Ортга қайтиш Чоп этиш

Тиббиёт – инсон ҳуқуқларининг кафолати ва давлат масъулияти

МУНОСАБАТ

Йўлдош ЖЎРАЕВ

Йўлдош ЖЎРАЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашди. Учрашувда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида гапирар экан, давлатимиз раҳбари шундай деди: «Қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди». Демак, асосий мақсад фақатгина бинолар барпо этиш ёки ускуналар билан жиҳозлашдан иборат эмас. Бош мезон — ҳар бир фуқаронинг, унинг ижтимоий мақоми ва истиқомат жойидан қатъи назар, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини амалда таъминлашдир.

Инсон қадри — ислоҳотлар мезони

Замонавий демократик давлатчилик ва ҳуқуқий жамиятнинг бош ғоявий ўзаги — инсоннинг ажралмас, табиий ҳуқуқларини эътироф этиш, уларни олий қадрият даражасида ҳимоя қилишдан иборатдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият экани мустаҳкамлаб қўйилгани ҳам шундан. Зотан, инсон қадри ва фаровонлиги унинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги, юқори сифатли тиббий ва ижтимоий кафолатлар билан узвий боғлиқдир. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимлари билан ўтказган очиқ ва стратегик аҳамиятга эга мулоқоти ана шу чуқур фалсафий-ҳуқуқий ҳақиқатни яна бир бор амалда тасдиқлади. Учрашувда «Инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда унинг ҳуқуқи, розилиги ва қадр-қиммати биринчи ўринда туриши шарт», деб таъкидлангани, биоэтика ва биотехнологиянинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш вазифаси қўйилгани ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган жадал модернизация жараёнларида соғлиқни сақлаш тизими инсоннинг яшаш ва соғлиғини сақлашга бўлган фундаментал ҳуқуқларини бевосита рўёбга чиқарувчи энг муҳим давлат ва ижтимоий институт сифатида намоён бўлмоқда. Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгиланган, 48-моддасида эса ҳар кимнинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Янги Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилини тизимли тарзда шакллантираётган бир шароитда тиббий хизматлар сифатини юксалтириш ва уларни аҳоли учун тенг даражада очиқ қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани яна бир бор эътироф этилди.

Чекка ҳудудлардан марказгача

Инсон ҳуқуқлари тўғрисида сўз юритилганда, кўпинча сиёсий ва фуқаролик эркинликлари устувор қўйилади. Ваҳоланки, инсоннинг жисмоний ва руҳий соғломлиги таъминланмаган маконда бошқа барча ҳуқуқ ва эркинликлар ўз амалий қимматини йўқотади. Шу боис тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва марказдан йироқда жойлашган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун ҳам сифатли тиббий ёрдамни яқин ва ҳамёнбоп қилиш инсонпарвар сиёсатнинг марказида туради. Конституциямизга кўра, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли. Шу мақсадда давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам пакетини жорий этиш, рақамлаштириш асосида шаффоф ва интеграциялашган тизимни йўлга қўйиш, маҳаллалар миқёсида бирламчи бўғин ва скрининг тизимини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир.

Рақамларга мурожаат қилайлик. Сўнгги ўн йилда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 мингта ўрин қўшилди, тиббий хизматлар ҳажми уч баравар ошди. Илгари фақат хорижда кўрсатиладиган юздан ортиқ мураккаб хизмат — туғма юрак нуқсонлари жарроҳлиги, аъзолар трансплантацияси, робот ёрдамидаги операциялар энди юртимизда амалга оширилмоқда. Оилавий шифокор модели 28 туманда синовдан ўтказилиб, 7 миллион аҳоли муайян шифокорга бириктирилди. Бу туманларда кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда. 2027 йилда модель яна 100 та туманга жорий этилади, бепул дорилар рўйхати 73 турга, бепул таҳлиллар эса 36 турга етказилади.

Стратегик устуворлик: стандарт, суғурта, профилактика

Соғлиқни сақлаш давлат сиёсатининг стратегик устуворлигига айлангани молиялаштиришда ҳам кўринади: Президентимиз 28 август куни эълон қилган иккинчи миллий дастурга кўра, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказилади. Мулоқотда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди. Хусусан, таълим, қурилиш, санитария-гигиена, бемор хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб оладиган «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» жорий этилади. Мазкур қадамлар беморларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, соҳа мутахассисларининг мақомини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

Бу, аввало, соҳани институционал қўллаб-қувватлаш асосида шифокорларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, касбий хавф-хатарларни камайтириш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришни назарда тутади. Шу билан бирга, рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократияга барҳам бериш, давлат тиббий суғуртасини кенг жорий этиш ҳамда беморлар учун ажратилаётган маблағларнинг шаффофлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Давлат шифохоналаридаги хизматлар ҳақи суғурта тизими орқали тўланади, шифокор ва ҳамширалар иш ҳақини белгилашда эса беморлар мамнунлиги асосий мезонлардан бирига айланади.

Давлатимиз раҳбари нутқида превентив тиббиёт масаласига ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу ёндашув касалликни даволашдан кўра унинг олдини олишга урғу беради, маҳалла даражасида скрининг ва профилактик кўрикларни тизимли йўлга қўйишни талаб этади. Масалан, ошқозон, йўғон ичак, простата ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури Самарқанддан бошланиб, 2028 йилда барча ҳудудларга татбиқ этилади. Беш вилоятда амалга оширилаётган инфаркт ва инсультга қарши дастур натижасида беш ойда эрта ўлим ҳолатлари 15 фоизга камайди.

Мулоқотда тиббиётни янада ислоҳ қилишда илм-фан, таълим ва ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш масаласи ҳам четда қолиб кетмади. 2027 йилдан тиббиёт олийгоҳлари талабалари ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, тор мутахассисликлар бўйича резидентура бепул бўлади. Тиббий таълим сифатини ошириш, хорижий етакчи марказлар билан тажриба алмашиш ва юқори технологияли амалиётларни маҳаллийлаштириш асосий вазифалардан бири қилиб белгиланди.

Шифокор қадр-қиммати ва инсон ҳуқуқлари кафолати

Соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги бевосита унда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти ва маънавий-руҳий ҳолатига боғлиқдир. Инсон саломатлигига масъул бўлган, кеча-ю кундуз фидойилик кўрсатаётган шифокор ва ҳамшираларнинг ижтимоий мақомини ошириш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш — давлат сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади. Бу борада қонунчиликда аниқ кафолат ҳам мавжуд: 2023 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган 197⁷-моддага кўра, тиббиёт ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида соҳа вакилларига чуқур эҳтиром билдириб, «Тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди», деди. Шу боис уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган аниқ чоралар эълон қилинди. Олий маълумотли ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига бакалавр даражаси учун 1,5 миллион, магистр даражаси учун 2,5 миллион сўм, оилавий тиббиётдаги тор мутахассисларга эса 5,5 миллион сўм устама белгиланади. Чекка ҳудудларда ишлайдиган шифокорларга ҳар ойлик 4,5 миллион сўм устама ва бир йўла 50 миллион сўм тўланади, 15 йилдан ортиқ стажга эга ходимларга уй-жой харид қилишда кўмаклашиш учун 50 миллиард сўм ажратилади.

Замонавий ва муносиб меҳнат шароитларига эга бўлган, ҳуқуқий томондан тўлиқ ҳимояланган тиббиёт ходимигина беморга сифатли, инсонпарвар ва юқори технологик ёрдам кўрсатишга қодир бўлади. Бу эса инсон ҳуқуқларини амалда кафолатлаш гарови ҳисобланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан ўтказган самимий ва мазмундор мулоқоти соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар фақатгина соҳавий янгиланиш эмас, балки умумдавлат миқёсидаги ижтимоий-ҳуқуқий тараққиётнинг мантиқий давоми эканини кўрсатди.

Бу жараёнда парламент зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланади. Биоэтика ва биотехнология, давлат тиббий суғуртаси, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимоясига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, қабул қилинаётган қарорлар ижросини парламент назорати орқали изчил ўрганиб бориш шулар жумласидандир.

❝ Тиббиётнинг инсон ҳуқуқларига хизмат қилиши — ижтимоий адолатни қарор топтириш ва инсон камолотини таъминлашнинг мустаҳкам кафолатидир. ❞

Йўлдош ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори