
ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
2026 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида “Китоб — тафаккур ва касбий салоҳият мактаби” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Унда Институт ходимлари, олимлар, соҳа мутахассислари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир китоб мутолааси маданиятини ривожлантириш, касбий билим ва кўникмаларини мунтазам бойитиб бориш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда илмий тафаккурни парламент фаолияти билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланди.
Дастлаб иштирокчиларга Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино ҳаётидан келтирилган мисоллар орқали буюк алломаларнинг илмга интилиши, мутолаага бўлган муносабати ва умр давомида билим олишга бўлган эҳтиёжи ёритилди. Шунингдек, парламент тадқиқотлари тизимининг шаклланиши ва ривожланишида кутубхоналар ҳамда илмий-таҳлилий марказларнинг ўрни очиб берилди.
Маъруза давомида касбий билимларни чуқурлаштириш ва дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қиладиган адабиётлар қаторида Си Цзиньпиннинг “Давлат бошқаруви тўғрисида”, Жон Стюарт Миллнинг “Вакиллик бошқаруви ҳақида мулоҳазалар”, Монтескьёнинг “Қонунлар руҳи ҳақида” асарлари ҳамда “Темур тузуклари”да илгари сурилган давлат бошқаруви, вакиллик назорати, қонун устуворлиги ва маслаҳатлашувга оид ғояларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, уларнинг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
Шунингдек, Эндрю Ҳейвуднинг сиёсий ғоялар таҳлилига оид асари асосида сиёсий партияларнинг сўл, марказ ва ўнг ғоявий йўналишлари, уларнинг назарий асослари, мазмун-моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилинди.
💬 Маърузаларда китоб мутолаасининг шахсий ва касбий камолотдаги аҳамияти, сиёсий жараёнларни чуқур англаш ва таҳлил қилишда назарий билимларнинг ўрни, шунингдек, хорижий тажрибани миллий шароитга мослаштиришнинг илмий-амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
📸 ФОТОЛАВҲА