МАҚОЛА

Зафар МУҲАММАДОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Стратегик режалаштириш ва йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи
Баъзан қонун лойиҳаси парламентда муҳокама қилинаётган пайтдаёқ у тартибга солиши керак бўлган муносабатларнинг ўзи ўзгариб улгуради. Технологиялар шу қадар тез ривожланмоқда. Хўш, сунъий интеллект қонунчиликка бу пойгада ортда қолмасликка ёрдам бера оладими? Бундан ҳам муҳимроқ савол бор, яъни алгоритм таклиф қилган ечим ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик асосли ва унга таяниб қабул қилинган қарор учун ким жавоб беради?
Бугун давлатлар бир-бири билан боғлиқ икки вазифани баравар ҳал қилишига тўғри келмоқда. Бир томондан, сунъий интеллект ривожи туфайли пайдо бўлаётган янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш керак. Иккинчи томондан, айни шу технологиядан қонунлар сифатини ошириш учун фойдаланиш лозим. Биринчиси қонунчиликни замон талабларига мослаштиришни, иккинчиси эса парламентнинг анъанавий иш услубларини такомиллаштиришни тақозо этади.
Лекин қонун ижодкорлигида тезлик ҳеч қачон ўз-ўзидан мақсад бўлмаган. Қонун инсон ҳуқуқларига, иқтисодий муносабатларга, давлат бошқарувига бевосита таъсир кўрсатади. Сунъий интеллект берган хулоса жуда равон ёзилган бўлиши мумкин. Аммо, аввало, бошқа нарсани сўраш керак, яъни бу хулоса ишончли далилларга таянганми ва уни мустақил текшириб кўриш мумкинми?
Халқимизнинг бу ҳикмати қонун ижодкорлигига айниқса мос келади. Ҳар бир лойиҳа узоқ йўлни босиб ўтади. Аввал муаммо чуқур ўрганилади, манфаатдор томонларнинг фикри тингланади, амалдаги қонунчилик таҳлил қилинади. Кейин янги нормаларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари баҳоланади ва шундан сўнггина лойиҳа кенг муҳокамага қўйилади. Тезроқ бўлсин деб бу босқичлардан бирортаси юзаки ўтказиб юборилса, қонун сифатига путур етиши муқаррар.
Шу билан бирга, қонунчилик ҳужжатлари йил сайин кўпайиб, уларни ўзаро мувофиқлаштириш тобора мураккаблашиб бормоқда. Янги лойиҳани амалдаги қонунлар билан солиштириш, такрорланаётган ёки бир-бирини инкор этадиган нормаларни топиш, ҳужжатнинг турли таҳрирларидаги ўзгаришларни кузатиб бориш кўп вақт ва машаққатли меҳнатни талаб қилади. Сунъий интеллект айнан шу ерда, яъни маълумот излаш, уни тизимлаштириш ва дастлабки таҳлил қилишда қўл келиши мумкин.
Масалан, тизим лойиҳадаги нормаларни амалдаги қонунчилик билан таққослаб, мазмунан ўхшаш қоидаларни топади ва уларнинг манбасини кўрсатади, бир-бирига зид келиши мумкин бўлган нормаларга эса мутахассис эътиборини қаратади. Фақат шуни унутмаслик керакки, икки норманинг ўхшашлиги ҳали уларнинг такрорланаётганини билдирмайди. Алгоритм топган ҳар қандай номувофиқлик ҳам ҳуқуқий коллизия дегани эмас. Охирги сўзни барибир ваколатли мутахассис айтади.
Парламентлараро иттифоқ (ИПУ) 2026-йил октябрь ойида эълон қилган тўпламда олтита мамлакат парламенти ва палаталарида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича 21 та амалий тажриба жамланган. Улар қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва таҳлил қилишдан тортиб тузатишларни гуруҳлаш, ҳуқуқий маълумот излаш, ҳужжатларни таржима қилиш ва мажлис стенограммаларини тайёрлашгача бўлган ишларни қамраб олади. Тўпламнинг қизиқ томони шундаки, унда технологиялар имкониятлари билан бир қаторда уларни жорий этишда дуч келинган қийинчиликлар ва инсон назоратини таъминлаш йўллари ҳам таҳлил қилинган.
Чили Депутатлар палатасининг тажрибаси эътиборга молик. У ерда сунъий интеллектга асосланган норматив-ҳуқуқий ёрдамчи депутатлар ва парламент ходимларига амалдаги қонунчиликдан керакли нормани тез топиб беради. Савол оддий тилда ёзилади, тизим эса тегишли қонун нормаларини манбаси билан бирга жавоб сифатида қайтаради. Хизматдан парламентнинг ички портали орқали ҳам, WhatsApp мессенжери орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Тизим фақат маълумот излайди ва тақдим этади. Нормани талқин қилиш ва унинг асосида ҳуқуқий қарор чиқариш эса инсоннинг иши.
Чилида яна бир восита қўлланилади. У қонун лойиҳасини амалдаги қонунчилик билан солиштириб, мавжуд нормалар билан зиддият, такрорланиш ёки ҳуқуқий бўшлиқ юзага келиши мумкин бўлган жойларни белгилаб беради, бу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни эса ваколатли мутахассисга қолдиради.
Италия Депутатлар палатаси эса бошқа масалага эътибор қаратган. Лойиҳага тузатишлар кўп келиб тушганда уларни саралашнинг ўзи алоҳида иш бўлиб қолади. Шу боис бу ерда сунъий интеллект ёрдамида тузатишларни мазмунига кўра гуруҳлайдиган ва овоз бериш кетма-кетлигини белгилашга кўмаклашадиган ечимлар ишлаб чиқилган. Натижада ҳужжатларга ишлов бериш ва муҳокамаларни ташкил этиш анча енгиллашади. Аммо тузатишнинг ҳуқуқий мазмунини баҳолаш, процессуал қарорларни тасдиқлаш ва сиёсий танлов қилиш парламентнинг ваколатли субъектлари зиммасида қолаверади.
Бразилия Депутатлар палатасида сунъий интеллект парламент ҳужжатлари ва тузатишларни мазмунига қараб таснифлайди, катта ҳажмдаги маълумотлар орасидан кераклисини тез топиб беради, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир парламентнинг ўз йўли, ўз ечими бор. Лекин уларнинг барчасида битта қоида амал қилади. Сунъий интеллектга аниқ вазифа берилади, у чиқарган натижани эса инсон текширади ва баҳолайди.
Бирлашган Араб Амирликлари бу борада анча олдинга кетди. Мамлакатда 2025-йилда қонунчилик ва ҳуқуқий тартибга солиш жараёнларини сунъий интеллект ёрдамида такомиллаштириш ташаббуси илгари сурилди ва шу мақсадда Regulatory Intelligence Office ташкил этилди. Ушбу идора амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, уларнинг долзарблигини баҳолаш ва қонунчиликни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиши назарда тутилган. Бошқача айтганда, Амирликларда сунъий интеллект матн тайёрлашга кўмаклашадиган восита билан чекланиб қолмайди. Унга ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг ўзини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш вазифаси ҳам юклатилмоқда.
Ҳар қандай ташаббус каби, бу ҳам вақт ўтиб амалий натижасига қараб баҳоланади. Ҳозирча эса жавоб кутаётган саволлар оз эмас. Сунъий интеллект таклиф қилган ўзгаришлар қандай тартибда текширилади? Уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини ким баҳолайди? Алгоритмнинг хато ёки етарлича асосланмаган тавсияси норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кириб қолмаслиги учун қандай кафолат бор? Назаримизда, бу саволларга жавоб топиш қонун ижодкорлигини тезлаштиришдан кам аҳамиятга эга эмас.
Европа Иттифоқи тажрибаси масаланинг бошқа томонини кўрсатади. Иттифоқ 2024-йилда Сунъий интеллект тўғрисидаги регламентни (AI Act) қабул қилиб, сунъий интеллект тизимларини хавф даражасига қараб тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратди. Талабларни амалда қўллаш бошланганида эса техник стандартлар, назорат механизмлари ва институционал тайёргарлик билан боғлиқ муаммолар чиқиб қолди. Натижада 2026-йил 8-июлда 2026/1744-сонли регламент (Digital Omnibus on AI) қабул қилинди. Айрим талаблар соддалаштирилди, юқори хавфли сунъий интеллект тизимларига оид қоидаларнинг қўлланиш муддатлари қайта белгиланди. Демак, қонунни қабул қилиш билан иш битмайди. Норма ишлаши учун техник стандартлар, институционал механизмлар ва малакали кадрлар ҳам тайёр бўлиши керак.
Ташқи кўриниши пухта матн ортида қандай хато яшириниши мумкинлигини 2026-йил апрель ойида Жанубий Африка Республикасида рўй берган воқеа яққол кўрсатди. Ҳукумат жамоатчилик муҳокамасига қўйган миллий сунъий интеллект сиёсати лойиҳасининг адабиётлар рўйхатида аслида мавжуд бўлмаган манбаларга ҳаволалар топилди. Текширувлардан сўнг 26-апрель куни алоқа ва рақамли технологиялар вазири Солли Малатси ҳужжат лойиҳаси қайтариб олинишини эълон қилди. Вазир вазиятни очиқ тан олди: “Бу шунчаки техник нуқсон эмас, бу хато сиёсат лойиҳасининг яхлитлиги ва ишончлилигига путур етказди”.
Технология ёрдамида тайёрланган матн қанчалик равон ва асосли кўринмасин, ундаги ҳар бир факт, иқтибос ва манба мустақил текширилиши шарт. Ҳуқуқий ва сиёсий қарорга асос бўладиган ҳужжатда биттагина сохта ҳавола ҳам келтирилган барча далилларга соя солиши мумкин.
Муаммонинг илдизи шундаки, сунъий интеллект баъзан мавжуд бўлмаган қонун ҳужжатлари, суд қарорлари ёки илмий тадқиқотларни ҳақиқий манба сифатида келтиради ва буни жуда ишонарли қилиб бажаради. Мутахассислар бу ҳолатни “галлюцинация” деб аташади. Агар шундай “манба” қонун лойиҳасини асословчи материалларга кириб қолса, кейинги ҳуқуқий таҳлил ва хулосалар ҳам омонат пойдеворга қурилади.
Яна бир хавф мутахассисларнинг сунъий интеллект хулосаларига ҳаддан ташқари ишониб қолиши. Тизим берган таҳлил мантиқан изчил ва пухта кўринса, уни яна бир бор текшириш кўпинча эсдан чиқади. Оқибатда инсон назорати номигагина қолиб, қоғоздаги расмиятчиликка айланади.
Ахборот хавфсизлиги масаласи ҳам бор. Ҳали эълон қилинмаган қонун лойиҳалари, хизмат ҳужжатлари ёки шахсга доир маълумотлар етарлича ҳимояланмаган ташқи сунъий интеллект хизматларига юкланса, улар ошкор бўлиши ва рухсатсиз фойдаланилиши хавфи туғилади.
Шундай экан, парламент фаолиятида сунъий интеллектни жорий этиш дастурий таъминот ўрнатиш билан тугамайди. Тизим қайси манбаларга таянади, хулосалари қандай текширилади, натижани ким тасдиқлайди, хато чиқса, уни тузатишга ким масъул – буларнинг барчаси олдиндан аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Технологик имкониятлар, ҳуқуқий масъулият ва инсон назорати ўртасидаги мувозанат шундагина сақланади.
Мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий ҳамда ташкилий асослари босқичма-босқич яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024-йил 14-октябрдаги ПҚ-358-сон қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030-йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Ундан кейин қабул қилинган ҳужжатларда соҳанинг устувор йўналишлари, ташкилий чора-тадбирлар ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири 2026-йил 21-январдаги ЎРҚ-1115-сон Қонун бўлди. У билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга сунъий интеллектдан фойдаланишга доир нормалар киритилди. Улардан бири мавзумизга бевосита дахлдор. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли юридик аҳамиятга эга қарорни фақат сунъий интеллект тизимининг хулосасига таяниб қабул қилишга йўл қўйилмайди. Тўғри, бу норма парламентда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг барча тартиб-таомилларини белгилаб бермайди. Аммо технологиядан фойдаланишда инсон назорати ва масъулиятини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири айнан шу норма.
Парламентнинг ўзида бу иш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2026-йил 13-апрелдаги 1941-В-сон қарори билан аниқ режага айланди. Қарор билан Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2026–2029-йилларга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти тузилмасида Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш лойиҳа офисини ташкил этиш назарда тутилди. Лойиҳа офиси айнан бизнинг институтимизда ташкил этилиши бизга ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Режада қонун лойиҳаларини амалдаги қонунчилик билан автоматик таққослайдиган, эҳтимолий ҳуқуқий зиддиятларни аниқлайдиган, ҳужжатнинг турли таҳрирлари ўртасидаги фарқларни кўрсатиб берадиган ҳамда янги нормаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий таъсирини баҳолашга ёрдам берадиган технологик ечимлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Албатта, режага киритилган вазифа ҳали бажарилган иш дегани эмас. Бу ечимлар қанчалик самарали экани тизимларнинг аниқлиги, ахборот хавфсизлиги, натижаларнинг мутахассислар томонидан текширилиши ва энг асосийси, қонунлар сифатига амалда қандай таъсир кўрсатишига қараб баҳоланади. Энди асосий иш белгиланган ташкилий ва технологик чораларни аниқ, ўлчаса бўладиган ва барқарор натижаларга айлантириш.
Тизимни ўрнатиш, синовдан ўтказиш, мавжуд ахборот инфратузилмасига мослаштириш, ходимларни ундан фойдаланишга ўргатиш жорий этишнинг ташкилий томони. Тизимдан қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқий хулоса тайёрлаш ёки парламент қарорларини асослашда фойдаланиш бошланганда эса бутунлай бошқа ҳуқуқий саволлар туғилади. Бундай ҳолда сунъий интеллект тайёрлаган таҳлилий материалларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни расмий ҳужжатларга киритиш тартиби, инсон назорати ва жавобгарлик чегаралари олдиндан аниқ белгиланган бўлиши лозим.
Тасаввур қилайлик, сунъий интеллект лойиҳадаги бирор нормани амалдаги қонунчиликка зид деб топди. Ҳуқуқшунос учун бу “эътибор бер” деган огоҳлантириш, холос. Уни расмий ҳуқуқий экспертиза хулосаси деб бўлмайди. Номувофиқлик ҳақиқатан ҳам ҳуқуқий коллизиями, у нимадан келиб чиққан ва қандай оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни ваколатли мутахассис аниқлайди. Уни бартараф этиш бўйича таклиф ҳам ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан асосланган бўлиши керак. Якуний қарорни эса қонунчиликда белгиланган субъект қабул қилади ва унинг учун масъулиятни ҳам ўзи зиммасига олади.
Биринчидан, қонун ижодкорлигига ихтисослашган миллий ҳуқуқий ёрдамчи тизимни ривожлантириш зарур. У Lex.uz ва бошқа расмий ҳуқуқий манбаларга таяниб, керакли қонун нормасини тез топиши, манбасини аниқ кўрсатиши ва амалдаги таҳририни текшириш имконини бериши лозим. Яна бир муҳим шарт. Тизим ўзбек тилидаги ҳуқуқий ҳужжатлар билан лотин ёзувида ҳам, кирилл ёзувида ҳам бирдек яхши ишлаши керак. Ҳужжатлар икки ёзувда юритилаётган бизнинг шароитимизда бу масала алоҳида аҳамиятга эга.
Иккинчидан, сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибини вазифанинг хавф даражасига қараб белгилаш керак. Ҳуқуқий ҳужжатни излаш ёки унинг қисқача мазмунини тайёрлаш бошқа, қонун лойиҳасининг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатларини баҳолаш бошқа, уларнинг масъулият даражаси бир хил эмас. Шунинг учун инсон назорати ва текширув тартиблари тизимнинг вазифасига, у ишлов берадиган маълумотларнинг хусусиятига ва тайёрланган хулосаларнинг қонун ижодкорлиги жараёнига таъсирига мос бўлиши лозим.
