажлис баённомалари билан танишиш ҳуқуқи кафолатланган. Грузияда эса фуқаролар муниципал кенгашларнинг очиқ мажлисларида олдиндан рухсат олмасдан иштирок этиши, белгиланган тартибда саволлар ва фикр-мулоҳазалар билдириши мумкин. Эстонияда ҳам маҳаллий кенгашлар мажлисларининг очиқлиги қонунчилик даражасида мустаҳкамланган. Ушбу тажриба шуни кўрсатадики, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги фақат ахборот олиш имконияти билан чекланмай, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва қарорларнинг асосли қабул қилинишига хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда жорий этилаётган янги тартибни маҳаллий Кенгашлар билан фуқаролар ўртасидаги институционал мулоқотни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.

❝ Бунда сессияларда кузатувчи сифатида иштирок этиш тартибининг аниқ, тушунарли ва барча учун тенг имкониятлар асосида ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга. ❞

Зотан,
халқ манфаатлари қарорлар қабул қилиш жараёнининг марказида турган, фуқаролар овози эшитилган ва давлат органлари фаолияти жамоатчилик учун очиқ бўлган жамиятдагина демократик ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини намоён этади