Ортга қайтиш Чоп этиш

Ҳар бир кўчмас мулк объекти учун ягона кадастр калити жорий этилмоқда

Ҳар бир кўчмас мулк объекти учун ягона кадастр калити жорий этилмоқда

Мексика Сенати 2026 йил 14 октябрь куни “Кадастр ва реестр тизимларини мустаҳкамлаш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги умумий қонунни маъқуллади.

Қонун Федерация, штатлар ва муниципалитетлар ўртасидаги ҳамкорлик асосларини белгилаб, кадастрлар ҳамда мулк бўйича давлат реестрларини модернизациялаш, уйғунлаштириш ва уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашини таъминлашга қаратилган.

Қонун билан қуйидагилар жорий этилади:

  • Ягона кадастр калити – мамлакатдаги ҳар бир кўчмас мулк объекти учун такрорланмайдиган идентификатор бўлиб, у Мулк бўйича давлат реестридаги объект ёзуви билан боғланади;
  • Ягона кадастр ва реестр гувоҳномаси – кўчмас мулк объектини идентификациялаш ва жойлашувини аниқлаш учун зарур маълумотларни жамлаб, кадастр ва реестр маълумотларини ўзаро боғлайдиган ҳужжат;
  • Миллий кадастр режаси – тизимлар, картография ва маъмурий жараёнларни модернизациялашни мувофиқлаштиришга қаратилган умуммиллий йўналишлар ва чора-тадбирлар;
  • кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирадиган, геореференцияланган хариталарни тақдим этадиган ҳамда онлайн хизматлар ва электрон тўловларни қўллаб-қувватлайдиган рақамли платформалар.

Қонунга кўра, Аграр, ҳудудий ва шаҳарсозлик ривожланиши вазирлиги кадастр ва реестр соҳасидаги ваколатли орган сифатида Миллий статистика ва география институти билан ҳамкорликда фаолият юритади. Ягона кадастр калити ва гувоҳномаси бўйича йўриқномалар Аграр, ҳудудий ва шаҳарсозлик ривожланиши вазирлиги ҳамда Рақамли трансформация ва телекоммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилади. Агентлик технологик воситаларни яратиш ва бошқариш, шунингдек, кадастр ва реестр тизимларини стандартлаштириш мезонларини белгилаш учун ҳам масъул бўлади.

Муҳокамалар чоғида ҳукмрон коалиция вакиллари қонун янги солиқлар жорий этмаслиги ва кўчмас мулк солиғи ставкаларини оширмаслигини, ушбу солиқни ундириш штатлар ва муниципалитетлар ваколатида қолишини таъкидлади. Мухолифат вакиллари эса кадастр қийматларининг янгиланиши айрим мулкдорлар учун солиқ базасини ошириши, муниципалитетларга қўшимча маъмурий ва технологик харажатлар юклаши ҳамда маълумотларнинг бир жойда жамланиши билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистон учун долзарблиги

Мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш 2022 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ–803-сон “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, кадастр рақами ер участкаси, бино ёки иншоотнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида такрорланмайдиган индивидуал рақами бўлиб, у объект шакллантирилганда берилади ва объект ягона ҳуқуқ объекти сифатида мавжуд бўлган даврда сақланиб қолади. Кадастр паспорти эса объект тўғрисидаги умумий маълумотлар ва унинг кадастр рақамини ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланади.

Демак, Мексикада жорий этилаётган ягона кадастр калитига ўхшаш институт мамлакатимизда амалда мавжуд. Шу билан бирга, Мексика тажрибасидаги кадастр ва реестр маълумотларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, геореференцияланган рақамли платформаларни ривожлантириш ҳамда маълумотлар муҳофазасига оид ёндашувлар кадастр тизимини янада такомиллаштиришда ўрганилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда кўчмас мулк объектларини ягона идентификатор асосида ҳисобга олиш тизими мавжудлиги сабабли, бу борада қонунчиликни Мексика ёндашуви бўйича қайта кўриб чиқиш зарурати йўқ, деган хулосага келиш мумкин.