Учинчидан, лойиҳалардаги ҳуқуқий зиддият ва такрорланишларни барвақт аниқлаш муҳим. Сунъий интеллектнинг энг катта устунликларидан бири ҳам шунда. У катта ҳажмдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқа вақтда солиштириб, номувофиқликларни топишга ёрдам беради. Аммо юқорида айтганимиздек, тизим белгилаган ҳар бир тафовут ёки ўхшашлик ҳуқуқий коллизия ёки асоссиз такрорланиш дегани эмас. Шу боис ҳар бир ҳолатни мутахассис текшириши ва асосли хулоса билан тасдиқлаши шарт.
Тўртинчидан, шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини такомиллаштириш лозим. Қонун ижодкорлигида сунъий интеллект қандай мақсадда ишлатилгани, тизим қайси ҳуқуқий манбаларга таянгани, унинг хулосасини ким текширгани ва якуний қарорни қайси ваколатли субъект қабул қилгани белгиланган тартибда қайд этиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунда, табиийки, очиқлик давлат ва хизмат сирларини, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда ахборот хавфсизлиги талаблари билан уйғунлаштирилиши керак.
Бешинчидан, кадрлар масаласи. Ҳатто энг илғор тизим ҳам унинг хулосаларини танқидий баҳолай оладиган, ҳуқуқий манбаларни мустақил текширадиган ва технологиянинг чекловларини тушунадиган мутахассислар бўлмаса, кутилган натижани бермайди. Шунинг учун парламент ходимларининг касбий ва технологик салоҳиятини ошириш, ҳуқуқшунослар, таҳлилчилар ва ахборот технологиялари мутахассисларини бир жамоа бўлиб ишлашга ўргатиш, уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаб бориш зарур.
Сунъий интеллект самарадорлиги ҳақида гап кетганда, одатда, қанча вақт тежалгани ва иш қанчалик тезлашгани ҳисоблаб чиқилади. Қонун ижодкорлиги учун бунинг ўзи камлик қилади. Бу ерда технология ҳуқуқий хатоларни қанчалик эрта аниқлашга ёрдам бергани, нормаларнинг аниқлиги ва ўзаро мувофиқлиги қай даражада таъминлангани, лойиҳанинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари қанчалик пухта баҳолангани ҳам ҳисобга олиниши керак.
Хорижий тажрибадан чиқадиган хулоса шуки, натижа уч нарсанинг уйғунлигига боғлиқ. Биринчиси, технологик имкониятлар, аниқ институционал қоидалар ва малакали инсон назорати. Бизнинг мақсадимиз ҳам сунъий интеллектни иложи борича кўпроқ жараёнга “тиқиштириш” бўлмаслиги керак. Асосий вазифа – унинг имкониятларини миллий қонунчилик тизимига, парламентнинг конституциявий ваколатларига ва қонун ижодкорлигининг амалий эҳтиёжларига мослаштириш.
Сунъий интеллект қонун ижодкорининг ўрнини эгалламайди ва эгалламаслиги ҳам керак. Унинг вазифаси – депутатлар ва мутахассисларга мураккаб ҳуқуқий маълумотларни чуқурроқ таҳлил қилиш, хатоларни барвақт пайқаш ва пухта асосланган қарорлар қабул қилишда кўмаклашиш.
Мақола бошида тилга олганимиз ҳикматни яна бир бор эслайлик: етти ўлчаб, бир кесиш керак. Жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган, ҳуқуқий жиҳатдан пухта ва амалда самарали ишлайдиган қонун шундай яратилади.
❝ Сунъий интеллект ана шу “ўлчаш”ни тезроқ ва аниқроқ қилишга ёрдам берса, ўз вазифасини бажарган бўлади. ❞
Зафар МУҲАММАДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Стратегик режалаштириш ва йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи