



Бугун, 23 октябрь куни Парламент тадқиқотлари институтида“Сайловчи ишончи – депутат масъулияти: очиқлик, ҳисобдорлик ва мулоқот маданияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Тадбирни Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори Акром Тошпулатов очиб берди. У депутат ва сайловчи ўртасидаги ишонч парламентаризм ривожининг мустаҳкам пойдевори эканлигини, бу ишонч эса очиқлик ва мунтазам ҳисобдорлик орқали шаклланишини таъкидлаб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитасининг аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Шуҳрат Якубов ўз маърузасини аралаш сайлов тизимида депутатнинг сайловчи олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги масаласига бағишлади. Маърузачи бундай тизимда депутат ҳам сайловчилар, ҳам партия олдида масъулият олишини алоҳида қайд этди.
Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Дилафруз Суфиева депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти мавзусида сўз юритди. Маърузачи фуқаролар мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва округдаги долзарб муаммоларни қонун ижодкорлигига олиб чиқиш депутат фаолияти самарадорлигининг асосий мезони эканлиги ҳақида сўз юритди.

Муҳокама чоғида сиёсий партиялар масъулияти, мурожаатлар билан ишлаш маданияти ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот масалалари кенг таҳлил қилинди. Иштирокчилар сайловчилар билан учрашувларни мунтазам ўтказиш ҳамда рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий таклифларни илгари сурди.
Тадбир якунида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Институтнинг таҳлилий материалларида инобатга олиниши қайд этилди. Бундай мулоқотлар илм ва амалиётни яқинлаштириб, сайловчи билан депутат ўртасидаги ўзаро ишонч кўпригини янада мустаҳкамлайди.