
ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Парламент тадқиқотлари институтида "Сунъий интеллект билан самарали ишлаш" мавзусида ўқув семинари ўтказилди. Унда сунъий интеллект технологияларининг бугунги имкониятлари, улардан илмий-таҳлилий фаолиятда, ҳужжатлар билан ишлашда ҳамда ахборот материалларини тайёрлашда самарали фойдаланиш усуллари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида иштирокчиларга сунъий интеллект воситалари билан амалий ишлаш усуллари намойиш этилди. Жумладан, матнларни таҳлил қилиш ва қисқача мазмунини тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда хорижий тажрибани ўрганиш, маълумотларни тизимлаштириш, жадвал ва инфографикалар яратиш, таржима ва таҳрир ишларини бажариш, тақдимот материалларини тайёрлаш имкониятлари кўрсатиб берилди.
Семинарда сунъий интеллектга аниқ ва мақсадли топшириқ бериш қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида олинган натижаларнинг ишончлилигини текшириш, фойдаланилган манбаларни ўрганиш, ахборот хавфсизлиги ва махфийлик талабларига риоя этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Амалий машғулотлар давомида ходимлар ўз касбий фаолиятига оид вазифаларни бажаришда сунъий интеллект воситаларини синаб кўрди, улардан фойдаланиш бўйича саволларига жавоб олди. Иштирокчилар бундай ўқув машғулотлари кундалик иш жараёнларини тезлаштириш, маълумотлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва тайёрланадиган таҳлилий материаллар сифатини яхшилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
💬 Институтда ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологиялардан касбий фаолиятда фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқув семинарлари давом эттирилади.
📸 ФОТОЛАВҲА