
ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
2026 йил 30 октябрь куни Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси томонидан «Туркий дунё мулоқот форуми» халқаро анжумани ўз ишини бошлади.
Форумнинг очилиш маросимида Туркия Республикаси вице-президенти Жевдет Йилмаз ҳамда Президент ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Бурхонеттин Дуран иштирок этиб, сўзга чиқди.
Анжуманнинг биринчи кунида парламент дипломатияси, минтақавий барқарорлик, хотин-қизларнинг дипломатик фаолиятдаги иштироки, энергетика хавфсизлиги, стратегик коммуникациялар, дезинформацияга қарши курашиш ҳамда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган панель муҳокамалари ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Форум доирасидаги муҳим сессиялардан бири «Туркий дунё энергетикасининг истиқболлари: ресурслар, хавфсизлик ва ҳамкорлик имкониятлари» мавзусига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпўлатов маъруза билан иштирок этди.
Панель муҳокамасида энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергия таъминоти хавфсизлигини мустаҳкамлаш, энергетика инфратузилмасининг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш ҳамда туркий давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Сессияда халқаро экспертлар, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ҳамда энергетика соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Мазкур мавзунинг форум кун тартибидан ўрин олгани туркий давлатлар ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд ресурс ва инфратузилма салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда минтақавий энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг долзарблигини намоён этади.
💬 Форум 31 октябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради. Унинг доирасида туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа устувор йўналишлари юзасидан мулоқотлар ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
📸 ФОТОЛАВҲА