Ортга қайтиш Чоп этиш

САЛОМАТЛИККА САРФЛАНГАН СЎМ ҚАНЧА БЎЛИБ ҚАЙТАДИ?

САЛОМАТЛИККА САРФЛАНГАН СЎМ ҚАНЧА БЎЛИБ ҚАЙТАДИ?

МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ ДАСТУРЛАРИ

Гулбаҳор САИДОВА

Гулбаҳор САИДОВА
Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими

Соғлиққа ажратилаётган маблағ харажатми ёки сармоя? Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда эълон қилган Иккинчи миллий дастур бу саволга қатъий жавоб берди. Келгуси беш йилда соғлиқни сақлашга давлат харажатлари ЯИМнинг 5 фоизига етказилади, давлат тиббий суғуртаси ҳар бир хонадонга кириб боради, тиббиёт эса профилактик моделга ўтади. Узоқ ва соғлом умр масаласига иқтисодчи нигоҳи билан қарасак, ҳайратланарли манзара намоён бўлади.

Айсбергнинг сув остидаги қисми

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастури мутахассислари 2018 йилда Ўзбекистон учун махсус иқтисодий таҳлил тайёрлаган. Унга кўра, 2015 йилда юртимиздаги барча ўлим ҳолатларининг 79 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар, яъни юрак ва қон томир хасталиклари, саратон, қандли диабет ҳамда сурункали нафас йўллари касалликлари ҳиссасига тўғри келган.

Бу касалликлар иқтисодиётга ҳам оғир юк бўлмоқда. Таҳлилга кўра, 2016 йилда улар туфайли кўрилган жами зарар 9,3 триллион сўмни, яъни ЯИМнинг 4,7 фоизини ташкил этган. Давлатнинг даволаш харажатлари эса бу зарарнинг атиги бешдан бир қисмига тўғри келган. Қолган қисми асосан беморлар ишга чиқа олмаганлиги, касал ҳолда унумсиз ишлаганлиги ва меҳнатга лаёқатли ёшда вафот этганлиги туфайли бой берилган кўринмас йўқотишлардир. Даволаш харажатлари айсбергнинг сув устидаги учи, холос.

Энди бу рақамни Иккинчи миллий дастурдаги мўлжал билан солиштириб кўрайлик. Давлат соғлиқни сақлашга ЯИМнинг 5 фоизини йўналтирмоқчи, касаллик эса 2016 йилнинг ўзидаёқ иқтисодиётдан деярли шунча улушни жимгина тортиб олган. Демак, жамият касаллик учун барибир ҳақ тўлайди. Фақат бу ҳақ бой берилган меҳнат, йўқотилган даромад ва вақтидан олдин узилган умрлар билан тўланади.

Олтмиш тўрт баробар қайтадиган сармоя

Худди шу таҳлилда энг ибратли хулоса ҳам бор. Мутахассислар профилактика чораларига сарфланадиган ҳар бир сўм қанча бўлиб қайтишини ҳисоблаб чиққан. Овқатдаги туз миқдорини камайтиришга йўналтирилган бир сўм беш йилда 8,3 сўм, ўн беш йилда эса 64,8 сўм иқтисодий самара бериши аниқланган. Тамаки истеъмолини камайтириш чоралари ўн беш йилда ҳар бир сўмга 13 сўм, жисмоний фаолликни тарғиб қилиш эса 9,6 сўм наф келтириши ҳисобланган.

Нега айнан туз? Чунки 2014 йилги текширувга кўра, юртимизда катталарнинг кунлик туз истеъмоли тахминан 14,9 граммни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсия этган 5 граммдан қарийб уч баробар кўп.

Таққослаш учун, юрак ва қон томир касалликлари ҳамда диабетни даволашга қаратилган клиник чораларда ҳар бир сўм ўн беш йилда бир сўмга ҳам етмайдиган иқтисодий самара беради. Албатта, бу даволашнинг қадрини асло камайтирмайди, чунки инсон ҳаётини сақлаш ҳар қандай ҳисобдан устун. Аммо иқтисодий мантиқ равшан. Касаллик бошлангунга қадар киритилган сармоя ундан кейин сарфланадиган маблағдан бир неча баробар самаралироқ.

Ҳамён ҳам касал бўлмасин

Касалликнинг яна бир кўринмас қурбони оила бюджети. ЖССТ ва Соғлиқни сақлаш тизимлари ва сиёсати бўйича Европа обсерваторияси 2022 йилда эълон қилган шарҳда юртимизда соғлиқ учун сарфланаётган жами маблағнинг ярмидан кўпи аҳолининг ўз чўнтагидан тўланаётганлиги қайд этилган. 2018 йилги маълумотларга асосланган Жаҳон банки таҳлилига кўра эса энг кам таъминланган қатламдаги оилаларнинг тахминан 7 фоизи жами харажатларининг чорагидан кўпини даволанишга сарфлашга мажбур бўлган.

Тиббий суғуртанинг асл маъноси ҳам шунда. Суғурта касаллик хавфини бир оила елкасидан олиб, бутун жамиятга тақсимлайди. Соғлом пайтда ҳамма бир қозонга ҳисса қўшади, бетоб бўлганда эса шу қозондан даво олади. Юртимизда давлат тиббий суғуртаси механизмлари Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарори асосида дастлаб Сирдарё вилоятида жорий этилган, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этила бошланган. Иккинчи миллий дастур эса бу ҳимояни ҳар бир хонадонга етказишни кўзлайди.

Оила ҳамёни учун яна бир хушхабар бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июндаги 382-сон қарори билан бирламчи бўғинда давлат бюджети ҳисобидан кўрсатиладиган кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмлари тасдиқланган. Ҳозир шу доирада амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда. Уларнинг сони 2027 йилдан 73 тага, текширувлар тури эса 36 тага етказилади.

Шифокорингиз сизни исмингиздан биладими?

Профилактиканинг асосий майдони маҳалладаги оилавий поликлиника ҳисобланади. Қон босими кўтарила бошлаган ёки қондаги қанд миқдори ошаётган инсонни касаллик асоратга айланмасдан олдин айнан оилавий шифокор аниқлай олади. Давлатимиз раҳбари 2026 йил 27 октябрда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказган учрашувда бу ҳақда шундай деди: “Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади”.

Учрашувда маълум қилинишича, 28 та туманда бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги модели синовдан ўтказилиб, 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга шахсан бириктирилган. Янги лабораториялар очилган, шифокор ва ҳамширалар ўқитилган, беморнинг текширувдан ўтиш ва тиббий ёрдам олиш тартиби аниқ белгиланган. Бу модель 2027 йилдан яна 100 та туманда жорий этилади.

Карелия мўъжизаси. Бу ёндашувнинг кучини Финляндиянинг Шимолий Карелия вилояти исботлаган. Ўтган асрнинг 70 йиллари бошида бу ерда юрак ишемик касаллигидан ўлим дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири эди. Муаммога қарши 1972 йилда бошланган лойиҳада тиббиёт марказлари, мактаблар, жамоат ташкилотлари ва озиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар бир мақсад сари бирлашди. Ҳамширалар аҳолининг қон босимини мунтазам ўлчаб борди, уй бекалари уюшмаси қишлоқларда 344 марта “узоқ умр кечаси” ўтказди, корхоналар эса туз ва ёғ миқдори кам маҳсулотлар чиқара бошлади. Натижада 2012 йилгача меҳнатга лаёқатли ёшдаги эркаклар орасида бу касалликдан ўлим 82 фоизга, аёллар орасида эса 84 фоизга камайди. Олимлар бу пасайишнинг қарийб учдан икки қисмини хавф омиллари камайганлиги билан изоҳлайди.

Қоғоз карточкадан сунъий интеллектгача

Профилактика аниқ маълумотга таянади. Шифокор беморнинг аввалги таҳлиллари, ичаётган дорилари ва хавф омилларини бир қарашда кўра олиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2026 йил 27 октябрдаги мажлисида тиббиётда рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирининг ахбороти масаласи кўриб чиқилди.

Мажлисда келтирилган маълумотларга кўра, тизимда 20 дан ортиқ функционал модуль ва рақамли хизмат жорий этилган. Бугунги кунда 4 мингта давлат тиббиёт ташкилоти, 6 мингта хусусий клиника, 11 мингта дорихона ва 38 миллиондан ортиқ фуқаро рақамли тизимлар билан қамраб олинган. Шунингдек, 44 миллиондан зиёд лаборатория таҳлили рақамли шаклга ўтказилган, муассасалар учун 96 минг 301 та компьютер ва 43 минг 520 та планшет харид қилинган.

Сунъий интеллект ҳам шифокорнинг ишончли ёрдамчисига айланиб бормоқда. Клиник қарорлар қабул қилишга кўмаклашадиган тизим орқали 6 мингдан ортиқ ҳолат таҳлил қилинган, шифокор ва бемор ўртасидаги 2,5 мингдан зиёд суҳбат эса автоматик равишда матнга айлантирилган. Бундан ташқари, 2026 йил якунигача кардиология ва маммологиядан тортиб гематологиягача бўлган олтита йўналишда сунъий интеллект тизимларини тўлиқ ёки синов тарзида ишга тушириш белгиланган.

Шу билан бирга, айрим муассасаларда замонавий компьютерлар ҳали ҳам етишмаётганлиги, ахборот тизимларини ўзаро боғлаш ишлари тўлиқ якунланмаганлиги ҳам эътироф этилди ва вазирнинг бу борадаги ахборотини эшитиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Зеро, тизимлар ўзаро тил топиша олмаса, энг қимматли маълумот ҳам профилактикага хизмат қилмайди.

Хулоса қилиб айтганда, соғлиқни сақлашга давлат харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш иқтисодий жиҳатдан энг оқилона танловдир. Фақат битта шарт бор. Ҳар бир сўм касалликнинг сабабига қарши йўналтирилгандагина кўп баробар бўлиб қайтади. Шундай экан, ислоҳот самарасини шифохонага муҳтож бўлмай яшаётган инсонлар сони билан ўлчаш вақти келди.

❝ Узоқ умрнинг энг арзон ва энг ишончли дориси эса вақтида кўрсатилган профилактик ёрдамдир. ❞

Гулбаҳор САИДОВА,
Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими