Ортга қайтиш Чоп этиш

СУКУТДАН МУРОЖААТГА

SUKUTDAN MUROJAATGA

МАҚОЛА

Отабек ФАЙЗУЛЛАЕВ

Отабек ФАЙЗУЛЛАЕВ
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Иш жойидаги тазйиққа қарши янги тизим нимани ўзгартиради?

Мажлисда ҳамма олдида камситилиш. Иш вақти тугагач ҳам тўхтамайдиган хабарлар. Раҳбарнинг “ҳазил” деб ўралган қўпол гаплари. Кўпчилик бунга “иш-да, шунақа бўлиб туради” деб қўл силтайди. Рақамлар эса бу масалага бунчалик енгил қараб бўлмаслигини кўрсатади.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Ллойдъс Регистер жамғармаси ва Галлуп компанияси 121 мамлакатда 75 мингга яқин ходим ўртасида ўтказган илк глобал сўров натижалари анча жиддий. Сўровда иштирок этганларнинг қарийб 23 фоизи, яъни ҳар беш кишидан биридан кўпроғи меҳнат фаолияти давомида камида бир марта зўравонлик ёки тазйиққа учраган. Энг кўп учрайдигани руҳий босим (17,9 фоиз), ундан кейин жисмоний зўравонлик (8,5 фоиз) ва шаҳвоний шилқимлик (6,3 фоиз) туради.

Аммо сўровдаги энг оғир рақам бошқа. Жабрланганларнинг фақат ярмига яқини бўлган воқеани кимгадир айтган. Қолганлари буни “вақтни беҳуда сарфлаш” деб билган ёки обрўсидан хавотир олиб, индамай қўя қолган. Демак, расмий статистика айсбергнинг фақат сув устидаги қисмини кўрсатади.

Бу сукутнинг нархи эса жуда қиммат. ХМТнинг 2026-йил апрелида эълон қилинган ҳисоботига кўра, иш жойидаги психососиал хавфлар, жумладан безорилик ва тазйиқ, дунёда ҳар йили 840 мингдан ортиқ кишининг ўлими билан боғлиқ. Бу хавфларнинг иқтисодиётга етказадиган зарари глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1,37 фоизига тенг.

Нега ходимлар жим туради?

Чунки иш жойида куч тенг тақсимланмаган. Ишга олиш, мукофот, лавозимга кўтариш ёки ишдан бўшатиш ҳақида раҳбар қарор қилади, ходимнинг маоши эса айнан шу қарорларга боғлиқ. Жанубий Корея қонунчилиги иш жойидаги тазйиқни “лавозим ёки муносабатдаги устунликдан фойдаланиш” деб таърифлагани бежиз эмас.

Шундай шароитда шикоят қилишдан олдин ходим ўзига бир неча савол беради. Гапирсам, ўзимга зарар етмайдими? Бирор натижа чиқадими? Айбдор ҳақиқатан ҳам жавоб берадими? Шу саволлардан бирига ишончли жавоб топилмаса, ходимлар жим туришни афзал кўради.

Жанубий Кореяда 2026-йил июнида ўтказилган сўров буни яққол кўрсатди. Иштирокчиларнинг 32,1 фоизи сўнгги бир йилда тазйиққа учраганини айтган, уларнинг 55,1 фоизи эса ҳеч нарса қилмай чидаган. Сабаби сўралганда деярли ярми “барибир ҳеч нарса ўзгармайди” деб жавоб берган, 30,1 фоизи эса ишда зиён кўришдан қўрққан.

Бошқа мамлакатлардаги тадқиқотлар ҳам шунга ўхшаш манзарани кўрсатади. Европа Иттифоқида аёлларнинг тахминан учдан бири, ёш аёлларнинг эса бешдан икки қисми иш жойида шаҳвоний шилқимликка учраган, бироқ зўравонлик қурбонларининг саккиздан бири полицияга мурожаат қилган, холос. Австралияда сўнгги беш йилда ҳар уч ходимдан бири иш жойидаги шилқимликни бошдан кечирган, ҳолатларнинг фақат 18 фоизи ҳақида расман хабар берилган. Япониянинг 2023-молия йилидаги миллий сўровида ходимларнинг 19,3 фоизи лавозимдан фойдаланиб қилинган тазйиққа, 6,3 фоизи шаҳвоний шилқимликка дуч келган. Қозоғистон меҳнат вазирлиги ўтказган сўровда ходимларнинг 30 фоизи иш жойида шаҳвоний шилқимликка дуч келгани аниқланган.

Ўзбекистонда манзара қандай?

Бу мавзуда мамлакатимизда кенг кўламли тадқиқотлар ҳали кам. Улардан бири УНФПА ва Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети томонидан 23 та хусусий компаниядаги 1 303 нафар ходим иштирокида ўтказилган. Унда аёлларнинг 9 фоизи иш жойида шаҳвоний шилқимликка дуч келганини айтган.

Расмий рақамлар ҳам муаммо борлигини тасдиқлайди. Олий суд маълумотига кўра, 2025-йилнинг биринчи ярмида 986 киши шаҳвоний шилқимлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Шундан 358 нафарига жарима жазоси, 628 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Бироқ бу ҳолатларнинг қанчаси иш жойида содир бўлгани статистикада алоҳида кўрсатилмаган. Бошқача айтганда, муаммонинг айнан меҳнат жамоаларидаги кўлами ҳозирча номаълум.

Қонунчиликда ҳам бўшлиқлар бор эди. 2019-йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун фақат хотин-қизларни ҳимоя қилади. 2023-йилдан амалда бўлган Меҳнат кодекси эса камситишни тақиқласа-да, иш жойидаги тазйиққа бағишланган алоҳида модда мавжуд эмас.

Қарор нимани ўзгартиради?

Бу борада Президентимизнинг 2026-йил 21-сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-345-сон қарори муҳим бурилиш ясади. Ҳужжат 22-сентябрдан кучга кирган.

Қарор тўрт асосий вазифани белгилайди. Биринчиси, иш жойидаги тазйиқ, жинсий ва жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, таъқиб, камситиш ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш. Иккинчиси, мурожаатларни холис кўриб чиқиш ва бу жараённи рақамлаштириш. Учинчиси, мурожаатчининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш. Тўртинчиси, бундай ҳуқуқбузарликларни яширишга йўл қўймаслик.

Қарор билан тасдиқланган дастур аввал давлат органлари ва ташкилотларида, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар ҳамда уларнинг шўба ташкилотларида жорий этилади. Кейинчалик у босқичма-босқич мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона ва ташкилотларга ҳам кенгаяди.

Қарорда меҳнат интизомига оид муҳим тавсия ҳам бор. Давлат органларининг меҳнат жамоаларига ички меҳнат тартиби қоидаларида қонунда белгиланган тартибда аниқланган жинсий ёки жисмоний зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликни меҳнат мажбуриятларининг бир марталик қўпол бузилиши деб белгилаш тавсия этилган. Тазйиқ, руҳий босим, камситиш ва мурожаат қилгани учун таъқиб қилиш эса меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳоланади. Оддий қилиб айтганда, шилқимлик исботланса, битта ҳолатнинг ўзи ишдан бўшатишга асос бўлиши мумкин.

Қарор қоғозда қолиб кетмаслиги учун амалий қадамлар ҳам қўйилмоқда. 28-сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 518-сон қарори билан давлат органлари учун тартиб белгиланди, 15-октябрда эса Тошкентда миллий дастур расман бошланди. 14 та ҳудудда 700 нафар мураббий тайёрланиб, улар давлат ташкилотларининг кадрлар бўлими ва хавфсиз иш муҳити учун масъул 35 минг нафар ходимини ўқитади.

Шикоят энди раҳбарнинг столига тушмайди

Қарорнинг энг кўзга ташланадиган янгилиги “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот порталидир. У 2026-йил 1-декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ахборот тизимларида ишга туширилиши керак. Ходим мурожаатини унга онлайн тарзда юборади.

Порталнинг асосий кучи шундаки, агар шикоят порталга масъул ходимнинг ўзи, унинг бевосита раҳбари ёки ташкилот мансабдорлари устидан бўлса, тизим уни автоматик равишда юқори турувчи органга йўналтиради. Яъни шикоят айбланаётган одамнинг қўлига тушмайди. Иш жойидаги тазйиқнинг асосий илдизи бўлган куч тенгсизлиги шу тарзда техник ечим билан юмшатилади.

Бундан ташқари, порталдаги ёзувларни ўчириб бўлмайди. Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор ҳолатлар “112” ягона навбатчилик хизмати орқали ваколатли органларга узатилади. Бошқарув самарадорлиги агентлиги эса мониторинг натижаларига кўра кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиши мумкин. Нодавлат ташкилотлар учун шунга ўхшаш имконият dmi.mehnat.uz тизимида яратилади.

Дунё тажрибаси нима дейди?

Ривожланган давлатлар аллақачон бир хулосага келган. Жабрланувчи судга боришини кутиб ўтириш етарли эмас, иш берувчининг ўзи муаммонинг олдини олиши шарт.

Буюк Британияда 2024-йил октябридан иш берувчи шаҳвоний шилқимликнинг олдини олиш учун оқилона чоралар кўришга мажбур. Бу талаб бажарилмаса, трибунал ходимга тўланадиган компенсацияни 25 фоизгача ошириши мумкин. 2026-йил 30-октябрдан эса талаб янада кучаяди: энди “барча оқилона чоралар” кўрилиши керак, иш берувчи эса мижозлар каби учинчи шахслар томонидан содир этилган шилқимлик учун ҳам жавоб беради.

Франсияда 2019-йилдан бери 250 ва ундан ортиқ ходими бор ҳар бир корхонада шилқимликка қарши кураш бўйича алоҳида масъул шахс тайинланади, шаҳвоний шилқимлик учун эса икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 30 минг евро жарима назарда тутилган. Канадада иш берувчи хабарни олганидан кейин етти кун ичида мурожаатчи билан боғланиши ва бутун жараённи бир йил ичида якунлаши шарт. АҚШда эса 2022-йилдан буён низо бошланишидан олдин имзолатилган “сир сақлаш” бандлари шилқимлик бўйича ишларда судда кучга эга эмас.

Бироқ хориж тажрибасида огоҳлантирувчи вазиятлар ҳам бор. Масалан, Жанубий Кореяда меҳнат вазирлигига келган тазйиқ ҳақидаги хабарлар беш йилда 5 823 тадан 16 373 тага, яъни қарийб уч баравар кўпайган. Лекин бу хабарларнинг атиги 1,4 фоизи жарима билан якунланган. Шикоят учун эшик очилгани билан уни кўриб чиқадиган малакали мутахассислар етишмаса, ишонч тезда сўнади.

Ҳали жавоб кутаётган саволлар

Аввало, махфийлик. Рақамли портал жуда нозик маълумотларни бир жойга тўплайди. Ким, қачон ва қайси маълумотни кўргани қайд этиб борилмаса, хавф сақланиб қолади. Кичик жамоаларда эса бошқа муаммо бор. Икки-уч кишилик бўлимда исм-шариф ёзилмаган “аноним” шикоят ҳам кимдан келгани дарров билиниб қолади.

Яна бир масала, мурожаатни кўриб чиқиш муддатлари ва текширувчининг малакаси. Қарорда бу тафсилотлар кейинчалик ишлаб чиқиладиган тартиб ва намунавий методикага қолдирилган. Аниқ муддатлар ва мустақил текширувчи талаби белгиланмаса, портал шунчаки яна бир электрон почта қутисига айланиб қолиши мумкин.

Ниҳоят, қонунчилик. Меҳнат кодексида иш жойидаги тазйиқнинг жинсидан қатъи назар барча ходимларга татбиқ этиладиган таърифи, иш берувчининг профилактик мажбурияти ва шикоятчидан ўч олганлик учун алоҳида жавобгарлик ҳали йўқ. Меҳнат интизомига оид қоида ҳам мажбурий норма эмас, тавсия кўринишида. Шунга қарамай, қонунчилик бир жойда тургани йўқ. 2026-йил сентябрида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам, жумладан ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш бўйича ишларда ҳам ёрдам кўрсатиш жорий этилди. 14-октябрда имзоланган қонун билан эса шаҳвоний шилқимлик учун жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 2–5 бараваридан 10–15 бараваригача, маъмурий қамоқ муддати эса 5 суткадан 10 суткагача оширилди.

Бу қарор Ўзбекистон учун нега муҳим?

Бир қарашда бу ҳар бир жамоанинг ички ишидек туюлиши мумкин. Аслида эса ПҚ-345 мамлакат учун бир неча жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

Аввало, бу иқтисодиёт масаласи. Тазйиқ муҳитида ишлаётган ходим касалланади, ишдан кетади, энг яхши кадрлар эса ўзини ҳурмат қиладиган жойни қидиради. Аҳолисининг катта қисми ёшлар бўлган, меҳнат бозори тез ўсаётган Ўзбекистон учун бундай йўқотиш ўта қимматга тушади.

Қолаверса, бу хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги ўрни билан бевосита боғлиқ. Сўнгги йилларда Ўзбекистон бу йўналишда сезиларли натижаларга эришди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ 2026” тадқиқотида мамлакат 82,1 балл билан бир йўла 43 поғона юқорилаб, 190 давлат орасида 48-ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, бу давлат ва фуқаро ўртасидаги ишонч масаласи. Қарор орқали давлат ўзини намунали иш берувчи сифатида кўрсатмоқда. Янги қоидани аввал ўз тизимида синаб, сўнг хусусий секторга кенгайтирмоқда. Агар портал ишласа ва шикоятлар ҳақиқатан натижа берса, одамларнинг давлат институтларига ишончи мустаҳкамланади.

ХМТнинг ишдаги зўравонлик ва тазйиқ тўғрисидаги 190-сон конвенсиясини 2026-йил май ҳолатига кўра 56 давлат ратификация қилган. ПҚ-345 қарорида Ўзбекистоннинг ушбу конвенсияга қўшилиш масаласини кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган. Шу маънода қарор бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўла олади. Ходимлар ҳуқуқи ҳимояланган мамлакат инвестор учун ҳам ишончли ҳамкор ҳисобланади.

Албатта, қарорнинг ҳақиқий натижаси порталнинг техник имкониятлари билан эмас, одамлар унга ишонадими-йўқми, шу билан ўлчанади. Ҳурматга асосланган иш муҳити бир кунда, битта ҳужжат билан пайдо бўлмайди. У жим туриш хавфли, гапириш эса хавфсиз бўлган жойда шаклланади.

❝ ПҚ-345 айнан шундай муҳит сари қўйилган жиддий қадамдир. Энди гап уни ҳар бир идора ва ҳар бир жамоада ҳаётга татбиқ этишда. ❞

Отабек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими