
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Албания Кувенди (парламенти) “Албания Республикаси Фискал кенгаши тўғрисида”ги қонунни 80 овоз билан қабул қилди. Қонунга қарши ёки бетараф овоз берилмади.
Қонуннинг мақсади парламентга бевосита ҳисобдор бўлган ва давлат молиясини мустақил баҳоловчи институт ташкил этиш ҳисобланади. Фискал кенгаш фискал ёки бюджет сиёсатини ишлаб чиқмайди ва ижро функцияларини амалга оширмайди, балки мониторинг, таҳлил, баҳолаш ва ҳисобот бериш вазифаларини бажаради.
Кенгаш фискал қоидалар ижросини кузатади, давлат молиясининг барқарорлиги ва фискал хавфлар бўйича мустақил хулоса беради. У ўрта муддатли макроиқтисодий ва фискал асосни, йиллик бюджет лойиҳаси ва унга киритиладиган ўзгартиришларни ҳамда бюджет ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни баҳолайди.
Кенгаш хулосаси ҳукумат ва парламентга тақдим этиладиган ҳужжатлар таркибига киради. Салбий хулоса берилган тақдирда Молия вазирлиги изоҳловчи ҳисобот тақдим этиши шарт.
Кенгаш аъзолари очиқ танлов асосида парламент томонидан тайинланади. Номзодлар давлат молияси, макроиқтисодиёт ёки иқтисодий тадқиқотлар соҳасида камида 10 йиллик тажрибага эга бўлиши ҳамда тайинланишдан олдинги 2 йил давомида сиёсий лавозимда ёки давлат бошқарувида ишламаган бўлиши талаб этилади.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Мамлакатимизда давлат қарзининг энг юқори миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиз этиб белгиланган ва ўрта муддатда уни 50 фоиздан оширмаслик мақсад қилинган. 2026 йил учун бюджет тақчиллиги 60,1 трлн сўм ёки ЯИМнинг 3 фоизи миқдорида прогноз қилинган.
Шу билан бирга, давлат қарзи 2026 йил 1 июль ҳолатига 48,3 млрд долларга етган ва 2019 йил охиридан буён қарийб 171 фоизга ошган.
Бюджет лойиҳаси бўйича Ҳисоб палатаси хулоса тайёрлайди. Бироқ фискал қоидалар ижросини мунтазам баҳолаб, ҳукумат прогнозларининг асослилиги юзасидан парламентга мустақил хулоса берувчи алоҳида фискал кенгаш мавжуд эмас.
Демак, Албания тажрибасидаги мустақил фискал институт бюджет интизомини кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Умумий йўналиш сифатида Олий Мажлис ҳузурида макроиқтисодий прогнозлар ва фискал қоидалар ижросини баҳоловчи мустақил фискал кенгаш ташкил этиш масаласини ўрганиб кўриш мумкин.
Муқобил йўналиш сифатида Ҳисоб палатаси таркибида фискал барқарорлик бўйича алоҳида бўлинма тузиб, унга бюджет прогнозлари ва фискал хавфлар юзасидан йиллик мустақил ҳисобот эълон қилиш вазифасини юклаш мумкин.