Ортга қайтиш Чоп этиш

Кўчмас мулкни фирибгарлардан ҳимоя қилишнинг яна бир йўли

ДОЛЗАРБ МАВЗУ

Акмал АКРАМОВ

Акмал АКРАМОВ
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Инсон учун уй шунчаки кўчмас мулк эмас. У йиллар давомида қилинган меҳнат, оилавий хотиралар ва келажакка бўлган ишонч тимсолидир. Аммо фирибгарларнинг алдови ёки сохта ҳужжатлар туфайли инсон ўз уйидан айрилиб қолиши мумкин. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 47-моддасида ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, 65-моддасида эса хусусий мулк дахлсизлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бу кафолатларни амалда таъминлаш учун мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ривожлантириш муҳим.

Мамлакатимизда кўчмас мулк бозори жадал ривожланмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2024 йилда 256 мингта, 2025 йилда 295 мингта, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида эса 171 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими қайд этилган. Сўнгги кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоиз кўп. Бундан ташқари, 2025 йилда мурожаатлар асосида 1 миллион 135 мингдан ортиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу рақамлар мулкий ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Бироқ бозор ўсиши билан бирга кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарлик хавфи ҳам ортади. Айрим шахслар сохта ҳужжатлар, алдов ёки руҳий босим орқали фуқароларни уй-жойларини сотишга ёхуд бошқа шахс номига расмийлаштиришга ундаши мумкин. Айниқса, кекса ёшдагилар бундай вазиятларда энг ҳимоясиз тоифага айланади.

Хўш, бундай хавфларнинг олдини олиш мумкинми?

Хорижий тажриба мулкдорларга қўшимча ҳимоя воситаларини тақдим этиш мумкинлигини кўрсатади. Буюк Британия, Канада, Туркия, Ирландия, Украина, Перу ва Кенияда мулкдор томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш ва кейинчалик тақиқни бекор қилиш механизмлари мавжуд. Масалан, Перуда мулкдор аризасига кўра унинг мулкига оид реестр ёзуви 10 йилгача муддатга «музлатиб» қўйилади. Россияда эса мулкдор ўз кўчмас мулкига оид ҳуқуқларни шахсан ўзи иштирок этмасдан давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш ҳақида ариза бериши мумкин. Қўшни Қирғиз Республикасида ҳам шу йўлдан борилмоқда: ўзига ўзи тақиқлаш механизмини назарда тутувчи қонун лойиҳаси 2026 йил 23 сентябрда Жогорку Кенеш томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Лойиҳага кўра, тақиқни бекор қилиш реестрга ёзув киритилгандан 72 соат ўтгач кучга киради. Бу вақт босим остида қолган мулкдорга яқинлари ёки юрист билан маслаҳатлашиб, қарорини қайта ўйлаб кўриш имконини беради.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам мулкий муносабатларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган механизмлар мавжуд. Масалан, Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк олди-сотди битимлари бўйича ҳисоб-китоблар нақдсиз шаклда амалга оширилмоқда. Бунда эскроу ҳисобварағидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд. 2025 йил 6 июндан эса фуқаролар ўз номига кредит олинишини ўзлари тақиқлаб қўйиши мумкин. Йил охирига келиб бу хизматдан фойдаланганлар сони қарийб 150 мингга етди.

Бироқ ҳар қандай ҳимоя воситасининг ўз вазифаси ва чегараси бор. Эскроу, аввало, пул маблағларининг хавфсиз ўтказилишини таъминлайди. Лекин у мулкдорни алдов, руҳий босим ёки сохта ҳужжатлар билан боғлиқ барча хавфлардан тўлиқ ҳимоя қилмайди.

Ўзига ўзи тақиқлаш механизмини ҳам фирибгарликка қарши курашнинг универсал ечими сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. У мавжуд ҳимоя воситаларининг ўрнини босмайди, балки уларни тўлдиради. Мазкур механизм орқали мулкдор ўзига тегишли кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни вақтинча чеклаши, шу тариқа шошилинч ёки ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш учун қўшимча имкониятга эга бўлиши мумкин.

Энг муҳими, бу борада юртимизда ҳам амалий қадам қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 15 июлдаги «Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-265-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, Face-ID ёрдамида идентификациядан ўтиб, ўзига тегишли кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйиш, шунингдек, бегоналаштиришга тақиқ қўйиши ёки уни бекор қилиши мумкин. Шу тариқа ўзига ўзи тақиқлаш механизми мамлакатимизда ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Энди уни янада такомиллаштириш вазифаси турибди. Бизнингча, бунда бир неча жиҳатга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Биринчидан, механизмни «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонунда бевосита мустаҳкамлаш унинг ҳуқуқий барқарорлигини оширади. Иккинчидан, тақиқни бекор қилиш маълум муддат ўтгачгина кучга киришини назарда тутиш алданган ёки босим остида қолган мулкдорга ўз қарорини қайта ўйлаб кўриш имконини беради. Учинчидан, бу имконият ҳақида, айниқса, кекса ёшдаги фуқароларга маҳаллалар орқали кенг тушунтириш ишларини олиб бориш зарур.

Мулкдорнинг ўз уйи дахлсизлигини таъминлаш учун қўшимча назорат воситасига эга экани унинг хотиржамлиги ва ишончини оширади.

❝ Зеро, касалликнинг олдини олиш уни даволашдан осон эканини ҳамма билади. ❞

Акмал АКРАМОВ,
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими