МАҚОЛА

Йўлдош ЖЎРАЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори
Давлатимиз раҳбари яқинда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижаларига тўхталиб, қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди, дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, ислоҳотларимизнинг асосий мақсадларидан бири ҳам фуқароларнинг, унинг ижтимоий мақоми ва истиқомат жойидан қатъи назар, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини амалда таъминлашдан иборатдир. Бунда, албатта, малакали кадрларнинг ўрни беқиёс.
Инсон ҳуқуқлари тўғрисида сўз юритилганда, кўпинча сиёсий ва фуқаролик эркинликлари устувор қўйилади. Ваҳоланки, инсоннинг жисмоний ҳамда руҳий соғломлиги таъминланмаган маконда бошқа барча ҳуқуқ ва эркинликлар ўз амалий қимматини йўқотади. Шу боис юртимизда тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва марказдан йироқда жойлашган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун ҳам сифатли тиббий ёрдамни яқин ҳамда ҳамёнбоп қилиш инсонпарвар сиёсатнинг марказида туради.
Конституциямизга кўра, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли. Шу мақсадда давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам пакетини жорий этиш, рақамлаштириш асосида шаффоф ва интеграциялашган тизимни йўлга қўйиш, маҳаллалар миқёсида бирламчи бўғин ва скрининг тизимини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир.
Рақамларга мурожаат қилайлик. Сўнгги ўн йилда 10 млн. аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 мингта ўрин қўшилди, тиббий хизматлар ҳажми уч баравар ошди. Илгари фақат хорижда кўрсатиладиган юздан ортиқ мураккаб хизматлар — туғма юрак нуқсонлари жарроҳлиги, тана аъзолари трансплантацияси, робот ёрдамидаги операциялар энди юртимизда амалга ошириляпти. Оилавий шифокор модели 28 туманда синовдан ўтказилиб, 7 млн. аҳоли муайян шифокорга бириктирилди. Бу туманларда кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситалари бепул берилмоқда. 2027 йилда модель яна 100 та туманга жорий этилади, бепул дорилар рўйхати 73 турга, текин таҳлиллар эса 36 турга етказилади.
Соғлиқни сақлаш давлат сиёсатининг стратегик устуворлигига айлангани молиялаштиришда ҳам кўринади. Президентимиз 28 август куни эълон қилган миллий дастурга кўра, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказилади.
Мулоқотда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди. Хусусан, таълим, қурилиш, санитария-гигиена, бемор хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб оладиган “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этилади. Мазкур қадамлар беморларнинг ҳуқуқларини ҳимояга олиш билан бир қаторда, соҳа мутахассисларининг мақомини юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Бу, аввало, соҳани институционал қўллаб-қувватлаш асосида шифокорларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, касбий хавф-хатарларни камайтириш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришни назарда тутади.
Шу билан бирга, рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократияга барҳам бериш, давлат тиббий суғуртасини кенг жорий этиш ва беморлар учун ажратилаётган маблағларнинг шаффофлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Давлат шифохоналаридаги хизматлар ҳақи суғурта тизими орқали тўланади, шифокор ва ҳамширалар иш ҳақини белгилашда эса беморлар мамнунлиги асосий мезонлардан бирига айланади.
Давлатимиз раҳбари нутқида превентив тиббиёт масаласига ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу ёндашув касалликни даволашдан кўра унинг олдини олишга урғу беради, маҳалла даражасида скрининг ҳамда профилактик кўрикларни тизимли йўлга қўйишни талаб қилади. Масалан, ошқозон, йўғон ичак, простата ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури Самарқанддан бошланиб, 2028 йилда барча ҳудудларга татбиқ этилади. Беш вилоятда амалга оширилаётган инфаркт ҳамда инсультга қарши дастур натижасида беш ойда эрта ўлим ҳолатлари 15 фоизга камайди.
Яна бир муҳим жиҳат, тиббиётни янада ислоҳ қилишда илм-фан, таълим ва ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, 2027 йилдан тиббиёт олийгоҳлари талабалари ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, тор мутахассисликлар бўйича резидентура бепул бўлади. Тиббий таълим сифатини ошириш, хорижий етакчи марказлар билан тажриба алмашиш, юқори технологияли амалиётларни маҳаллийлаштириш асосий вазифалардан бири қилиб белгиланди.
Соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги бевосита унда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти ва маънавий-руҳий ҳолатига боғлиқ. Инсон саломатлигига масъул бўлган, кечаю кундуз фидойилик кўрсатаётган шифокор ва ҳамшираларнинг ижтимоий мақомини ошириш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш — давлат сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади. Бу борада қонунчиликда аниқ кафолат ҳам мавжуд.
Тиббиёт ходимлари билан ўтказилган самимий мулоқот соғлиқни сақлашга қаратилган ислоҳотлар фақатгина соҳавий янгиланиш эмас, балки умумдавлат миқёсидаги ижтимоий-ҳуқуқий тараққиётнинг мантиқий давоми эканини кўрсатади. Мазкур жараёнда парламент зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланади.
❝ Зеро, биоэтика ва биотехнология, давлат тиббий суғуртаси, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда ижтимоий ҳимоясига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, қабул қилинаётган қарорлар ижросини парламент назорати орқали изчил ўрганиб бориш бугунги кун талабидир. ❞
Йўлдош ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори