
ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
2026 йил 30–31 октябрь кунлари Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси томонидан «Туркий дунё мулоқот форуми» халқаро анжумани ўтказилади.
«Ғоядан мулоқотга, олға!» шиори остида ташкил этилаётган форум туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва муштарак тарихий хотирани мустаҳкамлаш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ўртасида оммавий ахборот воситалари, коммуникация ва телерадиоэшиттириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Форум дастуридан минтақавий барқарорлик, парламент дипломатияси, энергетика хавфсизлиги, стратегик коммуникациялар ва дезинформацияга қарши курашиш, шунингдек, туркий дунё мамлакатлари ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган муҳокамалар ўрин олган.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов ҳам иштирок этади. У 30 октябрь куни «Туркий дунё энергетикасининг истиқболлари: ресурслар, хавфсизлик ва ҳамкорлик имкониятлари» мавзусидаги панел муҳокамасида қатнашади. Ушбу сессияда энергетика ресурсларидан фойдаланиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ҳамда туркий давлатлар ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
💬 Форум туркий давлатлар ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, муштарак манфаатларга дахлдор масалалар бўйича фикр алмашиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилашга хизмат қилади.
📸 ФОТОЛАВҲА