
Германия Бундестагининг Рақамлаштириш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш қўмитаси 14 октябрда Федерал ҳукумат киритган “Рақамли идентификация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини (Digitale Identitätengesetz – DIdG) ўзгартиришлар билан маъқуллади. 15 октябрда Бундестаг ҳужжатни иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди.
Қонун Европа Иттифоқининг электрон идентификация, аутентификация ва электрон операциялар учун ишончли хизматлар тўғрисидаги регламенти – eIDAS регламентини Германияда амалга ошириш учун миллий ҳуқуқий асос яратади. Германиянинг “d-you” рақамли ҳамёни 2027 йил 2 январдан ишга туширилиши режалаштирилган. Ундан фойдаланиш ихтиёрий бўлиб, амалдаги идентификация воситалари сақланади ва ҳамёндан фойдаланмаган шахс камситилмаслиги керак.
Фуқаро смартфон орқали шахсини тасдиқлаши, электрон ҳужжат ва тасдиқланган маълумотларни сақлаши, уларни давлат ва хусусий хизматларга тақдим этиши мумкин. Тизимнинг асосий тамойили – фақат хизмат учун зарур маълумотни тақдим этиш. Масалан, туғилган санани ёки манзилни ошкор қилмасдан, фақат белгиланган ёшга етганликни тасдиқлаш мумкин. Ҳамён электрон имзо ва электрон муҳр функцияларини ҳам қўллаб-қувватлайди.
Қонун ҳамёнда сақланадиган ҳужжатларнинг қатъий рўйхатини белгиламайди. У ваколатли манбалар берадиган электрон атрибутлар учун умумий асос яратади; ҳайдовчилик гувоҳномаси, диплом ва бошқа ҳужжатлар кейинчалик босқичма-босқич киритилиши мумкин. Шу сабаб уларни дастлабки ишга тушириш санасиданоқ кафолатланган функция сифатида талқин қилиш тўғри эмас.
Ваколатлар турли органлар ўртасида ажратилган. Федерал маъмурий идора ҳамён орқали маълумот сўрайдиган давлат ва хусусий ташкилотларни рўйхатдан ўтказади. Ахборот технологиялари хавфсизлиги бўйича федерал идора (BSI) сертификатлаш ва хавфсизлик чораларига, Федерал тармоқ агентлиги эса ҳамёнлар ва уларни тақдим этувчилар устидан назоратга масъул. Хавфсизлик бузилганда фойдаланувчиларни хабардор қилиш, зарар кўрган ҳамённи вақтинча тўхтатиш ёки сертификатини бекор қилиш чоралари қўлланиши мумкин.
Парламент муҳокамасида фуқаролар ҳуқуқларини кучайтирувчи ўзгартишлар киритилди: онлайн идентификациядан 13 ёшдан фойдаланиш, биометрик суратни киритишдан воз кечиш ва давлат органларининг рақамли тасдиқномаларни ҳамён орқали тақдим этишга тайёрланиш муддатини 24 ойдан 12 ойга қисқартириш назарда тутилди. Псевдоним функцияси дастлабки ишга тушириш санасига тайёр бўлмаслиги мумкинлиги сабабли Бундестаг уни имкон қадар тез жорий этишни талаб қилди. Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, маъмурий жараёнлар қисқариши йиллик ижро юкини тахминан 121,7 миллион еврога, фуқаролар сарфлайдиган вақтни эса йилига 3,9 миллион соатга камайтириши мумкин.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистонда электрон давлат хизматларида шахсни тасдиқлаш учун Ягона идентификация тизими (OneID) ва Мобил идентификация тизими (Mobile-ID) амал қилади. Шу сабаб электрон идентификациянинг ҳуқуқий ва техник асослари мавжуд. Германия моделининг фарқли томони у фақат давлат порталига кириш воситасини эмас, фуқаронинг ўзи бошқарадиган ва давлат ҳамда хусусий хизматларда ишлайдиган рақамли ҳужжатлар ҳамёнини яратади.
Германия тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам OneID ва Mobile-IDни ривожлантиришда фойдаланишнинг ихтиёрийлиги ва камситмаслик, маълумотни минимал тақдим этиш, маълумот сўровчи ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш, фуқарога унинг маълумотини ким ва қачон сўраганини кўриш ҳуқуқини бериш, сертификатлаш ва назорат ваколатларини ажратиш ҳамда хавфсизлик ҳодисаларида аниқ чораларни белгилаш мумкин.
Шунингдек, рақамли ҳамён орқали маълумот сўрайдиган банклар, мобил операторлар ва бошқа ташкилотлар учун мажбурий рўйхатдан ўтиш тартиби, сўров мақсади ва сўраладиган маълумотлар рўйхатини олдиндан кўрсатиш, заруридан ортиқ маълумот сўрашни тақиқлаш, фуқарога сўровлар журналини кўриш имконини бериш ҳамда қоидабузарлик учун жавобгарликни белгилаш масаласини ўрганиш мақсадга мувофиқ.