МУНОСАБАТ

Нуриддин СОТИВОЛДИЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими
Таълимда узлуксизлик ва халқаро стандартларга уйғунлик
Бугунги кунда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлаш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси таълим тизимидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунларга бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш жараёнини 11 йиллик мажбурий таълим тизими билан интеграция қилиш, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда болаларнинг мактаб таълимига тайёргарлик даражасини ошириш назарда тутилган.
Қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари нафақат мактабгача таълим ташкилотларида, балки умумий ўрта таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида ҳам ташкил этилиши мумкин. Бу эса мактабгача таълим билан қамров имкониятларини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги мавжуд фарқларни камайтириш ҳамда болалар учун таълим олиш имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.
Хорижий тажриба ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг долзарблигини кўрсатади. Хусусан, Буюк Британия, Франция, Германия, Япония, Хитой, АҚШ ва Австралия каби давлатларда болаларни бошланғич таълимга 5–6 ёшдан жалб этиш амалиёти йўлга қўйилган. Айрим мамлакатларда мактабгача тайёргарлик босқичи таълимнинг мажбурий қисми сифатида белгиланган. Бу тажриба болаларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш муҳимлигини намоён этади.
Фикримизча, таклиф этилаётган ўзгартиришлар болаларнинг мактаб таълимига мослашувини енгиллаштириш, уларда дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу тизимни самарали жорий этишда мактабга тайёрлов гуруҳларининг ягона таълим дастурлари, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги ва таълим жараёнининг болалар ёш хусусиятларига мос ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
❝ Зотан, мактабга тайёргарлик жараёнини мажбурий таълим тизимининг узвий қисмига айлантириш нафақат таълим қамровини кенгайтириш, балки келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва мамлакат инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. ❞
Нуриддин СОТИВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими