МАҚОЛА

Ойбек ҚЎШБОҚОВ
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
Вилоят илк бор мустақил халқаро кредит рейтингига эга бўлди
Янги Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос салоҳиятини тўлиқ ишга солиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу саъйҳаракатлар натижалари энди халқаро молия ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги 2026 йил 16 октябрда Жиззах вилоятига хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингларини “ББ−” даражасида берди, прогноз “Барқарор”. Вилоят тарихида илк бор мустақил халқаро кредит баҳосини олди.
Халқаро кредит рейтинги ҳудуднинг молиявий ҳолати, мажбуриятларини ўз вақтида бажара олиш қобилияти ва иқтисодий барқарорлигига мустақил агентлик томонидан берилган баҳодир. Хорижий инвестор бирор ҳудудга маблағ киритишдан олдин, аввало, мана шу кўрсаткичларга эътибор қаратади. Шу маънода, Fitch баҳоси Жиззахнинг жаҳон миқёсидаги ўзига хос “ташриф қоғози” вазифасини ўтайди.
Вилоят рейтинги мамлакатимиз суверен рейтинги билан узвий боғлиқ. Fitch 2026 йил 3 июнда Ўзбекистоннинг суверен рейтингини “ББ” даражасида тасдиқлаб, прогнозини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирган эди. Агентлик бунда ислоҳотлар изчиллиги, бюджет тақчиллиги режадагидан камлиги, инфляция пасайиши ва халқаро захиралар ўсишини асосий омил сифатида кўрсатган. Халқаро амалиётда ҳудудий ҳокимият органлари рейтинги одатда давлат рейтингидан юқори бўлмайди. Жиззахнинг суверен даражадан бир поғона пастда туриши табиий ва асосли натижадир.
Эътиборли жиҳати, агентлик вилоятнинг молиявий профилини “АА” деб баҳолаган. Fitch методологиясида бу кўрсаткич ҳудуд қарз юкининг жорий даромадларга нисбатан қанчалик енгиллигини акс эттиради. “АА” эса шкаланинг юқори поғоналаридан бири. Демак, вилоят молияси бугун мустаҳкам асосга эга.
Fitch таҳлилчилари Жиззах иқтисодиёти республика ўртача кўрсаткичидан тезроқ ўсаётганини қайд этган. Расмий статистика ҳам буни тасдиқлайди. 2025 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,2 фоиз ўсиб, Наманган вилояти билан бирга мамлакатдаги учинчи энг юқори натижани кўрсатди. Шу даврда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоиз ўсган.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2026 йил 30 январда ўтказилган йиғилишда вилоятда сўнгги йилларда эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинди. Унда қайд этилишича, саноатнинг ҳудуд иқтисодиётидаги улуши 9,1 фоиздан 18,8 фоизга ошган, қишлоқ хўжалиги улуши эса 50 фоиздан 36 фоизга тушган. Саноат ишлаб чиқариши 1,9 баробар, хизматлар 1,6 баробар, экспорт 1,8 баробар ўсган. Вилоятга 1,4 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, экспортчи корхоналар сони 160 тага етган.
Энг муҳими, ислоҳотлар самараси одамлар ҳаётида ўз аксини топмоқда. Мазкур даврда ишсизлик даражаси 4,9 фоиз бандга, камбағаллик 5,8 фоиз бандга қисқарган. Бу рақамлар ортида янги иш ўринлари, барқарор даромад манбаига эга бўлган минглаб оилалар турибди.
Президентимизнинг 2026 йил 30 январдаги “2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори вилоят тараққиётининг янги босқичини белгилаб берди. Ҳужжатга кўра, икки йил давомида ялпи ҳудудий маҳсулотни йилига ўртача 8,5 фоиз, саноат ишлаб чиқаришини 7,8 фоиз, бозор хизматларини 13,2 фоиз ўстириш кўзда тутилган. 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, 2026 йилда экспорт ҳажми 500 миллион долларга етказилади.
Қарор доирасида умумий қиймати қарийб 2,56 миллиард долларлик 99 та лойиҳа амалга оширилади. Улардан 39 таси тоғли, 60 таси чўл ҳудудларда жойлашган. Автомобиль саноати кооперацияси асосида камида 200 турдаги автокомпонент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани оралиғида Янги Жиззах шаҳарчаси ҳамда 10 километрли ҳалқа йўл барпо этилади.
Ижтимоий йўналишдаги вазифалар ҳам аниқ белгиланган. 2026 йилда вилоятда ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағалликни 2,8 фоизга тушириш, Жиззах шаҳри ва олтита туманни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Чекка маҳаллаларда ижтимоий объектлар, йўллар, ичимлик сув ва канализация тармоқларини ривожлантириш учун 2026-2027 йилларда 40 миллион доллар эквивалентидаги маблағ йўналтирилади.
Халқаро рейтинг ҳудудга тўғридан тўғри сармоя олиб келмайди, аммо инвесторлар учун ишонч эшигини очади. Энди Жиззахнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумот халқаро молия институтлари, хорижий компаниялар ва банклар учун умумэътироф этилган тилда тақдим қилинмоқда. Бу йирик инвестиция лойиҳалари бўйича музокараларда вилоятнинг мавқеини мустаҳкамлайди.
Рейтинг ҳудудга янги масъулият ҳам юклайди. Агентлик баҳони мунтазам қайта кўриб чиқади. Эришилган даражани сақлаш ва келгусида ошириш учун маҳаллий бюджет шаффофлигини таъминлаш, маблағлардан самарали фойдаланиш ва қарз олишда қатъий интизомга амал қилиш талаб этилади. Мамлакатимиз суверен рейтинги ошган тақдирда вилоят учун ҳам юқорига ҳаракатланиш имконияти пайдо бўлади.
Жиззахнинг халқаро кредит рейтингини олгани юртимиздаги ҳудудий ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Узоқ йиллар аграр вилоят сифатида танилган ҳудуд бугун саноат, экспорт ва инвестициялар марказларидан биридир.
❝ Энди асосий вазифа халқаро ишончни янги инвестициялар, янги иш ўринлари ва аҳоли турмуш фаровонлигига айлантиришдан иборат. ❞
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси, № 223 (1822), 2026 йил 28 октябрь, чоршанба