Ортга қайтиш Чоп этиш

Жиноий даромадларни легаллаштиришнинг олдини олиш мақсадида бенефициар мулкдорлар реестри такомиллаштирилмоқда

Жиноий даромадларни легаллаштиришнинг олдини олиш мақсадида бенефициар мулкдорлар реестри такомиллаштирилмоқда

2026 йил 14 октябрь куни Австрия Миллий кенгаши Европа Иттифоқининг жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича 6-директиваси ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги регламентини миллий қонунчиликка татбиқ этишга қаратилган қонунчилик ўзгаришларини маъқуллади.

Ҳужжат “Бенефициар мулкдорлар реестри тўғрисида”ги қонун, “Йиғимлар тўғрисида”ги қонун ҳамда “Молия бозорида жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишни, шунингдек, 2027 йилги “Бенефициар мулкдорлар реестри тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилишни назарда тутади. Реестрда жамиятлар, жамғармалар ва трастларнинг бенефициар мулкдорлари тўғрисидаги маълумотлар жамланади.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • бенефициар мулкдорларни реестрга автоматлаштирилган тартибда киритиш;
  • реестрдан бериладиган кўчирмаларда санкциялар билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш;
  • қонуний манфаатдорлик мавжуд бўлганда реестр маълумотлари билан танишиш тўғрисидаги сўровларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда маълумотномалар ва қарорларни автоматлаштирилган тартибда бериш;
  • реестр органига жойларда текширувлар ўтказиш ваколатини бериш, бунда текширувлар Фирибгарликка қарши курашиш бошқармаси (молия полицияси) томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, реестр органи танишиш тўғрисидаги сўровлар бўйича ўн икки иш куни ичида қарор қабул қилиши, мазкур қарорлар эса бутун Европа Иттифоқи ҳудудида амал қилиши белгиланмоқда.

Қонун Австрия халқ партияси, Австрия социал-демократик партияси, “Янги Австрия ва Либерал форум” партияси ва Австрия озодлик партияси фракциялари томонидан қўллаб-қувватланди. “Яшиллар” фракцияси эса таклиф этилаётган чоралар етарли эмаслигини қайд этиб, қарши овоз берди. Хусусан, улар журналистлар учун реестрдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, йиғимларни камайтириш ва реестрни кўчмас мулк ҳуқуқлари реестри билан боғлашни таклиф қилган. Австрия озодлик партияси вакиллари эса лойиҳани қўллаб-қувватлаган ҳолда, исботлаш мажбуриятининг тадбиркорлар зиммасига ўтказилиши ва реестр органи томонидан текширувлар ўтказилишини танқид қилди.

Молия вазирлиги давлат котиби Барбара Айбингер-Мидлнинг таъкидлашича, Австрия бенефициар мулкдорлар реестри бўйича намунали тизимга эга бўлиб, Европа талаблари сохта корхоналарга қарши курашни кучайтириш мақсадида татбиқ этилмоқда.

Шу куни Миллий кенгаш Молия бозори назорати органи мустақиллигини кучайтиришга қаратилган қонунни ҳам қабул қилди. Унга кўра, Молия бозори назорати органи бошқаруви аъзолари ва ходимлари назорат остидаги ташкилотларга ишга ўтишида “совиш даври” жорий этилади, кредит ташкилотлари эса экологик, ижтимоий ва бошқарув (ESG) хатарларини тизимли равишда аниқлаши ва бошқариши лозим бўлади.

Бенефициар мулкдорлар реестрига оид қонун 15 октябрь куни кўриб чиқиш учун Федерал кенгашга юборилди.

Ўзбекистон учун долзарблиги

Юртимизда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш масалалари 2004 йил 26 августдаги 660-II-сон “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар мижозни лозим даражада текшириш доирасида юридик шахс бўлган мижознинг мулкдорини ёки уни назорат қилувчи шахсни таъсис ҳужжатлари асосида, мулкчилик ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали идентификациялаши лозим.

Шу билан бирга, Юридик шахсларнинг шаффофлиги ва ҳақиқий бенефициар мулкдорларини аниқлаш тўғрисидаги халқаро стандартнинг 24-тавсиясида ваколатли органлар юридик шахсларнинг бенефициар мулкдорлари тўғрисидаги аниқ ва долзарб маълумотлардан ўз вақтида фойдалана олишини таъминлаш талаб этилади.

Австрия тажрибаси асосида қуйидаги масалаларни ўрганиш мумкин:

  • бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон реестрда жамлаш ва уларни автоматлаштирилган тартибда киритиш;
  • реестр маълумотларини санкциялар рўйхатлари билан боғлаш;
  • қонуний манфаатдорликка эга шахсларнинг реестр маълумотлари билан танишиш тартиби ва муддатларини аниқ белгилаш;
  • тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини жойларда текшириш механизмини жорий этиш.

Бундай ёндашув сохта корхоналар орқали жиноий даромадларни легаллаштириш хавфини камайтириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлашга хизмат қилиши мумкин.