
ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Парламент тадқиқотлари институти ходимлари учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва Девони томонидан 2026 йилнинг IV чорагида соҳавий ўқув семинарларини ташкил этиш режаси доирасида Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси фаолиятига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда иштирокчилар қўмитанинг асосий вазифалари, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларидаги фаолияти билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида қўмитада муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ва долзарб масалаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг тадбиркорлик муҳити, рақобат муносабатлари ва саноатни ривожлантиришга таъсири юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда қўмита фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, жумладан, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда тадқиқотларнинг ўрни алоҳида таъкидланди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги маъмурий ва тартибга солиш тўсиқларини аниқлаш, рақобат муҳитининг ҳолатини ўрганиш, қонунчилик ташаббусларининг эҳтимолий таъсирини баҳолаш қўмита учун долзарб тадқиқот йўналишлари сифатида қайд этилди.
Қўмита томонидан ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, қонун лойиҳалари бўйича хорижий тажрибанинг қиёсий жадвалларини тайёрлаш, уни миллий қонунчиликка жорий этиш имкониятларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, амалдаги қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ҳамда соҳавий тушунча ва атамаларнинг аниқлигини таъминлаш бўйича тадқиқотлар олиб бориш таклиф этилди.
Шунингдек, Парламент тадқиқотлари институти ходимларининг қўмитада қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнларида бевосита иштирокини йўлга қўйиш масаласига эътибор қаратилди. Бу ёндашув илмий-таҳлилий хулосаларни қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти билан боғлаш, тадқиқот натижаларининг амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
💬 Семинар якунида қўмита фаолиятининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Институт билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган тадқиқот мавзулари ва ишлаш механизмлари юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
📸 ФОТОЛАВҲА