
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Албания Кувенди мусодара қилинган мол-мулкни бошқаришга оид иккита қонунчилик ташаббусини қабул қилди. Улар Хатланган ва мусодара қилинган мол-мулкни бошқариш агентлигининг фаолият доираси ва масъулиятини сезиларли даражада кенгайтиради.
Ўзгартиришларнинг мақсади мусодара қилинган ноқонуний қурилмалардан жамоат манфаатлари ёки ижтимоий уй-жой сифатида фойдаланиш учун аниқ механизмлар яратиш ҳисобланади.
Энди агентлик суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мусодара қилинган мол-мулк билан бир қаторда марказий ҳокимиятнинг маъмурий органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан хатланган ёки мусодара қилинган мол-мулкни ҳам бошқаради.
Мол-мулкни бошқаришга оид барча ҳужжат ва қарорлар агентликнинг расмий сайтида электрон шаклда эълон қилинади.
Агентлик маълумотига кўра, хатланган ва мусодара қилинган мол-мулк қиймати 35 млрд лекдан ошган бўлиб, уларнинг 50 фоизини ижтимоий мақсадларда қайта фойдаланишга йўналтириш мақсад қилинган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Мамлакатимизда суд ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш 2017 йил 1 сентябрдан фақат “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион шаклида амалга оширилади.
Давлат даромадига олинган мол-мулкларни сотиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “E-auksion shop” электрон савдо дўкони ҳам йўлга қўйилган.
Демак, мамлакатимизда мусодара қилинган ва давлат даромадига олинган мол-мулк асосан сотиш орқали бюджетга йўналтирилади. Уни сотмасдан ижтимоий уй-жой, таълим ёки соғлиқни сақлаш объекти сифатида қайта фойдаланиш тартиби қонун даражасида тизимли белгиланмаган.
Умумий йўналиш сифатида мусодара қилинган кўчмас мулкнинг муайян қисмини ижтимоий уй-жой фонди, маҳалла ёки ижтимоий муассасалар эҳтиёжлари учун беғараз бериш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Муқобил йўналиш сифатида мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган маблағнинг бир қисмини жабрланганларга компенсация тўлаш ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирувчи махсус ҳисобварақ ташкил этиш мумкин.